Ўзбекистонда ОТМ ўқитувчилари рейтинги йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда
Олий Мажлис Сенатининг жорий йил биринчи ярмидаги фаолияти ва истиқболдаги режаларига бағишланган ҳисоботлар сессияси доирасида Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш Қўмитаси томонидан журналистлар учун Миллий матбуот марказида брифинг ташкил этилди.
Қўмита раиси Ботир Матмуратовнинг таъкидлашича, ўтган олти ой мобайнида Олий Мажлис Сенатининг 18-, 19- ва 20-ялпи мажлисларида қонунчилик фаолиятини амалга ошириш борасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва маъқулланган, маъқуллаш учун Сенатга киритилган Қўмита йўналишига таалуқли 9та қонун ва 4та масала кўриб чиқилди. Жумладан, «Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Маҳкумлар ва қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунлар муҳокама қилинди ва маъқулланди.
Ҳисобот даврида Қўмита аъзолари томонидан сайловчилар, жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатлари билан боғлиқ масалалар юзасидан 230та сенатор сўрови ва мурожаати юборилган. Қўмитада доимий асосда ишловчи сенаторлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг 3238та мурожаати кўриб чиқилиб, сенатда ва жойларда жами 1444 нафар фуқаро қабул қилинган.
Анжуманда келгусидаги режалар ҳақида ҳам сўз борар экан, Қўмита аъзолари ўз фаолиятида асосий эътиборни Ўзбекистон Президентининг Сенатнинг 20-ялпи мажлисида сўзлаган нутқида белгиланган устувор вазифаларни амалга оширишга қаратиши алоҳида таъкидланди. Хусусан, бу борада ишлаб чиқилган Сенатнинг чора-тадбирлар режасига мувофиқ Қўмита томонидан қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида гендер экспертизадан ўтказиш амалиётини жорий қилиш, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва уларнинг қўмиталари мажлисларида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, Адлия ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари, Давлат божхона қўмитасининг ҳисоботларини кўриб чиқиш каби тадбирлар белгиланган.
Бундан ташқари, келгусида Республикадаги олий ўқув юртлари ўқитувчилари рейтингини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Педагогларнинг дарс ўтиши, коррупцияга мойиллиги ва одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиши махсус комиссия томонидан таҳлил қилиниб, улар рўйхати факультетлар ва фаеларда доимий эълон қилиб борилади. Бу орқали ОТМларда коррупция ҳолатларини камайтириш мақсад қилинмоқда.