Huawei яширинча тарзда Шимолий Кореяга ўз тармоғини яратишда ёрдам берган - ОАВ
Хитойнинг Huawei телекоммуникация корпорацияси Шимолий Кореяга маълумотларни узатиш симсиз тармоғи Koryolink’ни яратиш ва ишчи ҳолатда сақлаб туришда ёрдам берган. Бу ҳақда The Washington Post нашри компаниянинг собиқ ходимларидан олинган ички ҳужжатларга таяниб хабар берди.
Ушбу маълумотларга кўра, Huawei Хитойнинг бошқа бир давлат компанияси Panda International Information Technology билан бирга Шимолий Кореянинг бир қатор лойиҳалари устида 8 йил давомида ишлаган. Буни тасдиқловчи ҳужжатлар аноним қолиш шартлари билан тақдим қилинган.
Нашрнинг таъкидлашича, ўз маҳсулотларида АҚШ технологиялари ва бутловчи қисмларини қўллаган Huawei компаниясининг ушбу фаолияти Пхенянга 10 фоиздан кўпроғи АҚШда ишлаб чиқарилган қисмлардан иборат қурилмаларни етказишни тақиқловчи АҚШ экспорт қоидаларини бузганини англатиши мумкин.
Нашрнинг таъкидлашича, АҚШ савдо вазирлиги 2016 йилдан бери Huawei’нинг Шимолий Корея ҳукумати билан эҳтимолий алоқаларини тергов қилиб келади, бироқ бундай алоқалар борлиги расман тақдиқланмаган. 2014 йилда АҚШ савдо вазирлиги Panda компаниясига АҚШда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар етказилишини тақиқлаб қўйган. Бу тақиқлов АҚШ вазирлигининг Хитой компаниясини бу қурилмаларни Вашингтон санкциялар киритган давлатларга етказишда гумон қилиши сабаб киритилган.
Нашр ихтиёридаги ҳужжатларга кўра, Huawei Panda’ни Шимолий Кореяга таянч станциялар, антенналар ва телекоммуникация қурилмаларини етказишда воситачи сифатида қўллаган. Ушбу компаниялар ходимлари Шимолий Кореяга ишлагани, уларнинг офиси эса арзон меҳмонхоналардан бирида жойлашгани тахмин қилинган. Нашр манбаларига кўра, Huawei ҳужжатларида АҚШ санкциялар киритган давлатлар, жумладан Шимолий Корея ва Эрон тўғридан-тўғри эсга олинмай, махсус код билан белгиланган. Жумладан, Шимолий Корея бу ҳужжатларда гўёки А9 шартли коди билан белгиланган.
Huawei АҚШ ва Австралия томонидан техник жосуслик ва хорижда махфий маълумотларни йиғишда айблангандан кейин халқаро санкциялар хавфи остида қолганди. Бу компанияга халқаро босимнинг кучайишига олиб келган.
Мавзуга оид
00:06 / 03.11.2024
Time журнали 2024 йилнинг энг аҳамиятли ихтиролари рўйхатини эълон қилди
20:15 / 27.10.2024
Украинага қарши жангга ташланган КХДР аскарлари: экспертлар қандай фикрда?
15:07 / 25.10.2024
Ветнамдан Эронгача: Шимолий Корея қачон ва кимларга урушда ёрдам берган?
16:31 / 18.10.2024