Жамият | 18:45 / 08.07.2019
30772
9 дақиқада ўқилади

Урганч Давлат Университетида қабул жараёни: шароитлар, муаммолар ва қулайликлар

15 июнь кунидан бошлаб Ўзбекистоннинг барча олий таълим муассасаларида қабул комиссиялари ўз ишини бошлади.

Хусусан, Хоразм вилоятининг энг катта олийгоҳи Урганч Давлат Университети (УрДУ) ҳам абитуриентлар учун ўз эшикларини очди.

Бу йилдан бошлаб қабул жараёнига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Энди абитуриентлар паспорт (агар у йўқ бўлса 09-форма ёки туғилганлик гувоҳномаси), шаҳодатнома (иловаси билан) ёки коллеж дипломи, мабодо имтиёзи бўлса уни тасдиқловчи ҳужжатни тақдим қилган ҳолда, фанлар блоки бир хил бўлган учта йўналишни танлаш имкониятига эга бўлишди (касбий (ижодий) имтиҳон топширадиганлар бундан мустасно. Улар фақат 1та йўналишни танлай оладилар). Ҳужжатларни топшириш мактаб ёки коллежни 2019 йилда тугатганлар учун бепул, ўтган йилларда тугатганлар учун эса пуллик – 101 365 сўмга тенг.

Қабул жараёнининг сўнгги ҳафтаси бошлангани ва у қизғин паллага киргани муносабати билан Урганч Давлат Университетига бориб, жараённинг қандай кетаётгани, абитуриентлар ва ота-оналарга яратилган шароит ва қулайликларни ўрганишга жазм қилдик.

2019/20 ўқув йилида Урганч Давлат Университетига бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича жами 2770 талаба, бакалавриатнинг сиртқи таълим шакли бўйича жами 890 талаба, магистрлар тайёрлаш бўйича 135 талаба қабул қилиниши режалаштирилмоқда.

Ҳужжатларни қабул қилиш жараёни УрДУ ўқув ва маъмурий биноларида мутахассисликлар бўйича эмас, балки шаҳарлар ва туманлар бўйича ташкил қилинган. Яъни абитуриентлар қайси йўналишни танлашидан қатъий назар, ўз тумани бўйича ҳужжат топширишига тўғри келади.

Ҳужжатларни қабул қилиш жараёнини ўрганиб, шароитлар турлича эканини аниқладик.

Масалан, Ҳазорасп ва Янгиариқ тумани абитуриентларидан ҳужжатларни қабул қилиш жараёни Тарих факультети биносининг йўлагида ташкил қилинган. Ваҳоланки, йўлакнинг икки томонидаги катта аудитория бўш турибди. Натижада, куннинг иссиғида йўлак жуда дим ҳолатга келган, нафас олиш оғир бўлган даражада исиб кетган. Бу эса ходимлар, абитуриентлар ва ота-оналар учун жуда ноқулай вазиятни юзага келтирган.

Боғот тумани абитуриентларидан ҳужжатни қабул қилиш жараёни Жисмоний маданият факультети биносининг фойесида ташкил қилинган. Бевосита ҳужжат топшириш жараёнидаги шароитга эътироз йўқ. Аммо бинога кираверишда катта навбат туфайли тиқилинч юзага келган, жуда иссиқ об-ҳаво шароитида абитуриентлар ва ота-оналар учун бу шароит оғир.

Хива ва Ҳонқа тумани, шунингдек бошқа вилоятлардан келган абитуриентлар Жисмоний маданият факультетининг спортзалида ҳужжат топширмоқда. Бу ерда тахминан 300га яқин абитуриент ва ота-оналар жуда иссиқ ва дим бўлган оғир шароитда навбатда туришибди. Қайд қилиш жоизки, вазиятни ўрганиш жараёнида баъзи ходимлар бу жойда суратга олиш мумкин эмаслигини таъкидлаб, тўсқинлик қилишга ҳам уриниб кўришди. Абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш жараёни улар учун давлат сири шекилли. Эътибор қилмадик, бундай оғир меҳнат шароитида ҳамманинг ҳам асаби дош беравермайди деб ўйладик.

Гурлан тумани абитуриентларидан ҳужжат қабул қилиш жараёни УрДУ асосий биносида бирмунча яхши ташкил қилинган. Оператор ходимларнинг устида катта навбатлар йўқ. Аммо йўлакда навбат кутиб турганларнинг иссиқ ва дим ҳавода қийналиб кетишганини гувоҳи бўлдик.

Урганч тумани абитуриентларидан ҳужжат қабул қилиш жараёни ҳам УрДУ асосий биносида ташкил қилинган. Бу ерда оператор ходимлар бемалол ишламоқда. Абитуриентлар сони нисбатан кам, навбатлар катта эмас.

Қўшкўпир тумани абитуриентларидан ҳужжатлар УрДУ асосий биносининг катта аудиториясида қабул қилинмоқда. Навбатлар катта бўлса-да, аудиторияда ҳаво алмашиши меъёрда, иссиқ ва дим эмас.

Урганч шаҳрининг абитуриентлари ҳужжатларни УрДУ асосий биносининг катта фойесида топширишмоқда. Шаҳар аҳолисининг сони кўплиги туфайли, табиийки, бу ерда навбатлар катта, иш ҳам қизғин эканини кузатиш мумкин.

Қайд қилиш жоизки, УрДУ қабул комиссияси томонидан ҳужжатларни топшириш жараёнидаги хатоларни таҳрирлаш хонаси ҳам ташкил қилинган. Аслида абитуриент ҳужжатни топширганидан сўнг паспорт маълумотлари, йўналиши, тест топшириш манзили тизимга хато киритилганини билиб қолса, 30 дақиқа ичида оператор олдида таҳрирлатиб олиши мумкин. Агар хатони уйига борганидан сўнг аниқласа ёки танлаган йўналишини ўзгартирмоқчи бўлса, хатоларни таҳрирлаш хонасига ариза билан мурожаат қилиши ва маълумотларни ўзгартириб олиш имкониятига эга.

УрДУ қабул комиссияси қошида абитуриентларга турли масалаларда маслаҳат берадиган, таълим йўналишлари, бошқа шаҳарлардаги олийгоҳлар, имтиёзлар бўйича маълумот берадиган ахборот маслаҳат маркази ҳам ташкил қилинган. Абитуриентлар бевосита марказ ходимларига мурожаат қилган ҳолда ёки телефон (+998622246617, +998622246618, +998622246619, +998622246635, +998622246605) орқали ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиши мумкин.  

Янги тартибга кўра, мактаб ёки коллежни ўтган йилларда тугатган абитуриентлар ҳужжат топшириш жараёнида 101 365 сўм миқдоридаги тўловни амалга ошириши шарт. Қайд қилиш жоизки, УрДУ биносида фақат Халқбанкининг битта кассаси ишлаб турибди. Олийгоҳга энг яқин банккача бўлган масофа тахминан 2 километрни ташкил қилишини инобатга оладиган бўлсак, фикримизча бу етарли эмас.

УрДУ ҳудудида абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига дам олиш ва овқатланиш учун ошхона биноси ажратилган.

Вазиятни ўрганиш жараёнида мактаб ва коллежни ўтган йиллари тугатган абитуриентларнинг ҳужжатларини Давлат Тест Маркази сайтига киритишда муаммолар юз берди. Тизимга маълумот киритишнинг, ундан тўлов квитанцияси – инвойсни чиқариб олишнинг имкони бўлмай қолди.

Натижада, кўплаб абитуриентлар тўловни амалга оширолмасдан, узоқ кутиб қолишди. Бундан ташқари, баъзи операторлар тизимда юз берган хатоликлар туфайли, абитуриент маълумотларини такроран киритишга мажбур бўлган ҳолатларга ҳам гувоҳ бўлдик. Бу эса шундоғам иссиқ ва дим об-ҳаво шароитида ҳужжат топшираётганларда норозилик кайфиятини уйғотди, асабийлашиш ҳолатларини келтириб чиқарди.

Урганч Давлат Университетидаги қабул жараёни, унинг муаммолари ҳақида Қабул комиссияси масъул котиби Жуманазар Рўзимовдан изоҳ олдик.

«Урганч Давлат Университетида ҳужжат топшириш жараёни қизғин паллага кирди. Бугун, 8 июль куни ҳужжат топшириш истагида бўлганлар сонининг бошқа кунларга нисбатан ҳаддан зиёд ошганини кўряпмиз. Ҳужжат топшириш жараёнининг якунланишига 1 ҳафта қолганини инобатга оладиган бўлсак, бу табиий ҳол.

Бу йил ҳужжатларни қабул қилиш жараёнини туманлар кесимида ташкил қилишга қарор қилдик. Чунки мутахассисликлар сони жуда ҳам кўп. Шу туфайли, ўтган 5 йилда топширилган ҳужжатлар сонини таҳлил қилиб, туманлар кесимида ҳужжат қабул қилувчи 11та нуқтани ташкил қилдик. Тўғри, баъзи жойда навбатлар жуда кўп, баъзи жойларда камроқ. Шуларни инобатга олиб, бу жойларни қайта ташкил қилишни режалаштириб кўрамиз.

Ҳужжат топширувчилар сонининг кескин кўпайиши туфайли ДТМ сайтига юклама ошган. Шунинг учун ҳам тизим яхши ишламаяпти, квитанция – инвойс чиқариб олишнинг имкони бўлмаяпти, бу ҳақда ДТМ маъмуриятига хабар берганмиз.

Банкнинг касса шоҳобчаларини ташкил қилиш бўйича бир неча банкларга таклиф жўнатган эдик. Аммо фақат Халқ банки рози бўлди. Ҳозирги вақтда битта касса ишлаяпти», - деди Жуманазар Рўзимов.

Муҳтарам абитуриентлар, шу ўринда Урганч Давлат Университетига ҳужжат топшириш билан боғлиқ муҳим маълумотларга эътиборингизни қаратамиз. Олий ўқув юртларига ҳужжатлар олий таълим муассасалари қабул комиссиялари томонидан 15 июлгача қабул қилинади. Урганч Давлат Университетида ҳужжатлар ҳар куни соат 8-00дан кечки 20-00гача қабул қилинмоқда. Соат 13-00дан 14-00гача тушлик учун танаффус эканини инобатга олинг, бу вақтда ДТМ сайти ҳужжатларни қабул қилмайди.

Мактаб ва коллежни ўтган йили тамомлаган абитуриентлардан шанба ва якшанба кунлари ҳужжат қабул қилишда муаммолар бор. Чунки бу кунлари банклар ишламайди, кассалар орқали тўловни амалга оширишнинг имкони йўқ. Бу муаммонинг яқин шанба ва якшанба кунигача ҳал қилиниши номаълум. Шу туфайли ҳужжат топширишни дам олиш кунларигача кечиктирмаганингиз маъқул.

Урганч Давлат Университетига ҳужжат топшириш билан боғлиқ бўлган ҳар қандай савол бўйича ахборот маслаҳат марказига бевосита мурожаат этишингиз ёки қўнғироқ қилишингиз мумкин. Телефон рақамларини юқорида келтирганмиз.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид