Президент мактабларига саралаш имтиҳонлари бошланди
29 июнь — 2 июль кунлари Наманган, Нукус, Хива ва Тошкент шаҳарларида Президент мактабларига кириш имтиҳонларининг саралаш босқичи бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, Президент мактабларига ҳужжатларнинг қабул жараёни 2019 йилнинг 1 июнидан 22 июнь кунига қадар бўлиб ўтди. Шу вақт ичида 28 446 нафар номзод ҳужжат топширган бўлса, улардан 27 446 нафари кириш имтиҳонларининг саралаш босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди.
Ҳудудлар бўйича энг кўп — 7724 та ҳужжат Наманган вилоятидаги Президент мактабига келиб тушган. Қорақалпоғистонда 7456 та, Хоразмда 6503 та, Тошкент шаҳрида 5763 та ҳужжат қабул қилинган.
Энг кўп — 8727 та ариза 5-синф учун қабул қилинган. Энг паст кўрсаткич 10-синфлар орасида — 2350 та.
Имтиҳонларни давлат (ўзбек) тилида топширувчи ўқувчилар сони 22 051, қорақалпоқ тилида 4847 нафарни, инглиз тилида топширувчилар сони 621 нафарни ташкил этди.
29 июнь — 2 июль кунлари номзодлар математика фанидан имтиҳонда иштирок этади. Имтиҳон саволлари Кембриж Университетининг Cambridge Assessment International Education бренди остида фаолият юритувчи имтиҳон кенгаши томонидан тайёрланган.
Имтиҳон давомида номзодларга турли мураккабликдаги 30 та масалани ечиш учун 90 дақиқа ажратилади.
Буюк Британиялик мутахассислар имтиҳоннинг барча жараёнларини назорат қилади. Имтиҳондан сўнг жавоблар текшириш учун Англияга юборилади. Имтиҳон натижалари 16 июль куни эълон қилиниши кутилмоқда.
Имтиҳон жараёнларининг очиқлигини таъминлаш мақсадида имтиҳон ўтадиган жойларда номзодларнинг ота-оналари ва яқинлари учун кузатув мониторларида онлайн трансляция ташкил этилади.
Саралаш имтиҳонлари натижаларига кўра асосий имтиҳонларда иштирок этадиган номзодлар аниқланади. Асосий имтиҳонлар мантиқий фикрлаш, мантиқ элементлари бўлган математика ва инглиз тили фани бўйича ташкил этилади.
Асосий имтиҳонлар июль ойининг якунида бўлиб ўтилиши кутилмоқда.
2019 йилда тўртта Президент мактабларининг ҳар бирлари 144 нафар ўқувчини қабул қилади. Ҳар бир синфда 24 нафар ўқувчи таҳсил олади.
Президент мактаблари юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 20 февралдаги «Президент мактабларини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарорига асосан ташкил этилиб, мамлакатимизда иқтидорли ёшларни ўқитиш тизимини яратиш ҳамда келгусида уларда раҳбарлик ва етакчилик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган.
Президент мактабларини дастлаб чекланган миқдорда ташкил этилиши мазкур муассасаларни бошқаришнинг бутунлай янги моделини синовдан ўтказиш билан боғлиқдир. Ушбу синов муваффақиятли ўтгандан сўнг, керакли хулосаларни олиб 2020−2021 йилларда Президент мактаблари республиканинг бошқа барча вилоятларида ташкил этилади.
Шу билан бирга, мактабларни бошқаришда Кембриж дастурининг ижобий тажрибаси ва уни амалга ошириш имкониятларини ўрганадиган маҳаллий экспертлар гуруҳи тузилади. Бир сўз билан айтганда, Президент мактаблари Ўзбекистонда таълим сифатини оширувчи локомотив шакллантирилади.