Ўзбекистон | 21:20 / 04.07.2019
13325
2 дақиқада ўқилади

Президент батальони ҳарбий хизматчиларининг 100 нафари рағбатлантирилди 

Кеча, 3 июль куни Самарқанд шаҳридаги ҳарбий қисмда Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Айбек Саидов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган батальон тактик гуруҳи шахсий таркибини пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу батальонларда асосан хизматга эндигина чақирилган ҳамда 30 ёшдан ошмаган йигитлар хизмат ўтайди. Батальон шахсий таркибининг таянчи амалий машғулотлар ҳисобланади. Президент таъбири билан айтганда, тактик гуруҳларда асосан уйланмаган ёш ҳарбий хизматчилар хизмат ўташи кўзда тутилган. Улар асосан экипировка, қурол-аслаҳа ҳамда оғир юк қопи билан узоқ масофаларга ҳаракатланиб, манёврларни амалга оширади. Тунги машғулотлар, жанговар техникаларни ҳайдаш кўникмалари ҳамда яшаш ва хизмат муҳити жанговар шароитларга яқин ҳолатда ўтади. Шу сабабдан қўлланилиши ва вазифаси билан фарқланади.  

"Марказий ҳарбий округ барча округлар ичида илғор бўлишида ушбу батальоннинг алоҳида ўрни бор. Шу сабабдан бугун улардан 100 нафарини рағбатлантирдим", – дея таъкидлади қўмондон тантанали маросимда. – "Бу каби рағбатлантиришлар ҳар ойда бўлади. Ким аъло хизмат қилса, шунга яраша мукофот олади. Навоий, Жиззах ҳамда Самарқанд вилоятида жойлашган ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган офицердан тортиб, ёш оддий аскарларгача эътибордан четда қолмайди".

Шунингдек, тадбирда иштирок этаётган турли мутахассислик вакиллари, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ҳисса қўшаётган нафақадаги ҳарбий хизматчилар, кекса авлод вакиллари ҳам муносиб тақдирланди.