2019 йилнинг 29 июнь куни Kun.uz сайтида "Эски трамвай йўлларини таъмирлаш учун "Автойўл" пул олган, аммо ишларни бажармаган" номли мақола эълон қилинди. Унда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида шаҳардаги эски трамвай йўллари таъмири билан боғлиқ саволга шаҳар ҳокими "Албатта, трамвай йўлларини таъмирлаш 3 йил илгари "Автойўл" ташкилотига тегишли бўлган. Пули ҳам олинган, лекин ҳозирги ҳолатда қолиб кетган", дейилган. Бундан ташқари, мақолада мазкур йўлларнинг бугунги кунда фойдаланишга қабул қилинмаганлиги ҳамда юзага келган аҳвол учун жавобгарлик масалалари ҳам кўтарилган.
Мақолада тилга олинган масалалар бўйича Автомобиль йўллари қўмитаси "Тошкент шаҳар минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати" ДУК томонидан қуйидагича муносабат билдирилди:
Мақолада айтилган, уч йил илгариги – Тошкент шаҳар кўчаларини таъмирлаш масаласи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 6 июндаги 134-сонли йиғилиш баёни қарори билан қабул қилинган бўлиб, унда таъмирланиши керак бўлган 29 кўча номма-ном белгилаб берилган. Қарорда мавжуд трамвай йўллари кўчириб олиниши муносабати билан автомобиль йўлларида реконструкция ишларини олиб бориш бўйича буюртмачи этиб – Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компанияси, лойиҳачи – "ТошкентбошпланЛИТИ" институти, пудратчи этиб эса хусусий корхоналар тайинланган. Бу дегани – буюртмачи ҳам, лойиҳачи ҳам, пудратчи, яъни таъмир ижрочиси ҳам, деярли юз фоиз шаҳар ҳокимлиги зиммасида бўлган.
Юқорида қайд этилган, таъмирланиши кўзда тутилган 29 кўчанинг 28 тасини таъмирлаш ва реконструкция қилиш – турли мулкчилик шаклидаги масъулияти чекланган жамиятлар ва хусусий корхоналарга айнан пойтахт ҳокимлиги томонидан тақсимлаб берилган бўлиб, бу корхоналар фаолиятига мақолада тилга олинган – собиқ "Ўзавтойўл" ДАКнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Хусусан, Лутфий кўчасини, бундан ташқари, Бунёдкор кўчасининг "Совпластитал" қўшма корхонасигача ҳамда Сўгалли ота, Ал-Хоразмий, Катта Хирмонтепа, Илонли, Фарҳод кўчаси бўйлаб Саккокий кўчасигача бўлган қисмини таъмирлаш ишлари – айнан ҳокимлик тавсиясига кўра, собиқ "Ўзавтойўл" ДАК корхоналарига эмас, балки "Фахриддин Файз Сервис" МЧЖга топширилган. Қолган кўплаб кўчалар таъмири ҳам шу каби турли мулкчилик шаклларига эга бўлган – "Омега Билдинг Групп", "EURO GLOBAL ASPALT" МЧЖлари, шаҳар ҳокимлиги бошқарувидаги "Тошкент шаҳар йўл қурилиши ва таъмирлаш трести" АЖ, "Кўприк қурилиш трести"қошидаги "13-кўприк қурилиш отряди" ҳамда "67-кўприк қурилиш отряди" каби ва бошқа корхоналарга тақсимланган.
"Пудратчи" этиб белгиланган Автомобиль йўллари қўмитаси таркибида бўлган атиги битта корхона, яъни "Автомагистраль" унитар корхонаси ўзига бириктирилган объект таъмирини муддатида бажарган. 2016 йилдан шу кунга қадар мазкур корхона бажарган ишлари учун "Буюртмачи" ҳисобланган – Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги "Ягона буюртмачи хизмати" ИК томонидан берилиши керак бўлган шартномадаги маблағни тўлиқ олгани йўқ.















