Жаҳон | 21:20 / 29.06.2019
18709
3 дақиқада ўқилади

Йил бўйи бепул иссиқлик, мева ва тоза ҳаво: швециялик оила уйини қуршаб олган иссиқхона қуришига нима сабаб бўлди

Швециялик жуфтлик Мари Гранмар ва Чарльз Сакилотто уйи атрофида ҳаттоки совуқ ҳавода иссиқликни сақлаб турувчи иссиқхона барпо этди. 

Одатда Стокҳолмда йилнинг 9 ойи совуқ бўлади, бироқ Мари ва Чарльзнинг уйидаги ҳарорат қаттиқ совуқ вақтида ҳам плюс 15 даражадан пасаймайди. Бунинг эвазига оила Швецияда кескин иқлим сабабли ўсмайдиган Ўртаер денгизи меваларини етиштира олади. 

“Мисол учун, январь охирида кўчада -2 даража бўлиши мумкин, бизда эса 20 даража иссиқ”, деб айтмоқда Мари Гранмар.

Унинг айтишича, Стокҳолмдаги оддий оила иситиш тизимини сентябрь ўрталарида ёқади ва май ўрталаригача ўчирмайди. Бироқ жуфтлик иссиқхона туфайли 9 ойдан 3 ойида сунъий иситишдан фойдаланмайди ҳамда иссиқликни таъминлаш учун энергия истеъмолини камайтиради. Қолган иссиқлик эса қуёш ёки ўтин ёрдамида таъминланади.

Иссиқхона қалинлиги 4 ммлик тобланган ойнадан қурилган. Жуфтлик дастлаб уйни сотиб олган ва кейин унинг атрофида иссиқхона қуришга қарор қилган. Бу уларга тахминан 10 минг еврога тушган.

Ёзда иссиқхона ҳаво жуда исиб кетса, автоматик равишда очилади. Иссиқхона уйни тўлиқ қуршаб олгани сабабли, уйга томнинг бошқа кераги қолмаган ва оила унинг ўрнига айвон барпо этган. Жуфтлик у ерда фарзанди билан ўйнайди, қуёшда тобланади ва турли ўсимликлар ўстиради.

Гранмарнинг таъкидлашича, у “қишки кайфият”ни унча ёқтирмайди. Шу сабабли қор ёки ёмғир бўладими, у томдаги айвонида ўтириб, юлдузларни томоша қилиш ва қуёш нурларидан баҳраманд бўлишни истайди. 

“Ёз иссиғи ҳам муаммо эмас, биз ойналарни очиб, иссиқдан баҳраманд бўламиз”, деб айтган Мари.

Бундай иссиқхоналар уйдан деярли икки марта катта бўлади, шу сабабли жуфтликда боғ яратиш учун ҳам анча жой қолган. У ерда оила анжир, узум, помидор, бодринг ва кўкат етиштиради.

Аёлнинг таъкидлашича, Стокҳолмда бирор нарса етиштириш осон эмас. Бунинг учун кўп энергия керак бўлади.

Шу сабабли жуфтлик иситиш ва озиқ-овқат маҳсулотларида тежашидан ташқари, ёмғир сувини тўплаб, ундан фойдаланади ва ҳожатхонадан чиққан чиқиндиларни ўғит сифатида қўллайди. Келгусида оила ёзда қуёш энергиясини тўплаб, уни баҳоргача сақловчи тизим ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.

Жуфтлик Швецияда иссиқхона ичида уй барпо этган биринчи кишилар эмас. Улар маҳаллий архитектор, 1974 йилда Стокҳолмда “Naturhus” деб номланган уйни қурган Бенгт Уорндан илҳомланишган. Ушбу уй энергия учун 50 фоизгача маблағни тежашга имкон берган. Шундан кейин бундай бир нечта лойиҳа Швеция ва Германияда амалга оширилган.

Мавзуга оид