Миллиардер, шоумен, популист. АҚШ сиёсатини яксон қилмоқчи бўлган Росс Перо ким эди?
Ўз даврида АҚШ ижтимоий-сиёсий ҳаётига таъсир ўтказа олган миллиардер, меценат ва сиёсатчи Росс Перо 9 июль куни вафот этди. Бил Гейтс 13 ёшда бўлганда, Перо биринчи миллиард долларни айнан компьютерлар орқали ишлаб топган. У АҚШнинг икки партиявийлик тизимини яксон қилишига бир бахя қолганди.
Технологиялар ортидан келган миллиардлар
Росс Перо 1930 йили Аризонадаги унча катта бўлмаган Тексаркана шаҳрида мато сотиб, тирикчилик қилган оилада дунёга келди. Шу туфайли, Росс ёшлигидан савдо ишини пухта ўрганган, мижозлар билан музокара ўтказиш, товарни сотиш бўйича алоҳида иқтидорга эга бўлган. Мактабни битирган ёш Перо 1949 йили Мэрилэнддаги ҳарбий академияга ҳужжат топширган.
1957 йили эса у она шаҳри томон қайтишга, оиласига яқин бўлишга қарор қилди. Росс Техасда энг биринчи IBM 704 компьютерларини оммавий ишлаб чиқаришни режалаштираётган IBM компанияси жамоасига қўшилди. Орадан беш йил ўтиб, Перо ўзининг мустақил бизнеси – Electronic Data Systems'га асос солди. Унинг компанияси катта маълумотларни қайта ишлаш билан шуғулланган. 1965 йили EDS Президент Линдон Жонсон томонидан яратилган федерал тиббий таъминот тизими билан ҳамкорликни бошлади. Орадан уч йил ўтиб, Перо компанияни очиқ акционерлик жамиятига айлантирди ва акциялар қиймати 10 баравар ошиб кетди. Акциялар савдоси орқали у биринчи миллиардни қўлга киритди, шунингдек, компания бошқарув пакетини ўзида сақлаб қолди.
Вьетнам урушида Америкаликлар учун кураш
Росснинг исми сиёсат оламида 1969 йилда кўп бора янгради: у шу пайтда Ханойга дипломатик миссия билан ташриф буюрди. Вьетнам урушида асирга тушган америкалик ҳарбийларни қутқариш бўйича кўп марта жамоатчилик эътиборини тортди. Росс АҚШ ҳукуматини айрим маълумотларни яшириб, сохталаштиришда айблаган, жумладан Вьетнам ва Лаос ҳудудида асирга тушган аскарлар сони ҳужжатларда кўрсатилганидан кўп бўлиши тахмин қилинган.
1992 йили Перо президентлик сайловида иштирок этишга қарор қилгани ҳақида гапира бошлади. Федерал ҳукуматга қарши курашлар орқали танилган Перо ноодатий имиджга эга эди.
Америкалик биринчи популист
Жорж Буш ва Билл Клинтон курашида Перо мустақил номзод сифатида кампанияга қўшилди. У бу ҳақда Ларри Кинг билан ўтадиган шоуда эълон қилди. Бундан кейин ҳам кўп марта шоу, кўрсатувларда кўриниш бериб, телеканал орқали сайловчилар меҳрини қозонишга ҳаракат қилди. У ҳар бир чиқишида Вашингтон истиблешментидан мамлакатни озод этишга ваъда берарди, айнан мана шу омилни мамлакат иқтисодиётига соя солиб турган хавф сифатида талқин этарди. Перонинг чиқишлари самара бера бошлади: у икки партиявийликни тугатиб, янги демократик эрани бошлашга жуда яқин турганди.
Гарчи ижтимоий ва сиёсий масалаларда турғун позицияга эга бўлмаса-да, унинг дастурида иқтисодиёт ҳақида аниқ тасаввурлар баён қилинганди. Масалан, катта бюджет тақчиллиги билан қандай курашиш ҳақида у жўяли қарашга эга бўлган. Шунингдек, популизм кўриниши сифатида миллиардер бойлардан кўпроқ солиқ талаб қилиб, ўрта ва қуйи қатлам солиқ юкини камайтиришни таклиф этган. Перо ҳукуматни ихчамлаштириб, бюрократик аппаратни тугатиш ҳақида гапирганди.
Сирли капитуляция
Перода ғалаба қилиш имконият бўлганди. Ижтимоий сўровларда у рақибларига нисбатан яққол устунликка эга бўлган: Россга 37 фоиз сайловчилар овоз беришга тайёр эди, шу ўринда Клинтон ва Бушга 24 фоиз сайловчилар хайрихоҳ бўлганди. Шунга қарамай, сайлов кунига 5 ой қолганда у курашдан чиқишини билдирди. Вақтлар ўтиб Перо бу қарорни изоҳларкан, Бушнинг сайлов кампаниясини шакллантирган жамоа Росснинг шантаж қилмоқчи бўлганини айтган. Аслида матбуот кутилмаган қарорга Перо билан ишлаган сиёсий технологларниг истеъфо бергани сабаб бўлганини келтиради.
Перо эса барчани таажжубда қолдириб, сайловга бир ойга қолганда пойгага қайтди. Аммо собиқ машҳурликни қайтара олмади. У сайловда 19 фоиз овоз тўплаган.
Иккинчи ҳаракат
Аввалги натижалардан илҳомланган Перо 1995 йили Ислоҳотчилар партиясини тузди. Аммо 1996 йилдаги ҳаракат унча муваффақият олиб келмади.
Умрининг сўнгги беш йили давомида Росс оққон касаллиги билан курашди. У 90 ёшда оиласи билан яшаб келаётган Далласдаги уйида вафот этди.