Time журнали 2024 йилнинг энг аҳамиятли ихтиролари рўйхатини эълон қилди
Йилнинг энг муҳим ихтиролари қаторидан киприкни ўстирадиган технология, икки марта букланадиган Huawei смартфони, «Онлайн-никоҳ» иловаси ҳам ўрин олган.
Time журнали 2024 йилнинг энг яхши 200 та инновацияси номини эълон қилди. Ихтиролар рўйхати журнал сайтида эълон қилинган бўлиб, улар орасидан маиший электроника, робототехника, мобил гаджетлар, тиббиётдаги ихтиролар ҳам бор.
Хусусан, рўйхатнинг истеъмолчилар электроникаси бўлимидан Huawei Mate XT — уч секцияли конструкцияга эга дунёдаги биринчи серияли смартфон ҳам ўрин олган. Смартфоннинг оғирлиги 238 граммни ташкил этади, тўлиқ очилган ҳолатда гаджет корпуси қалинлиги — 3,6 миллиметр, йиғилган ҳолатда — 12,8 миллиметр. Иккита жойидан букланадиган смартфонни экрани 10,2, 7,9 ҳамда 6,4 дюймли қурилма сифатида фойдаланса бўлади.
«Гўзаллик» бўлимига киприкларни ўстирадиган Luum Precision Lash технологияси ҳам киритилган. Мижозлар учун хавфсиз деб аталаётган мазкур технология доирасида робот 1,5 соат ичида киприкларни ўстиради (бу қўлда қилинганидан тезроқ).
Имконияти чекланган шахслар учун мўлжалланган қурилмалар орасидан AirPods Pro 2 наушниклари ҳам ўрин олган бўлиб, улардан қулоқ аппарати сифатида ҳам фойдаланиш мумкин.
Дастурий таъминот ва иловалар орасидаги янгиликларда Украина давлат хизматлари тақдим этган «Дия» ҳам мавжуд. Мазкур илованинг «Онлайн-никоҳ» хизмати орқали никоҳдан ўтиш мумкин — видеоалоқа орқали ФҲДЁ ходими иштирок этади, ҳужжатлар махсус имзо орқали тасдиқланади.
«Уйдаги саломатлик» бандига киритилган янгиликлар орасида Америка истеъмол маҳсулотлари ва тиббиёт воситалари сифатини назорат қилиш бошқармаси томонидан тасдиқланган гриппга қарши бурунга сепиладиган вакцина ҳам бор.
Бошқа ихтиролар қаторидан Arc'teryx and Skip MO/GO экзоскелети, E-Ink-экранга эга Rakuten Kobo Libra Colour рангли китоби, безгакка қарши R21/Matrix-M вакцинаси, Medical Microinstruments Symani Surgical System робот-жарроҳи ва бошқа қатор инновациялар ўрин олган.
Мавзуга оид
21:12 / 10.09.2024
Huawei дунёдаги биринчи учта экранли, букланадиган смартфонни тақдим қилди
18:53 / 31.10.2023
Huawei компанияси янги WATCH GT 4 сериясидаги ақлли соатлари сотувга чиқди
12:58 / 14.10.2023
Ўзбекистонда рақамли энергетикани ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
10:26 / 16.06.2023