Саломатлигимизни асраш ёки вазнимизни назорат қилиш йўлида кўплаб қоидаларга амал қилишга ҳаракат қиламиз. Афсуски, улар ичида мутлақо нафи тегмайдиганлари ва ҳаттоки, организм учун зарарлилари ҳам учраб туради. Қуйида олим ва шифокорларнинг шу борадаги фикрлари, шунингдек қайта кўриб чиқиш керак бўлган одатлар ҳақида маълумот берамиз.

1. «Озиш учун лимонли сув ичяпман»

Метаболизмни тезлаштириш ва ёғларни эритиш — лимон бўлакчаси қўшилган сувнинг хусусиятларидан бири саналади, ҳар тонгда наҳорга ва кун давомида ичиш тавсия қилиб келинган. Аммо гастроэнтрологлар фикрига кўра сув лимонли бўладими ёки йўқ, у сувлигича қолади яъни калориясиз ичимлик ҳисобланади. Унда юқоридаги хусусиятларнинг ҳеч бири йўқ. Сув совуқроқ ҳолатда бўлганидагина озроқ калория сарфига сабаб бўлиш эҳтимоли бор, лекин бунга айнан лимоннинг алоқаси аниқланмаган.

Сув организм одатдагидай ишлаши учун зарур бўлган намлантириш вазифасини ўтайди. «Озиш»нинг объектив омили: доимий сув истеъмоли натижасида ошқозон тўла туради ва мия овқат ҳақида ўйлашни бас қилади. Аммо лимон ёғларни эрита олишдек мўъжизага эга эмас. Бошқа тарафдан олиб қараганда, лимонли сув истеъмоли орқали организмга озроқ миқдорда С витамини етказилишини таъминлаши мумкин. 

2. Глютен истеъмолидан қочиш керак, чунки у «зарарли»

Глютеннинг инсон организмига зарарлари ҳақидаги кўрсатмалар «целиакия» касаллигига бориб тақалади. Бу глютенни мутлақо кўтара олмаслик касаллигидир ва ундан Ернинг 1 фоиз аҳолиси азият чекади. Шунингдек, глютен организмга салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатлар ҳам мавжуд — барча бошқа оқсилларга нисбатан бўлгани каби глютендан аллергия. Учинчи ҳолат эса, шифокорлар таъкидлашича, истеъмолдан сўнг ичак соҳасида оғриқ, шиш, бош ва бўғимларда оғриққа сабаб бўлувчи глютенга нисбатан юқори сезувчанлик.

Соғлом кишилар учун глютеннинг ҳеч қандай ножўя таъсири аниқланмаган. Шифокорларнинг таъкидлашича, глютенни чеклаш донли маҳсулотлардан воз кечиш орқали рўй беради, улар эса организм учун зарур ҳисобланади. Узоқ умр кўриш ва донли маҳсулотлар ўртасида ҳам узвий боғлиқлик мавжуд.

3. Қоматни асраш учун ёғлардан воз кечиш

Озиқ-овқат таркибидаги ёғлар ҳақида янглиш салбий тушунча мавжуд. Лекин ёғ миқдори меъёрга мувофиқ бўлган маҳсулотлардан воз кечиш ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Албатта, ёғга ва трансёғга тўйинган — майонез, пишириқлар, маргарин ва шу кабилар ҳужайраларга ҳеч қандай ижобий натижа кўрсатмайди. Аммо ёғга ярим тўйинган ва кам тўйинган озиқ-овқатларни кунлик рациондан олиб ташламаслик керак: пишлоқ, ёнғоқ, ёғли балиқ, ўсимлик ёғи, сут маҳсулотлари.