Уч ойдан ортиқ муддатда хорижда бўлиб қайтган шахслар ОИВга мажбурий равишда тиббий текширувдан ўтказилиши мумкин
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Одамнинг иммунитет танқислиги вирусига тиббий текширувдан ўтказиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Одамнинг иммунитет танқислиги вирусига тиббий текширувдан ўтказиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори лойиҳасига тушунтириш хатида айтилишича, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 15 февралдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида” ПҚ-4193-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Одамнинг иммунитет танқислиги вирусига тиббий текширувдан ўтказиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарор лойиҳаси тайёрланди.
Билдирилишича, қарор қабул қилиниши билан Ўзбекистон Республикасида шахсларни одамнинг иммунитет танқислиги вирусига тиббий текширувдан ўтказиш бўйича ягона тартиб белгиланади ва аҳолини ОИВга текширишлар билан қамраб олиш кўрсаткичи ошиб, унинг сифати яхшиланади.
ОИВ инфекцияси эпидемиясининг ривожланишида аҳолининг миграция жараёнлари муҳим ўрин эгаллайди. Уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлган фуқаролар кўп ҳолларда ноодатий шароитга тушадилар ҳамда хулқ-атворга таъсир этувчи бир қатор омиллар натижасида уларга ОИВ инфекцияси юқиши хавфи ортади. Уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахсларни ОИВга текширув учун қамраб олишдан мақсад ОИВ инфекциясининг юқтирилгандан кейин яшириш даври (тегишли лаборатория текширувларида хам аниқланмасдан қолиш даври) уч ой бўлганлиги учун ушбу муддатда ичида хорижда бўлган шахсларни мажбурий текширув билан қамраб олиш режалаштирилган.
Меҳнат мигрантлари касалликни юқтириб олгандан сўнг, ўз юртига қайтганида уни оила-аъзоларига юқтириши эҳтимоли мавжуд. Ўз юртига депортация қилинган ОИВ инфекциясини юқтириб олган шахслар ўзининг ОИВ бўйича мақомини сир тутади, бу билан ўз турмуш ўртоқларини хавф остига қўяди. Натижада ОИВ инфекцияли фарзандларнинг туғилиши ва касаллик аҳолининг умумий қатламига ўтишига сабаб бўлади.
Уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлган шахслар хавфли хулқ-атворни ўзида синаб кўришга кўпроқ мойил бўлган аҳоли қатламига мансуб бўлиб, уларнинг жинсий йўл билан ОИВ инфекциясини ўзига юқтириб олиш эҳтимоли муқим(турғун) аҳолига нисбатан юқорироқдир. Бошқа давлатда бўлиш даврида орттирилган хавфли хулқ–атвор ва янги одатлар улар ўз яшаш жойларига қайтиб келганларидан кейин мигрантларни янада хавфли гуруҳга айлантириши мумкин. Меҳнат мигрантларининг ОИВ инфекцияси бўйича билим савиясининг пастлиги эса ОИВни юқтиришига ва инфекцияни доимий яшаш манзилига олиб киришига имкон яратади.
Маълумотларга кўра ўтган 2018 йилни 11 ойи давомида 422471 нафар шахс хорижий давлатларга чиқиб фаолият юритганлигини айтиб ОИВ инфекциясига текширувдан ўтказилган.
Республикада меҳнат мигрантлари орасида ОИВ билан касалланиш кўрсаткичи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Агар 2018 йилни 11 ойида 571 нафар меҳнат мигрантида ОИВ инфекцияси аниқланган бўлса, бу кўрсаткич 2017 йилни 11 ойида 525 нафарни ташкил этган бўлиб касалланиш кўрсаткичи 8,0 фоизга ортган.
Одамнинг иммунитет танқислиги вирусига тиббий текширувдан ўтказиш қоидаларида алоҳида боб билан “Уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахсларни ОИВга мажбурий равишда тиббий текширувдан ўтказиш Тартиби” белгилаб қўйилмоқда.
Уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахсларни ОИВга текширув жуда муҳим ҳисобланади. Чет давлатдан кириб келган шахс тўғрисида маълумот қанча тез тиббиёт муассасасига етказилса, уни ОИВга текшириш шунча самарали ҳисобланади. Чет давлатдан қайтаётган шахс чегарада рўйхатдан ўтгандан кейин уйига 1 соатдан (чегара жойлашган вилоятдан бўлса) 18 соатгача (энг узоқ ҳудудларга етиб боргунча) вақт кетади. Шу муддат ичида бу шахс тўғрисидаги маълумот яшаш жойидаги тиббиёт муассасаси ва маҳалла участка нозирига етказилиши керак. Маълумотни олган тиббиёт муассасаси ва маҳалла участка нозири шахснинг яқинларини огоҳлантиради ва тегишли тайёргарлик ишларини амалга оширади.
Шахс тўғрисидаги маълумотни белгиланган муддатдан кеч тақдим этилиши касалликни беморнинг турмуш ўртоғига ва яқинларига юқиш хавфини оширади.
Шуни инобатга олиб, тартибда уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатда бўлиб, Ўзбекистонга қайтган ҳар бир шахс тўғрисидаги маълумот шу заҳоти электрон йўл билан ижрочиларга етказилиши тизимини яратиш чораларини кўриш шартлиги белгилаб қўйилмоқда. Маълумотларни маълум вақт оралиғида (ҳар 8 соатда, бир кунда бир марта ёки суткада бир марта) етказилиши, тадбирнинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади ва касалликни бошқаларга юқтириш хавфини оширади.
Юқорида қайд этилганларни инобатга олган ҳолда, уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахсларни ОИВга мажбурий равишда тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби ишлаб чиқилди. Мазкур тартиб билан алоқадор вазирлик ва идораларнинг (Ички ишлар вазирлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш Республика Кенгаши, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги) ушбу йўналишдаги аниқ вазифалари, масъулияти белгилаб берилади.
Бунда, Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари томонидан Фуқароларни ягона автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизимига киритилган маълумотлар асосида уч ойдан ортиқ вақт давомида хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахслар рўйхатини ўн икки соат вақт ичида ҳудудий ички ишлар органлари орқали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари (Маҳалла қўмиталари)га тақдим этади.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари (Маҳалла фуқаролар йиғини) Ички ишлар органлари томонидан берилган рўйхат асосида маҳалла ҳудудидаги манзилларда яшовчи, уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахслар ўртасида ОИВ инфекциясининг профилактикаси бўйича тушунтириш-тарғибот ишларини амалга оширади ва уларни ОИВга мажбурий тиббий текширув учун тиббиёт муассасасига йўналтирилишини амалга оширади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тиббиёт муассасасига йўналтирилган, уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахсларни ОИВга экспресс усулида тиббий текширувдан ўтишларини таъминлайди.
Молия вазирлигига уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахсларни ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш учун тест-системаларни, шприц, скарификатор, реагентлар ва бошқа сарфланувчи материалларни харид қилиш учун давлат бюджетидан зарур маблағ ажратилишини таъминлаш вазифаси юклатилади.
Тартиб ижросини таъминлаш билан уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахсларни қисқа вақтда ОИВ инфекциясига бепул текширувлар билан тўлиқ қамраб олиб, касалланганларни эрта аниқлаш орқали инфекцияни беморнинг яқинларига юқишини олдини олишни таъминлайди.
Қоидаларда белгиланган тартиб қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан қўшимча 30,0 млрд сўм маблағ ажратилишини талаб этади, дейилади тушунтириш хатида.
Маълумот учун: ОИВ инфекциясига бир нафар шахсни тезкор-экспресс усулда текшириш учун тест-системанинг нархи 15 минг сўмни ташкил этади
Мавзуга оид
13:50 / 22.10.2024
Олимлар ОИВ билан касалланган одамлар ўртасида буйрак кўчириб ўтказиш хавфсизлигини исботлади
15:00 / 15.04.2024
Икки нафар ОИВ инфекцияли беморга нисбатан жиноят иши қўзғатилди
17:17 / 30.11.2023
Сўнгги 36 йилда 48 минг ўзбекистонликда ОИТС аниқланган – Санэпидқўм
07:22 / 28.07.2023