Спорт | 17:46 / 10.07.2019
4843
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик триатлончилар Марказий Осиё чемпионатида учта медални қўлга киритишди

Жорий йилнинг, 29 июнь куни Чўлпон-Ота шаҳрида минтақадаги энг аҳамиятли спорт мусобақаларидан бири – триатлон бўйича Осиё кубоги ва Марказий Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Кубок Халқаро Триатлон Иттифоқи (ITU) ва Осиё Триатлон Конфедерацияси (ASTC) шафелиги билан Иссиқкўл қирғоғида ўтказилди. Ўзбекистонлик триатлончилар мусобақаларда иштирок этиб, ватанга учта медаль билан қайтишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Триатлон Федерацияси Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Марказий Осиё чемпионати ўсмирлар ўртасидаги Спринт масофасида (0,75 км сузиш, 20 км велопойга ва 5 км югуриш) ўзбекистонлик спортчилар мураббий Зародов Виктор Михайлович бошчилигида қуйидаги натижаларни кўрсатишди:

Александр Решетников – Junior Men тоифасида биринчи ўрин
(1 соат 1 дақиқа 20 сония);
Экатерина Рязанова - Junior Women тоифасида биринчи ўрин
(1 соат 13 дақиқа 32 сония);
Латофат Содиқова - Junior Women тоифасида иккинчи ўрин
(1 соат 13 дақиқа 44 сония).

29-30 июнь кунлари ўтган мусобақаларда Ўзбекистон, Қозоғистон, Украина, Мўғулистон, Гонконг, Сурия, Япония, Тайван, Қатар ва Қирғизистон каби 14 мамлакатидан 300 дан ортиқ спортчи иштирок этди. 2 мингдан зиёд томошабин иштирокчиларни қўллаб-қувватлаш ва дам олиш кунларини спорт муҳитида ўтказиш мақсадида мусобақага ташриф буюришди.

Мавзуга оид