Жамият | 20:20 / 10.07.2019
5293
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ярим йил ичида 446 киши дори воситаларидан заҳарланди

Тошкентда дори воситаларидан заҳарланиш бўйича статистика эълон қилинди. Жорий йил бошидан тез тиббий ёрдам хизмати 679 та заҳарланиш ҳолати ҳақида хабар берган. Улардан 446 таси, яъни 65,6 фоизи дори воситаларидан заҳарланишга тўғри келади.

Қолган 233 та заҳарланиш ҳолати спиртли ичимлик (174 та ҳолат), ис гази (15 та) ва бошқа моддалардан заҳарланишга тўғри келади.

Дорилардан заҳарланганлардан аксарияти – 70 фоиздан кўпроғи аёллардир. Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизматида бу ҳолат аёллар эркакларга қараганда кўпроқ шифокордан бемаслаҳат ўзларини даволаш билан шуғулланишлари билан тушунтирилган.

Январдан июнгача дорилардан заҳарланиш аломатлари билан 7 ёшдан кичик 36 бола ва 8 ёшдан 18 ёшгача 48 бола шифохонага тушган. Улардан кўпчилигига дориларни ота-оналари берган, бир қисм болалар назоратсиз қолиб, катталар дориларни сақлаш қоидаларига амал қилмаганлари сабабли уларни қўлга кирита олганлар. 

Заҳарланишга олиб келган дори воситалари орасида оғриқсизлантирувчи ва тинчлантирувчи воситалар, антидепрессантлар, асаб ва юрак-томир тизимларига мўлжалланган бошқа дорилар бор. Шунингдек, эпилепсияни (тутқаноқ) даволашга мўлжалланган дори воситалари билан заҳарланиш ҳолатлари ҳам қайд қилинган.

ИИББда дорилардан заҳарланиш ҳолатларининг кўплиги сабаблари сифатида нафақат уларнинг рекламаси кўплиги ва рецептсиз сотилиши, балки дорихоналар соғлиқни сақлаш идораларига бўйсунмаслиги билан боғлиқ жорий вазият айтилган. 

Мавзуга оид