Ўзбекистон | 21:09 / 18.07.2019
19428
3 дақиқада ўқилади

Депутатлар: «Йўл ҳаракатига доир қоидаларни қонун даражасида фақат депутатлар қабул қилиши лозим»

2019 йил 18 июль куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида қатор муҳим масалалар, хусусан қорайтирилган ойналар ҳақида фикрлар билдирилди.

«Бу халққа нисбатан қилинган дискриминация. Ҳукумат томонидан иш қарор қабул қилинган. Ҳамма биз қилган дея қабул қилмоқда. Аслида, бу масаланинг ечими учун қарор қабул қилишни ҳукуматдан олиб парламентга бериш керак. Шундагина, механизми яхши ишланмаган норманинг ечимлари билан шуғулланишимиз шарт бўлмайди», дейди депутат Тўлқин Абдусатторов.

Тонировка масаласида ИИВ Йўл ҳаракати Бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Эрали Бозоровга ҳам сўз берилди.

«Ўтган йили бу масалада рухсат берилиши бўйича 10 мингдан ортиқ фуқароларимиздан илтимослар келиб тушди. Пулли бўлса ҳам қабул қилиш кераклиги айтилди. Қарор қабул қилишда жамоатчилик фикри инобатга олиниб Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинган эди», дейди мутасадди.

Депутат Расул Кушербаев унинг жавобидан қониқиш ҳосил қилмаганини айтиб, эътироз билдирди.

Шунингдек, депутат Қодир Жўраев чет эл фуқароларининг тонировкали машиналарига рухсат бериш ва бунга аҳоли томонидан билдирилаётган ҳақли эътирозлар ҳақида таъкидлади.

ЙҲББ бошлиқ ўринбосари қуйидагича жавоб берди.

«Роппа-роса бир йил олдин Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинган. Шу қарорда топшириқ берилган. Давлат божхона қўмитаси, Молия вазирлиги, ДХХ, ИИВ ҳамкорликда хорижий давлатларнинг туси ўзгартирилган автотранспорт воситаларининг Ўзбекистонга вақтинча киритилиши, транзит ҳаракатлари учун мажбурий йиғимлар йиғиш тартиби ишлаб чиқилсин ва тасдиқлансин дейилган. Бундай ҳужжат тасдиқланди ва Адлия вазирлигидан тасдиқдан ўтказилди. Бизнинг давлат ҳудудига кирганда тегишли йиғим тўланади», дейди у.

Депутат Расул Кушербаев тонировка масаласи аҳолини бой ва камбағалга ажратаётгани сабабли йўл ҳаракати қоидалари қонун даражасида, фақат депутатлар томонидан тасдиқланиши ва у буни маъқуллашини таъкидлади.  

Йиғилишда қатнашган депутатларнинг кўпчилиги унинг сўзларини маъқуллашди. Шу қаторда, термал плёнкали ойналар ташаббусини олиб чиққан депутат Умид Сулаймонов ҳам таклифни қувватлади.

«Қонун даражасида қабул қилингани яхши, бироқ биз ҳозирдан бошласак ҳам жараён кейинги йил баҳоргача давом этади. Биз ҳозир зудлик билан бирор чора кўришимиз керак. Юртда аномал иссиқ давом этмоқда», дейди у.

Мавзуга оид