Миллий гвардия қўмондони Бахт шаҳридаги Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасасида тарбияланувчилар билан учрашув ўтказди
Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, алоҳида шароитларда тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож бўлган ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида Халқ таълими вазирлиги ҳузурида Сирдарё вилояти, Бахт шаҳрида Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасаси ташкил этилган ва у Миллий гвардияга бириктирилганди.
Миллий гвардия қўмондонлиги ташаббуси остида ушбу ўқув-тарбия муассасасида Ўзбекистон президенти томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус йўналишлари бўйича бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигидаги ишлар амалда йўлга қўйилди.
Хусусан, биринчи йўналиш бўйича ёшларда санъатга бўлган қизиқишни орттириш мақсадида Ўзбекистондаги таниқли актёрва актрисалар билан турли хил ижодий учрашувлар ўтказилиши йўлга қўйилиб, “Қувноқлар ва зукколар” жамоаларининг чиқишлари ҳамда концерт дастурлари, Ҳарбий-техник институти оркестри жамоаси ва “Алвон беретлар” бадиий ҳаваскорлик ансамбли ўз фаолиятини ушбу мактабга боғлаган ҳолда тарбияланувчилар учун махсус мусиқий дастурлар устида иш олиб бормоқдалар.
Иккинчи йўналиш ижроси бўйича эса ушбу муассасада тарбияланувчиларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилиш мақсадида спортнинг футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат ва шашка турлари бўйича мусобақалар ташкиллаштирилиб, спорт тадбирларида фаол қатнашган ва ғолибликни қўлга киритган ёшлар муносиб тақдирланиб борилиши йўлга қўйилди.
Мазкур ўқув-тарбия муассасасида машҳур спортчилар билан ҳам учрашувлар ташкил этилмоқда. Мисол учун, Олимпиада-2016 чемпиони, бир қатор Ўзбекистон ва халқаро мусобақалар ғолиби Ҳасанбой Дўсматов билан бўлиб ўтган учрашув ёшларда катта таассурот қолдирди. Чемпион ўқувчи ёшлар учун бокс бўйича қисқа ва энг керакли машғулотлардан мастер-класс кўрсатиши давомида бир қатор иқтидорли спортчилар мавжудлиги аниқланди.
Тўртинчи йўналишда белгиланганидек, ёшларнинг маънавиятини юксалтириш ҳамда улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида Ҳарбий-техник институти профессор-ўқитувчилари томонидан давра суҳбатлари ва китоб мутоаласи бўйича маданий-маърифий тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Мазкур ўқув-тарбия муассасасида “Жиноятчиликка қарши бирга курашамиз” шиори остида ўтказилган танловнинг “Жиноят ва жазо” мавзуида тайёрланган ўқувчилар иштирокидаги саҳна кўринишлари ҳар бир томошабин ўқувчига ўз таъсирини кўрсата олди.
Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасасида 5 та муҳим ташаббуснинг ҳар бир йўналиши бўйича махсус тўгараклар ташкил этилган бўлиб, тарбияланувчилар иқтидори ва қобилиятларига кўра гуруҳларга бириктирилган.
Куни кеча Миллий гвардия қўмондони генерал-полковник Баҳодир Ташматов ва Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаевлар ўқув муассасасининг фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида тарбияланувчилар билан учрашув ўтказдилар.
Суҳбат давомида Миллий гвардия қўмондонлиги иқтидорли йигитларга келгусида ўзлари қизиққан касбий йўналишда ўқиш ва ишлаш имкониятига эга бўлишга кўмаклашишини, ҳеч бир тарбияланувчи эътибордан четда қолмаслигини билдириб, ушбу мактаб уларнинг ҳаёт йўли эканлигига аввало ўзлари ишонишлари лозимлигини, қолаверса, келажаги учун ҳаракат қилаётган ҳар бир ўсмир йигит, албатта, жамиятда ўз ўрнини топа олишини таъкидладилар.
Бир қатор йигитларнинг қобилиятлари муносиб баҳоланиб, уларнинг келгуси фаолиятлари юзасидан мутасадди раҳбарларга топшириқлар берилди.
Мавзуга оид
17:05 / 14.08.2024
«Андижон» футболчиси Миллий гвардия ходимини урди
21:09 / 25.07.2024
Фарғона буюм бозорида тадбиркорлар ва маъмурият ўртасида низо келиб чиқди
13:15 / 14.05.2024
Фарғонада мактаб ўқувчисига шапалоқ туширган Миллий гвардия ходими ишдан четлатилди
09:20 / 04.04.2024