Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Янги темир йўл вокзали ишга тушди. Энди Тошкент-Андижон йўналишидаги поездлар Ангренда тўхтаб ўтади
Тошкент-Андижон-Тошкент йўналишидаги поездлар янги қурилган Ангрен вокзалида тўхтаб, янги йўловчиларни олиб ўз йўлида давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил ПК-1985 сонли қарорига асосан «Электрлаштирилган Ангрен-Поп темир йўл қурилиши» таркибига кирувчи Ангрен темир йўл вокзали қуриб битказилди.
Бир вақтнинг ўзида 250 кишига хизмат кўрсатадиган Ангрен темир йўл вокзалининг умумий майдони 3,5 гектар бўлиб, 250 метрлик шинам тўхташ йўлаги фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида қурилган.
Миллийлик ва замонавийлик уйғунлашган, Ангрен аҳолисига беминнат хизмат кўрсатишни бошлаган мазкур вокзалга ташриф буюрдик.
Ушбу замонавий вокзални кўздан кечирар эканмиз, она ва бола хонаси, тиббиёт хонаси, юқори даражадаги кутиш зали (VIP), буфет, миллий совғалар шохобчаси, мобил қурилмалар учун қувватлаш манбаи, шунингдек, намозхоналар шинам ва қулай қилиб қурилган.
Эътиборли жиҳати, маҳаллий аҳоли вакиллари учун 30 фоизгача чегирмалар йўлга қўйилган.
Яратилган бу қулайликлардан бугун Ангрен аҳолиси ҳам хурсанд. Ҳам арзон ҳам қулай транспорт қатновига эга бўлган аҳоли вакилларининг қувончи чексиз.