Жамият | 21:14 / 07.07.2019
24128
3 дақиқада ўқилади

ССВ интернетда тарқалган видеога муносабат билдирди. Икки нафар тиббиёт ходими ишдан олинди, тўрт нафарига ҳайфсан берилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика ихтисослаштирилган Эндокринология илмий – амалий тиббиёт маркази фаолияти билан боғлиқ тарқалган видео бўйича муносабат билдирди.

«Маълум бўлишича, видеолавҳада акс этган воқеа 2019 йилнинг 13 март куни содир бўлган. Шу куни фуқаро М.Т қизи М. ва жияни Н.ни ушбу марказ поликлиникасига олиб келади.

У ерда фуқаро М.Т. марказ поликлиника ҳамшираси Зилола Камоловадан шифокорлар қизи М.нинг оғир ҳолатини инобатга олган ҳолда навбатсиз қабул қилишларини сўрайди. Шундан сўнг поликлиника мудири Ҳабиба Раҳмонова фуқаро М.ни кўрикдан ўтказиб, қон таҳлилини текшириш кераклигини ёзиб беради. Аммо тиббий текширувлар учун тўлов пули кассага эмас, балки ҳамширага берилган. Ўрганишлар натижасида фуқаро томонидан қизининг тиббий кўриги учун берилган сумманинг лозим бўлган миқдори марказ кассасига тўлиқ кирим қилинган.

Табиийки, ушбу ҳолат тиббий деонтология ва ахлоқий меъёрларни бузиш сифатида баҳоланиб, шу йилнинг 5 апрель куни поликлиника мудири Х.Раҳмонова ва ҳамшира З.Камолова ўз вазифасидан озод этилган. Видеолавҳада мазкур марказ директори ўринбосари Феруза Ҳайдарованинг ишга қабул қилиш ва беморларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва уларни ётқизиш билан боғлиқ билдирилган важлар ўз тасдиғини топмаган.

Таъкидлаш лозимки, марказда янги ишчиларни қабул қилишда холисликни таъминлаш мақсадида юрист, кадрлар бўлими ва касаба уюшмаси вакилларидан иборат  махсус комиссия шуғулланади. Тиббий хизмат кўрсатиш эса фуқаронинг яшаш жойидаги даволаш муассасаси томонидан бериладиган йўлланма (ордер) орқали ёки тўлиқ тўлов асосида амалга оширилади.

Айни пайтда марказга мурожаат қилувчи беморларга қулайлик яратиш мақсадида электрон рўйхатга олиш тизими ишлаб чиқилмоқда. Марказнинг барча бўлимларида шу кунгача 80та махсус видеокузатув мосламалари ўрнатилди. Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги шу йил 21 июнда мазкур марказ фаолиятини комплекс ўрганиб чиқиб, ҳайъат йиғилишида таҳлил қилди. Унинг натижаларига кўра, ушбу муассасанинг тўрт нафар масъул ходимига фаолиятига йўл қўйган камчиликлари учун интизомий жазо - ҳайфсан берилди. Воқеа тафсилоти юзасидан кўрилган барча чора тадбирлар жавоби мурожаатчига ўз вақтида етказилган

Афсуски, бундай ҳолатлар жуда оз бўлса-да, айни шундай воқеалар халқимизнинг хизмати учун тун-у кун тиним билмаётган минглаб шифокорларимиз фаолиятига салбий баҳо берилишига сабаб бўлмоқда», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан ишлаш бўлими хабарида.

Мавзуга оид