Сайёр қабулда 6 фуқаро жазони ўташ муассасасидан оиласи бағрига қайтарилди, 34 киши жазони ўташдан шартли равишда озод қилинди
Олий суд раҳбарияти томонидан вилоятларда мунтазам равишда ўтказиб келинаётган сайёр суд мажлислари ва аҳоли билан очиқ мулоқотларда фуқароларнинг кўплаб муаммолари қонуний ечимини топмоқда.
Олий суд матбуот хизматининг хабарига кўра, 6-7 июль кунлари Олий суд раиси ўринбосари Х. Ёдгоров ва Олий суд судьялари, вилоят суди раислари томонидан Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон тумани ва Термиз шаҳар халқ қабулхоналарида халқ билан очиқ мулоқот ва сайёр қабуллар ўтказилди. Сайёр қабулда 108 нафар фуқаронинг мурожаати тингланди.
Шундан 23 нафар фуқаронинг шикоят аризаси назорат тартибида ўрганиш, 7 нафар фуқаронинг аризаси эса, вилоят ва туманлараро судларида кўриб чиқиш учун қабул қилиб олинди. 38 нафар фуқарога мурожаати юзасидан қонуний тушунтириш берилди. 40 нафар фуқаронинг муаммоси жойида ҳал қилинди: 6 нафари (1 аёл ва 5 эркак) жазони ўташ муассасасидан озод қилиниб, оиласига қайтарилди. 34 нафар шахс ахлоқ тузатиш иши, озодликдан чеклаш каби жазони ўташдан шартли равишда озод қилинди.
Бундан ташқари, сайёр қабуллар жараёнида вилоят Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” маркази ходимлари билан ҳамкорликда нотинч оилалар аъзолари иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди. Очиқ мулоқотда оиланинг муқаддаслиги, фарзанд тарбиясида тутган ўрни ҳақида батафсил тушунтириш берилди ва “Фарзанд омонат” ва “Ота” номли видеофильмлар намойиш этилди. Натижада 6 та низоли оила тикланди. Шунингдек, мурожаатчиларнинг алимент ундириш, болалар тарбияси ва уй-жой билан боғлиқ муаммолари ҳал этилди.
Мавзуга оид
19:20 / 21.10.2024
Тошкентда судялар учун Германия ва Словения ташкилотлари ҳамкорлигида семинар-тренинг бошланди
14:44 / 21.09.2024
Сенатда Олий суд раисига ўринбосарлар сайланди
21:57 / 23.07.2024
Олий суд фуқаронинг ижтимоий норма бўйича шикоятини қабул қилмади
22:11 / 19.07.2024