Наманган вилояти суди раиси ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Абдураҳмон Сафаев меҳнат таътилидан қайтиб, иш фаолиятини давом эттирмоқда. Буни Kun.uz манбаси тасдиқлади.

Абдураҳмон Сафаев Наманган шаҳри Алишер Навоий кўчасида жойлашган кўпқаватли уйлардан биридаги ўзганинг эгалигида бўлган хонадонни сохта ҳужжатлар билан ўз номига расмийлаштириб, бошқа бир одамга сотиб юборгани айтилганди. Судялар Олий кенгаши матбуот котиби Турсунали Акбаров Kun.uz сўровига жавобан Абдураҳмон Сафаевга нисбатан хизмат текшируви ўтказилганини билдирган.

“Наманган вилоят суди раисининг ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси А.Сафаевнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказилди. Хизмат текшируви хулосаси муҳокама қилиниб, тегишли қарор қабул қилиш учун Судялар олий малака ҳайъатига юборилган”, дейилади кенгаш изоҳида.
Хизмат текширувида шикоятчининг важлари тасдиғини топгани ёки топмагани, суд раиси ўринбосари айнан қандай ҳужжатларни сохталаштиргани ҳамда бу ишга яна кимлар аралашгани ҳозирча маълум эмас. Негаки, хизмат текшируви хулосаси ҳам Сафаев меҳнат таътилига чиқиб кетгани боис муҳокама қилинмай қолганди.
Kun.uz Судялар олий малака ҳайъати Абдураҳмон Сафаевга нисбатан хизмат текшируви натижаси бўйича қандай қарор қабул қилганини аниқлаштириш мақсадида Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов билан боғланди. Бироқ маҳкама матбуот котиби таҳририят сўровини жавобсиз қолдирди.
Kun.uz Абдураҳмон Сафаев томонидан сохта ҳужжатлар асосида ўз номига ўтказилиб, сотиб юборилгани айтилган уйнинг ҳақиқий эгаси билан ҳам суҳбатлашганди.
“Бу эҳтиёжимиздан ортиқча бўлган уй эди. Доимий яшамасак-да, йўлимиз тушганида бир кун-ярим кун туриб кетардик. Уста тушириб, таъмирлаётгандик, бошқа одам “документ” кўтариб келди. Шунда билиб қолдик. Ушбу ишга аралашган инсонларнинг ҳаммаси жавобгарликка тортиляпти”, деганди уй эгаси.















