"Ўзархив" агентлиги матбуот хизмати Давлат хизматлари агентлиги матбуот хизматининг “Электрон ҳукумат нега тўлиқ ишга туширилмаяпти?” мақоласига раддия билан чиқди.
“Яқинда кўплаб веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқларда Давлат хизматлари агентлиги томонидан “Электрон ҳукумат нега тўлиқ ишга туширилмаяпти?” сарлавҳали мақола эълон қилиниши ва унда “Ўзархив” агентлиги фаолиятига нохолис баҳо берилиши бизни таажжубга солди.
Мақоладаги “... Бу эса жисмоний ва юридик шахсларга бир қатор қийинчиликларни туғдирмоқда. Масалан, фуқароларнинг ижтимоий-ҳуқуқий сўровларини бажариш бўйича берилган мурожаатлари мавжуд қонунчиликка асосан давлат архивлари томонидан 30 кунлик муддатда кўриб чиқилади”, жумласи бўйича Ўзбекистон Республикаси “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қонунининг 11-моддасига кўра Электрон давлат хизматлари кўрсатиш тартибини мунтазам такомиллаштириб бориш принципларидан бири бу ариза берувчилар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар сонини қисқартириш эканлиги шарт этиб белгиланган.
Бу дегани “Электрон ҳукумат”ни тўлиқ ишга туширишда қоғоз ҳужжатларни рақамлаштириб эмас, балки ортиқча ҳужжатларни қисқартириб, рақамли ечимларни қабул қилиш лозимдир. Шундан келиб чиққан ҳолда, архивлардаги шахсий таркибга оид ҳужжатларни (3,4 млн. сақлов бирлигидаги, 1 та сақлов бирлигида ўртача 250 варақ мавжуд бўлади) рақамлаштириш эмас, балки шу ҳужжатларни фуқароларнинг ижтимоий-ҳуқуқий сўровларини бажаришда, яъни пенсияни расмийлаштиришда талаб этишдан воз кечиш лозим.
Бу қандай бўлади? Бугунги кунда фуқароларнинг 2005 йилдан ойлик маошлари тўғрисидаги маълумотларни АТ “Халқ банки”нинг жамғарилиб бориладиган пенсия тизимига мажбурий бадаллар тўғрисидаги маълумотларидан ҳамда 2015 йилдан кейинги давр учун Пенсия жамғармасига ўтказилган суғурта бадалларини якка тартибда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан келиб чиқиб аниқлаш имконияти мавжуд. Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунинг 31-моддаси биринчи қисмига кўра, пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун, ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъий назар, охирги ўн йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет беш йилдаги иш ҳақи олиниши белгилаб қўйилган. Бундан келиб чиқиб, пенсия тайинлашда 2005 йилдан кейинги ойлик маошлари тўғрисидаги архив маълумотларини талаб этишдан тўлиқ воз кечиш мумкин”, - дейилади раддияда.
Билдирилишича, хорижий мамлакатларда (шу жумладан пенсия тизими Ўзбекистон каби Озарбойжон, Молдова ва бошқа кўплаб мамлакатларда) пенсияни расмийлаштиришда иш ҳақи ва меҳнат стажини тасдиқлайдиган архив маълумотлари талаб этилмайди. Шунингдек, хорижий давлатларнинг ҳеч бирида фақат амалий аҳамияти бўлган шахсий таркиб ҳужжатларининг рақамлаштирилиши ҳаттоки режалаштирилмаган. Сабаби иқтисодий томондан бу маблағларни самарасиз ишлатишга олиб келади.















