Ўзбекистон | 11:53 / 27.06.2019
14363
4 дақиқада ўқилади

Халқаро наркотикларга қарши кураш куни: гиёҳвандлик факт ва рақамларда

26 ноябрь ─ Халқаро наркотикларга қарши кураш куни муносабати билан БМТнинг Наркотик ва жиноятга қарши кураш бўйича Марказий Осиёдага ваколатхонасида матбуот анжумани ташкил этилди. Анжуманда дунё бўйича наркотик моддалар ва гиёҳвандликка оид статистик маълумотлар тақдим этилди.

БМТнинг Наркотик ва жиноятга қарши кураш бўйича Марказий Осиёдаги вакили вазифасини бажарувчи Ботир Келдиевнинг маълумот беришича, 2017 йилда 15-64 ёш оралиғидаги 271 миллион киши, яъни дунё аҳолисининг 5,5 фоизи наркотик модда истеъмол қилган. Шулардан 35,3 миллиони наркотик истеъмолининг оғир оқибатларидан азият чекмоқда (2016 йилда бу кўрсаткич 30,5 миллион бўлган).

Таъкидланишича, 2017 йил ҳолатига кўра, Ўзбекистонда наркотик моддаларнинг қабул қилиниши: опиоидлар ─ 51,8 фоиз, каннабис ─ 32,3 фоиз, синтетик дори воситалари ─ кўрсатилмаган, полинаркомания ─ 11,0 фоиз, бошқа турдаги моддалар ─ 15, 8 фоиз.

Бутун дунё бўйича гиёҳвандликнинг умумий кўрсатикичидан 11 миллиони инъекция (укол) орқали амалга оширилади. Инъекция орқали наркотик қабул қилиш натижасидаги ОИВ инфекцияси ва С гепатити билан оғриганлар умумий гиёҳвандларнинг 20,9 фоизини ташкил этади (2011 йил маълумоти).

2018 йилда дунё бўйича умумий ҳисобда 345,800 гектар ерга опиатлар экилиб, 7,790 тонна маҳсулот олинган. Етиштирилган опиатларнинг 82 фоизи (6,400 тонна) Афғонистон ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, 2017 йилда бутун дунё бўйича 492 турдаги наркотик моддалари қайд этилган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш бўйича ахборот-таҳлил миллий маркази мутахассиси Азизбек Эркабоев баёнотига кўра, Афғонистондан наркотик моддалар асосан икки йўналишда: шимолий ва Болқон йўли орқали ўтади. Шимолий йўналиш Ўзбекистон орқали (Сурхондарё вилояти, Тошкент шаҳри, водийнинг бир қисми) орқали ҳам ўтади.

2018 йилда Ўзбекистонда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан наркотик билан боғлиқ 4779та жиноят аниқланган.Уларнинг 1626таси наркотик моддаларни олиб ўтиш, 171таси контрабанда, 1238таси гиёҳванд моддаларни етиштириш, 66таси бевосита хилватхоналардаги савдо билан боғлиқ. Ўзбекистонда 2018 йилда наркомания натижасида диспансерларда даволанганлар сони 6142 нафарни ташкил этган.

«Марказий Осиё ҳудуди гиёҳванд моддалар айланмаси учун транзит нуқталар кесишмаси ҳисобланади. Шунинг учун бу ерда хавф эҳтимоли юқори. Гиёҳванд моддалардан зарарланган, ОИВ ва С гепатитини орттирган одамлар учун тиббий ёрдамни қулай ва камхарж қилишга эътибор қаратишимиз керак. БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларида ҳам саломатлик ва фаровон ҳаётга эришиш кўрсатилган, бунинг учун эса биринчи навбатда гиёҳванд моддалардан холилик талаб этилади. БМТнинг 2030 йилгача ривожланиш кун тартибида «Ҳеч ким ортда қолмаслиги керак»  шиори амал қилади. Шу нуқтаи назардан гиёҳванд моддалар қурбони бўлган шахсларнинг ҳам ҳар бирига ёрам кўрсатилиши лозим» , ─ дейди БМТнинг Наркотик ва жиноятга қарши кураш бўйича Марказий Осиёдаги вакили Ашита Миттал.

Бу йилги наркотикка қарши кураш дастури «Саломатлик учун адолат, адолат учун саломатлик»  шиори остида ўтмоқда.

Мавзуга оид