Наманган вилоятидаги 800 йиллик чинорга нега арра ботирилди?
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятининг Косонсой туманида 800 ёшли чинор кесилаётгани ҳақидаги хабар ва фотосуратлар тарқалди.
«Юксалиш» умумиллий ҳаракати Косонсой туман ҳокимлиги ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш назорат инспекцияси мутахассислари билан воқеа жойига бориб, вазиятга ойдинлик киритган.
Айтилаётган кўп йиллик дарахт Косонсой тумани марказидаги, айни пайтда «Обод марказ» дастури бўйича реконструкция қилинаётган ва ободонлаштирилаётган маданият ва истироҳат боғида ўсиб турибди.
Экология ва атроф-муҳит муҳофаза қилиш соҳасида назорат бўйича туман инспекцияси бошлиғи Отамирзаевнинг айтишича, 800 йиллик чинор табиат ёдгорлиги ҳисобланади ва алоҳида назорат остига олинган. Ушбу дарахтни кесиб ташлашга рухсатнома берилмаган, шунчаки қуриб қолган шохларидан бирини кесиб олиб ташлашга қарор қилинган. Унинг ичи зараркунандалардан зарарланиш оқибатида ғоваклаб кетган.
Туман ободонлаштириш бўлими мутахассислари Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йилнинг 17 январидаги қарори билан тасдиқланган, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни экиш, парваришлаш, кесиш ва инвентаризация қилиш тўғрисидаги низомга асосан санитар кесишни амалга оширишган.
Маҳаллий аҳоли бу дарахтга «Улуғ чинор» деб ном беришган.
Косонсой туман ҳокимлиги вакилининг айтишича, чинор бундан кейин ҳам истироҳат боғи ва туманнинг осори атиқаси бўлиб қолаверади. Бу ички туризмнинг пунктларидан биридир, чунки кўп асрлик чинорни кўриш учун қўшни республикалардан ҳам меҳмонлар келишади. «Обод марказ» дастури бўйича дарахт атрофидаги ҳудуд ободоштирилади. Чинор атрофи ўралиши ва унинг тарихидан ҳикоя қилувчи пештахта ўрнатилиши режалаштирилган.
Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, Косонсой туманидаги 800 ёшли чинор илдизидан кесилмаган, шунчаки санитар кесишга дучор бўлган. Бироқ бир қатор саволлар долзарблигича қолмоқда.
Чунончи, бундай санитар кесишдан сўнг дарахтнинг аҳволи нима бўлади? Уни парваришлаш, профилактика қилиш ҳамда турли ҳашарот ва касалликлардан ҳимоя қилишни қайси тузилма ўз зиммасига олади? Бундай вазиятлар яна юзага келмаслиги учун кўп йиллик дарахт ва буталарни масъул шахсларга бириктириш, уларнинг турлари, танаси диаметри ва ҳолати рўйхатга олиниб, тўлиқ инвентаризация қилиш қачон ўтказилади?
Мавзуга оид
16:39 / 15.11.2024
Наманган вилоят суди раиси ўринбосарининг қилмиши яширилмоқда: ёпиғлик қозон ёпиғлигича қоладими?
12:19 / 07.10.2024
Наманганда ўзганинг фотосуратларини интернетда тарқатишини айтиб пул талаб қилган шахс ушланди
18:33 / 02.10.2024
Наманганда қадимий ерости йўлаклари, иситиш тизими ва сопол қувурлар топилди
21:19 / 05.09.2024