Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги қарори билан тасдиқланган Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилаш бўйича ишлаб чиқилган «Йўл харитаси» нинг 46-бандида иқтисодий ишлар бўйича суд муҳокамасини кейинга қолдиришнинг максимал муддатини ҳисобга олган ҳолда, қолдиришларнинг миқдорини, шунингдек суд муҳокамасини кейинга қолдириш фақат фавқулодда ҳолатлар сабабли йўл қўйилиши ҳолларини белгилаш назарда тутилган эди.
Шундан келиб чиқиб, 2019 йил 24 майдан эътиборан Иқтисодий процессуал кодексининг бир қатор моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи Қонун амалга киритилди.
Жумладан, Иқтисодий процессуал кодексининг 171-моддаси янги таҳрирда баён этилиб, унга кўра суд кутилмаган ва фавқулодда ҳолатларда ишни суд мажлисида кўриш мумкин бўлмаган тақдирдагина суд муҳокамасини кейинга қолдиришга ҳақли эканлиги белгиланди. Энди иқтисодий судлар ушбу моддада назарда тутилган асослар мавжуд бўлган ҳоллардагина суд муҳокамасини бошқа муддатга қолдиришлари мумкин. Бундан ташқари, суд муҳокамасини фақат
ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатга қолдириш мумкинлиги, қолдиришлар миқдори эса уч мартадан ортиқ бўлмаслиги аниқ белгилаб қўйилди.
Бу каби янги нормаларнинг амалга киритилиши учун зарурат нима эди деган ҳақли савол туғилади.
Суд амалиёти таҳлили шуни кўрмоқдаки, судлар томонидан юзта ҳолатдан олтитасида суд муҳокамаси кейинга қолдирилмоқда. Бунда суд муҳокамасини қолдириш ҳолатларининг ярми тарафлардан бирининг суд мажлисига келмаслиги ва суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинганлигини тасдиқловчи далиллар бўлмагани сабабли юз бермоқда.
Кўрсатиб ўтилган олтита ҳолатдан тўрттасида суд муҳокамаси 1 марта, иккита ҳолатда икки ва ундан ортиқ марта қолдирилган (маълумот учун
иқтисодий судлар томонидан 2017 йилда 576та ҳолатда, 2018 йилда 841та ҳолатда суд муҳокамаси уч ва ундан кўп марта қолдирилган).
Хорижий давлатлар қонунчилик амалиёти шуни кўрсатадики, иқтисодий ишлар бўйича суд муҳокамасини кейинга қолдиришнинг максимал муддатини белгилаш, шунингдек суд муҳокамасини фақат кўзда тутилмаган ва фавқулодда ҳолатлар мавжуд бўлганда кейинга қолдириш мумкинлиги ҳақидаги қоидалар Германия, Эстония Республикаси, Россия Федерацияси, Беларусь Республикаси, Грузия ва бошқа кўплаб ривожланган давлатлар процессуал қонунчилигида мавжуд.
Шу муносабат билан, «Йўл харитаси» нинг 46-банди ижросини бажариш мақсадида Иқтисодий процессуал кодекснинг 171-моддасига кўзда тутилмаган ва фавқулодда ҳолатлар мавжуд бўлганда суд муҳокамасини қолдириш мумкинлигини назарда тутувчи тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.









