Ўзбекистон | 13:39 / 19.07.2019
9561
3 дақиқада ўқилади

Арзон уй-жойлар қуришда қатор вилоятларда сусткашликка йўл қўйилаётгани кескин танқид қилинди - Қурилиш вазирлиги

Фото: Қурилиш вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигида вазирлик ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан 2019 йил биринчи ярим йиллигида бажарилган ишлар ва иккинчи ярим йилликдаги вазифалар бўйича ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, президентнинг 2018 йил 19 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4067-сонли қарори билан тасдиқланган дастурга кўра, жорий йилга белгиланган объектларнинг жами сони 2 773 тани ташкил этади. Шундан янгидан бошланадиган объектлар 2 137 та ва 636 таси ўтган йиллардан ўтувчи объектлардир.

Президентнинг 2018 йил 24 ноябрдаги «Қишлоқ жойларда ва фуқароларнинг айрим тоифалари учун арзон уй-жойлар қуришни кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4028-сонли қарорига мувофиқ  жорий йилда жами 351 та массивда 15 010 та, жумладан, 2 992 та арзон намунавий уй-жой ва 12 018 та квартира қурилиши режалаштирилган. 

Фото: Қурилиш вазирлиги матбуот хизмати

Бугунги кунда ушбу массивларда уй-жойларнинг ер танлаш ва ажратиш учун тегишли ҳудуд ҳокимларининг қарорлари тасдиқланган ҳамда ушбу уй-жой ва квартираларнинг архитектура режалаштириш топшириғи (АРТ-1), (АРТ-2) ҳужжатлари тайёрланиб, топосъёмка ишлари бажарилган, геология хулосалари олинган, лойиҳа топшириқлари ва бош режа лойиҳалари ҳамда объектлар лойиҳалари ишлаб чиқилиб, пудрат ташкилотлари аниқланиб, қурилиш ишлари олиб борилмоқда. 

Бироқ бу борада Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида сусткашликка йўл қўйиш ҳолатлари учраётгани кескин танқид қилинди.

2019 йил дастурига асосан республикада жами 399 та, яъни 29 та 5 қаватли, 332 та 7 қаватли, 35 та 9 қаватли ва 3 та 16 қаватли уй-жой қурилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда 51 тасида ишлар  якунланган бўлса, қолган 348 тасида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.

Йиғилишда кўплаб ҳудудларда амалга оширилиши зарур бўлган ушбу долзарб вазифаларга ўз вақтида етарлича эътибор қаратилмагани, қурилиш ишлари учун зарур тайёргарлик кўрилмагани ва бу, ўз навбатида, объектларни белгиланган муддатда топшириш ёки аниқроқ қилиб айтганда, сифатли қилиб якунлаш масаласида қийинчиликларнинг ортишига сабаб бўлаётгани таъкидланди. 

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари томонидан объектлар қурилиши давомида жами 22 132 маротаба назорат иши амалга оширилган.  Объектларда қурилиш-монтаж ишлари жараёнида камчилик ва нуқсонлар аниқланиб, 5 012 та пудратчи, 1 820 та буюртмачи, 708 та лойиҳа ташкилотига камчиликларни бартараф этиш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган жами 7 540 та ёзма кўрсатма берилди.

Мавзуга оид