Тошкент халқаро аэропортида дори савдоси билан шуғулланувчи шахс қўлга олинди
Тошкент халқаро аэропортида дори савдоси билан шуғулланувчи шахс яна қўлга олинди ва унга нисбатан жиноий иш очилди.
«Тошкент халқаро аэропортида «Деҳли-Тошкент» йўналишидаги 424-сонли рейс билан келган йўловчиларни божхона назоратидан ўтказиш вақтида, «қизил» йўлак орқали ҳаракатланган Ф.З. исмли шахсга тегишли бўлган қўл юки ва багажларининг рентген тасвири божхона ходимлари эътиборини тортди.
Шундан сўнг ушбу йўловчига тегишли бўлган юклари белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганида, унинг йўл сумкаси ичидаги кийимлар орасига божхона назоратидан яшириб жойлаштирилган қиймати 98 млн. сўмлик 200 дона «Model Cu 375» ёзувли тиббий восита ҳамда 700 дона конвалютада «MI-KIT Mifepristone 200 mg» ёзувли дори воситалари борлиги ва қайта сотиш мақсадида олиб келаётгани аниқланган. Лекин, ушбу дори воситаларини на йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатган, на божхона ходимининг оғзаки сўровида маълум қилган.
Олиб борилган текширув давомида ушбу шахс муқаддам яъни 2019 йил апрель ойида ҳам Тошкент халқаро аэропортида «Деҳли-Тошкент» йўналишидаги рейс орқали қиймати 74,2 млн. сўмлик «MI-KIT Mifepristone 200 mg» ёзувли дориларни совун қутилари ичига яшириб олиб ўтмоқчи бўлганида божхона ходимлари томонидан ушлангани маълум бўлди. Натижада ушбу шахс суд томонидан маъмурий жавобгарликка тортилиб, унга нисбатан 1 млн. сўм жарима жазоси тайинланган эди.
Афсуски, берилган ушбу жазодан тўғри хулоса чиқармаган ушбу шахс такроран яна шундай ҳуқуқбузарликка қўл урди.
Амалдаги қонунчилик нормаларида товарлар ва транспорт воситаларини кўп миқдорда қонунга хилоф равишда божхона чегарасидан ўтказганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахс маъмурий жазо қўлланганидан сўнг бир йил давомида яна айнан шундай ҳуқуқбузарликни кўп миқдорда содир этганда жиноий жавобгарликка тортилиши кўрсатиб ўтилган.
Шундан келиб чиқиб, мазкур ҳолат юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 182-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди», дейилади Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Давлат божхона органлари томонидан жорий йилнинг 5 ойи давомида 226та ҳолатда қиймати 7,6 млрд. сўмлик дори воситалари ва тиббиёт буюмларини республикамиз худудига ноқонуний равишда кириб келиши ҳамда муомалага киритилиши олди олинган.
Мавзуга оид
16:02 / 26.04.2022
Давлат божхона қўмитаси раисига янги ўринбосар тайинланди
21:04 / 10.04.2022
Тошкентда қалбаки 6900 долларни сотмоқчи бўлган гуруҳ қўлга олинди
20:37 / 18.11.2021
Акмалхўжа Мавлонов расман Давлат божхона қўмитаси раиси лавозимига тайинланди
15:59 / 18.11.2021