Жаҳон | 19:48 / 23.07.2019
31770
6 дақиқада ўқилади

Британиянинг янги бош вазири: собиқ журналист, кескин баёнотчи ва русофил

Лондоннинг собиқ мэри, Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ раҳбари Борис Жонсон Консервативлар партияси етакчиси этиб сайланди. У энди қироллик бош вазири Тереза Мэйнинг ўрнини эгаллайди. 

Борис Жонсон ўтган йили Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши борасида Тереза Мэй билан келиша олмай истеъфога чиққанди. «Кескин Брекзит» тарафдори, евроскептик Жонсон расмий Лондон ЕИни келишувларсиз тарк этиши ҳақида бир неча марта гапирганди. Умуман олганда, Жонсон ўзининг кескин, ҳаттоки можароли баёнотлари билан танилган. DW нашри Буюк Британиянинг янги бош вазири ҳақида маълумотлар берди.

Итон ва Оксфорд битирувчиси, можароли журналист

Борис Жонсон Нью-Йоркда туғилган. Унинг ота-онаси инглизлар бўлиб, уларнинг аждодлари турк ва руслардир (бу ҳақда Жонсоннинг ўзи айтган). Унга Александер Борис де Пфеффель Жонсон деб исм қўйишган, аммо кейинчалик шунчаки Борис деб чақира бошлашган. Бориснинг отаси Стэнли Жонсон ЕИдаги тузилмалардан бирида лавозимга тайинлангач, уларнинг оиласи Брюсселга кўчиб ўтган.

Борис кўплаб таниқли британ сиёсатчилари ўқиган ёпиқ Итон коллежида таҳсил олган. Сўнгра Оксфордда археологияни ўрганган. Янги бош вазир бир неча тилларни, жумладан, француз ва итальян тилларини билади. Сиёсатга келгунига қадар у фаолиятини The Times нашрида журналистликдан бошлаган. У бу ердан тез орада бўшатилган: Борис ўзи тўқиган гапни ўзининг чўқинтирган отаси, Оксфорддаги тарих профессори номидан бергани аниқланган. 

Борис Жонсон бир неча йилдан сўнг The Daily Telegraph газетасининг Брюсселдаги мухбири бўлиб ишлаган. Лондонга қайтгач, шарҳловчи сифатида фаолият кўрсатган. У муҳаррирликда ҳам омадини синаб кўрган ва The Spectator газетасини нашр қилган.

Борис Жонсоннинг сиёсий фаолияти

Бўлажак бош вазир 2001 йилда Оксфордшир  графлигидан жамоат палатасига депутат этиб сайланган. У парламентда Консерватив партия номидан иштирок этган. 2004 йилда маданият вазири бўлган, аммо кўп вақт ўтмай истеъфога чиққан.

Жонсон 2008 йилда Лондон мэрлигига сайланган ва икки муддат мэрлик қилган.

ЕИ ва Россияга муносабати

2016 йил июлида бош вазир Тереза Мэй Борис Жонсонни Британия ташқи ишлар вазири этиб тайинлаган. Кўпчилик унинг бу вазифани бажара олишига шубҳа билан қараганди. Чунки бу вақтга келиб Жонсон можароли баёнотлари билан танилган ва кўпчиликни, жумладан ЕИ ва Россия раҳбарларини ҳақорат қилиб улгурганди.

Жонсон Евроиттифоқ ва унинг раҳбарларини бир неча марта танқид қилган. The Sunday Telegraph газетасига берган интервьюларидан бирида у шундай деганди: «ЕИ олий давлат тузишга уринмоқда. Наполеон, Гитлер ва бошқалар шунга ўхшаш нарса қилмоқчи бўлишган, аммо охири яхшилик билан тугамаган». Жонсон Брюсселда журналистлик қилиб юрганидаёқ ЕИга нисбатан кескин танқидлари билан ном чиқарганди.

Жонсон Россиянинг Суриядаги ҳарбий операциясини ҳам қаттиқ танқид қилганди. «Барча эҳтимолий далиллар бу ёвузлик учун Россия жавобгарлигини кўрсатмоқда»  - 2016 йил сентябрда Ҳалабда БМТ гуманитар конвойига уюштирилган ҳужум ҳақида у шундай деганди.

Борис Жонсон Россияга нисбатан санкцияларни кучайтириш тарафдори бўлган.

Борис Жонсон русофилми?

Аммо шу билан бирга у Россия билан мулоқотни давом эттириш зарурлигини таъкидлаган ва ўзини русофил деб атаган. «Агарда Россия ҳозирги йўлида кетишда давом этадиган бўлса, бу буюк давлат қувғинди миллатга айланиб қолиши мумкин деб ҳисоблайман!… Мен русофилман, 16 ёшимда Россияда бўлганман. Аммо Россия ўзининг Суриядаги ваҳшиёна ҳаракатларини тўхтатиши лозим», - деганди у.

Кейинроқ, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан Москвада бўлиб ўтган музокаралардан кейинги матбуот анжуманида Жонсон шундай деганди: «Мен русофилман, бўлиб ҳам, комил ишончли русофилман. Москвада менинг аждодларим бор. Ишончим комилки, мен Буюк Британиянинг исми Борис бўлган биринчи ташқи ишлар вазириман ва илтимос, муносабатларимизни яхшилашга эришмоқчи эканлигимга шубҳа қилманг».

Солсберида собиқ агент Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлия заҳарланганидан сўнг бу воқеада Владимир Путинни айблаган биринчи инсон Борис Жонсон бўлди.

У DW’га берган интервьюсида шундай деганди: «Биринчидан, бу воқеада Россия халқи ҳам, Россия ҳам айбдор эмаслигини кўрсатиш муҳим деб ўйлайман. Бизнинг Россия билан низомиз йўқ. Россияни севишимни биласизлар, аждодларим шу мамлакатдан. Гап бунда эмас, Кремль ва ҳозирги ҳолатдаги Россия давлатида. 

Улар йўқ қилмоқчи бўлган Сергей Скрипаль ҳужум нишонига айланган. Владимир Путиннинг ўзи Скрипалга ўхшаган хоинларни заҳарлаш кераклигини айтганди».

Сўнгра Жонсон бу ишда Россиянинг иштирок этганлигидан хафа бўлганини айтганди: «Икки йилча аввал ташқи ишлар вазири бўлганимда мақсадларимдан бири Россияга қўл чўзиш эди ва мен айримларнинг бу бефойда деган маслаҳатларига қарамасдан, Москвага Сергей Лавровнинг олдига боргандим. 

Мен ҳаракат қилиб кўрмоқчи эдим, чунки мен Россия ғаройиб давлат, фантастик жой эканлигига чин дилдан ишонаман ва ўртамизда шундай муносабат пайдо бўлганини кўриш оғриқли».

Эндиликда Буюк Британиянинг янги бош вазири Борис Жонсон олдида турган вазифалардан бири Россия билан муносабатларни яхшилаш бўлади. У бу вазифани қандай амалга оширади? «Брекзит» масаласи каби кескинми? Ёки аввалгидек барчани ҳайратга солувчи кутилмаган қарорлари биланми?

Мавзуга оид