Жамият | 21:40 / 16.07.2019
110254
8 дақиқада ўқилади

Тошкентда «снос»: Уй эгалари шаҳар ҳокимига ўз шартларини айтишди

Қаерга қараманг, бунёдкорлик ишлари бошланган. Шу билан бирга, бузиш ишлари ҳам авж олган. Мураккаб ва кўп босқичли жараёндан айрим вилоят ва туманлар ҳокимлари бир зумда сакраб ўтаётган бўлса, яна бошқаларига осон бўлмаяпти. Ахир, инсон ва мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш бузилишлар марказида турибди.

13 июль куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Паркент 2 кўчасида яшовчи аҳоли вакиллари билан айни шу масалани ҳал қилиш учун учрашди. Аввалдан айтаман, учрашув ҳеч кимнинг манфаатига хизмат қилмади, томонлар бироз муддатдан сўнг охирги қарорга келиши белгилаб олинди.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

Таъкидланишича, «Али Акбар строй сервис» МЧЖ Паркент 2 кўчасидаги аҳоли яшаш жойида бузиш ишларини якунлаб, барча хонадон эгаларини рози қилган ҳолда уларни бошқа уй-жой ёки шунга тенг қийматдаги маблағ билан таъминласа, қурилиш компаниясига шаҳарнинг бошқа ҳудудидан бўш майдон ажратиб берилиши келишилган.

Қурилиш компанияси ишончли вакили Санжар Исроиловнинг сўзларига кўра, 64та хонадондан тенг ярми шу пайтгача рози қилинди ва бошқа жойга кўчирилди.

Тошкент шаҳар ҳокими масалага қандай қўшилди? Гап шундаки, аҳоли бузиш ишларини давом эттиришга тўсқинлик қилиб, кўп нарсадан норози бўлмоқда. Аввало, компенсация пул камлиги, бундан ташқари уй-жой майдони аниқ ўлчанмаётгани важ қилиб келтирилмоқда.

Демак, ишларни давом эттиришга иккита омил тўсиқ бўлмоқда: ўзбошимча қурилиш учун мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги ҳоким қарори бекор қилинди, табиийки, аҳолининг уй-жойи майдони кадастр ҳужжатлари бўйича бирмунча қисқарди. Айни пайтда аҳоли ҳокимият қарори юзасидан судлашмоқда.

Бошқа масала эса уй-жой учун ҳаддан ташқари юқори миқдорда товон пули талаб этилаётганидадир. Шунга қарамай, уй уники, ўз истаги бўйича сотишга ҳақли эканини таъкидламоқчи бўламиз-ку, аммо баҳолаш фирмалари хизматидан фойдаланиб, қурувчи компания товон пули қийматини туширмоқчи. Ҳоким Ортиқхўжаев эса бунга қарши. Нега? Буни кузатиб, тушунишга ҳаракат қилдик.

Биринчи масала — акция қарори бекор қилинди.

Ҳукуматнинг 2018 йилги «Кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида кўчмас мулкларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ, Паркент 2 кўчасида яшовчи аҳолининг бир қисми ўзбошимча қурилишларни қонунийлаштириш бўйича мурожаатлар қилган. Масала ижобий ҳал қилинган.

Кейинроқ, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳамда мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича Мирзо Улуғбек туман ҳокими қарори бекор қилинади. Тошкент шаҳрининг собиқ прокурори Шерзод Облоқулов жорий йилнинг 15 май куни туман ҳокими қарорига протест келтириб, қарор бандлари бекор қилинишини сўраган. 

«Ўтказилган текшириш давомида қайд этилган хонадоннинг кадастр йиғма жилди ўрганилганда, хонадон кўп квартирали уй таркибига кириши ва 163-сонли қарор (туман ҳокимининг муҳокамали қарори - таҳр.) қабул қилинишидан олдин унинг юридик ҳужжат бўйича ер майдони мавжуд бўлмагани маълум бўлди», — дейилади прокурор протестида.

Таъкидланишича, юқорида қайд этилган низомнинг 1-бандига кўра, мазкур низом турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида жисмоний шахсларнинг қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган якка тартибдаги уй-жойига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартибини белгилайди.

Прокурор эса протест матнида хонадонни кўп қаватли эмас, кўп квартирали уй таркибига киришини билдириб, чалкаш ҳолатни келтириб чиқаргандай кўринади. Бу масалада аҳоли судга мурожаат қилган. Негаки, ҳоким қарори бекор қилиниши билан уй-жой майдони камайиб қолган, компенсация тўланаётган пайтда айнан шу омилга кўра пул тўланиши таъкидланмоқда.

Можарониниг бу жиҳати ҳақида батафсил кейинги мақолада баён этилади. 

Кейинги масала —  компенсация пули.

Компания вакиллари мулкнинг бозор нархини аниқлашни важ қилиб, баҳолаш фирмасига мурожаат қилишни режалаштирган.

Ишончли вакилнинг айтишича, Паркент 2 кўчасида жойлашган, бузилиши лозим бўлган уй-жойларнинг 1 кв.м бозор нархида 500 долларга қийматланади. Масалан, 100 кв.м уй-жой 50 минг доллар бўлиши мумкин. Компания хонадон эгаларига компенсация сифатида тайёр уй-жойни тақдим этишга тайёрлигини билдирмоқда.

«Уйнинг квадрат метрига мос, ўзи яшаб турган ҳудуддан узоқ бўлмаган, масалан Паркент бозори ё метро яқинидан тайёр уй-жой кўрсатилмоқда. Ўзингиз истаган уйни ҳам кўрсатишингиз мумкин. Марказдан узоқроқда жойлашган, лекин квадрат метри кўпроқ бўлган уй-жойни олиб беришга ҳам тайёрмиз», — дейди тадбиркор аҳоли билан мулоқот вақтида.

Қурилиш компанияси уйлар ҳолати, қурилиш муддатига эътибор қилиб, компенсация пулини 1 квадрат метр учун 500 доллардан оширмаслигини айтмоқда. Жаҳонгир Ортиқхўжаев эса бунга қарши чиқмоқда.

«Бу одамларни рози қилиб, кўчириш учун бошпанага бошпана бериб, кейин бизнес режа тузинг. Кўр-кўрона бузишга ҳужжат тайёрлаб, одамларни уйдан чиқариш тадбиркорга хос эмас. Етарлича инвестицияга эга бўлмасангиз, ишни ташланг, одамларни сарсон қилманг», — дейди у.

Гап шундаки, аҳоли қурилиш компанияси вакиллари устидан бир неча марта шикоят қилган. Гўёки, улар бузиш ишларини ноқонуний бошлаб, хат ё ҳужжатсиз аҳоли мулкига таҳдид қилгани айтилади. Масалан, ҳудудда яшовчи аҳолининг ҳожатхонаси рухсатсиз, огоҳлантиришсиз бузиб ташлашга ҳаракат қилингани тасвирга тушган.

«Аслида бизнинг уй-жой учун 1 кв.метрга 250 доллардан компенсация пули таклиф қилинди. Бу пулга яқин атрофдан уй сотиб олиш имкони йўқ», — дейди аҳоли вакилларидан бири. 

Шаҳар ҳокимининг айтишича, бузилиши режалаштирилган ҳудуд ўрнида Мудофаа вазирлиги тузилмаси учун бино қурилади. Шу туфайли, бузиш ишларини пайсалга солмай, масала ижобий ҳал этилиши, ўз навбатида халқ рози қилиниши лозим. Айтиш жоизки, уйларнинг орқасида Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти жойлашган.

Паркент 2 кўчасида 119 квадрат метрга уй-жойи мавжудлигини таъкидлаган аёл 320 минг доллар компенсация пулини рад этиб, қуйидаги фикрни билдирди:

«Мана шу маҳаллада 1 қаватдан 119 квадрат метр майдонга тенг уй-жой олиб берса, розиман. Ёки пулини берсин. 320 мингга (доллар - таҳр.) бу маҳаллада ким беради», — дейди у киноя билан. 

Бошқа бир хонадон эгаси 38 квадрат метр уй учун 2 хонали ва 1 хонали иккита уй тақдим этилишини талаб қилмоқда. Чигал вазиятда бир ҳақиқатни англаш қийин: аҳоли уй-жой бузилишига қаршими ё кўпроқ компенсация пули эвазига янги жойга кўчадими?

Шаҳар ҳокими масалани ижобий ҳал этиш учун тадбиркорга 20 июлга қадар муддат белгилади. Шу вақт оралиғида у қолган хонадон эгалари билан шахсан музокара ўтказиб, якуний ечимни таклиф этиши керак бўлади. Биз келгуси мақолада турли томонларнинг позициясини батафсил баён қилиб, суд жараёнини кузатиб борамиз.

Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид