Ўзбекистон | 14:15 / 24.07.2019
8574
3 дақиқада ўқилади

2018 йилда Олий таълим вазирлиги тизимида 167 та жиноят содир этилган

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси аъзолари томонидан пойтахтдаги олий таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилар, ходим ва талабалар иштирокида давра суҳбатлари ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабар бермоқда.

Мазкур учрашувларда “Таълим муассасаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг маънавий-тарихий асослари” мавзусида маърузалар қилиниб, мамлакатда коррупцияга қарши курашишда қонунчилик негизларини мустаҳкамлаш, уларнинг ижроси юзасидан таъсирчан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш, қолаверса, давлат идораларининг ушбу йўналишдаги фаолиятининг самарадорлигини тубдан ошириш мақсадида Олий Мажлис Сенатида Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ташкил этилганига урғу берилди.

Бундан ташқари, бу борада қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор берилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони юзасидан сўз юритилди. Унга мувофиқ, 2019 йил 1 августдан эътиборан тажриба-синов тариқасида жамоатчилик ва етакчи экспертлар, шу жумладан, хорижий экспертларни жалб этган ҳолда дастлабки босқичда капитал қурилиш ва олий таълим тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси амалга оширилиши кўзда тутилгани, 2020 йил 1 апрелдан эса бошқа соҳаларга ҳам босқичма-босқич жорий этилиши таъкидланди.

2018 йилнинг ўзида Олий таълим вазирлиги тизимида 167 та жиноят содир этилиб, жами 9,1 млрд. сўм зарар етказилган. Шу нуқтаи назардан аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида коррупциядан огоҳлантириш бўйича чоралар кўриш, коррупцион ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларнинг оқибатлари, сабаб ва келтириб чиқарган шароитларини бартараф этиш муҳимлиги белгилаб олинди.  

Учрашувларда 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб, ёшларга коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий таълим бериш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, татбиқ этилиши ҳақида маълумот берилди. Бундан ташқари, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълим муассасаларининг ўқув дастурларида коррупцияга қарши курашиш каби мавзулар янада кучайтирилиши борасида ҳам фикр алмашилди.

Шу билан бирга, давра суҳбатларида профессор-ўқитувчилар ҳамда талабаларнинг коррупцияга қарши курашиш, олий ўқув юртларида порахўрликка йўл қўймаслик борасидаги таклифлари тингланди, дейилади хабарда.

Мавзуга оид