Kun.uz таҳририятига навбатдаги мурожаат келиб тушди. Унинг мазмуни маҳаллий кўчалардан бири таъмирталаб ҳолатга тушиб қолгани, мутасаддиларнинг эса бу муаммога эътиборсизлиги ҳақида. Аммо масалани ўрганар эканмиз, танганинг иккинчи томони ҳам борлигига гувоҳ бўлдик.

Шаҳрисабз шаҳри... Ҳа, ўша – баҳаво, тарихий, хушманзара шаҳар. Четдан қараганда бу маконда муаммо йўқдек таассурот қолдиради гўё. Бироқ юқорида айтганимиз мурожаат айнан мана шу шаҳарнинг «Қозигузар» маҳалласида истиқомат қилувчи одамлардан йўлланган.

«Бизнинг кўчамиз Шаҳрисабз шаҳрининг марказий Амир Темур номли хиёбони (Ўзбекистонда ягона 1,2 км.ли «Аллея». Бу жойда 2018 йилнинг сентябрь ойида биринчи халқаро «Мақом» фестивали ўтказилди) ҳудудининг ёнгинасида жойлашган бўлиб, 2017 йил ҳукуматимиз ташаббуси билан ичимлик ва оқова сув тизимига уланди. Бу ишлардан одамларнинг боши осмонга етди, бунинг учун ҳукуматимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Аммо ўшандан бери кўчамиз йўллари янги қувурлар ўтказиш учун қазилган эди. Шундан буён таъмирталаб ҳолатда қолиб кетмоқда. Президентимиз ташаббуслари билан «Обод маҳалла», «Обод қишлоқ» дастурлари бўйича ишлар олиб борилаётган, ҳатто қишлоқ йўллари обод қилинаётган бир даврда, мана, икки йилдирки, қиш мавсумида лой кечиб, ёзда нотекис йўллардан тупроқ оралаб ишга, болалар боғча ва мактабга, кексалар эса масжидга қатнашига тўғри келмоқда. Шаҳарнинг марказий хиёбонига келадиган хорижлик меҳмонлар олдида ҳам киши уятга қолди», дейилади мурожаатда.

Маълумотларга кўра, маҳалла фаоллари бир неча бор шаҳар ҳокимлигига мурожаат билан чиқишган.

«Ҳокимиятдагилар фақат қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдириб келмоқда», - дейди маҳалладагилар.

Сабр косаси тўлган одамлар шаҳар прокуратурасига, Президент виртуал қабулхонасига ҳамда бошқа ташкилотларга мурожаат билан чиқишган, аммо вазият яхши томонга ўзгармаган.

«Телевидениедан тасвирга олишда шаҳар ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари О.Раҳмонов ҳам қатнашди ва кўчамиз лойиҳага киритилгани, 2019 йилнинг май ойида йўллар асфальт қилиб берилиши тўғрисида айтиб ўтди», - дейди шу маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаролардан бири.

Уларнинг сўзларига кўра, шундан кейин ҳам вазият ўзгармаган, кўча ҳолати қандай бўлса, шундайлигича қолиб кетган. Энг қизиғи, телевидение ходимлари бошқа юмуш билан Шаҳрисабз шаҳрига ташриф буюришади. Журналистлар келишини эшитган қурувчилар кўчада пайдо бўлишади, гўёки ишлар кетаётгандек манзара ҳосил қилишади. «Журналистлар кетгач, йўлни таъмирлашга шайланган ишчилар ҳеч нима бўлмагандек, ҳеч иш қилмасдан жўнаб юборишди», - дейди мурожаатчилар.