ДТМ раҳбари билан суҳбат: Бу йилги тест жараёнларида нималар кутилмоқда?
Бир неча кунлардан кейин Ўзбекистондаги Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари бошланади. Хўш, бу йилги тест имтиҳонлари шаффофлиги қай даражада, қандай ишлар амалга оширилди, шунингдек, абитуриентлар учун қулайлик ва янги имкониятлар нималарда акс этади?
Kun.uz’нинг навбатдаги суҳбатдоши Давлат тест маркази раҳбари Мажид Каримов шу ва бошқа саволларга батафсил жавоб қайтарди.
- Жорий йилги имтиҳонлар аввалгиларига қараганда нимаси билан фарқланади? Абитуриентлар учун янгиликлар нималардан иборат?
- Энг катта янгилик 2019-2020 йилги ўқув йили учун Олий ўқув юртларига кириш учун ҳужжат топшириш жараёнида кузатилди. Чунки абитуриентлар бу йил ҳужжат топширишмади, шунчаки рўйхатдан ўтишди.
Албатта, бу жараёнда айрим камчиликлар кўзга ташланди. Бироқ, таъкидлаш лозимки, ушбу янгилик ортидан бу йил бир миллиондан ортиқ абитуриент рўйхатдан ўтди. Бундан ташқари, уларга Ўзбекистоннинг исталган ҳудудидан, ўзлари хоҳлаган олийгоҳга ҳужжат топшириш имконияти тақдим этилди.
Иккинчи янгилик, абитуриентлар имтиҳонларни июль-август ойларида топшириши белгиланган эди. Шу сабабли, бу йилги тест имтиҳонлари 29 июлдан бошланади. Эслатиб ўтиш жоизки, 20 июлдан бошлаб эса рухсатномаларни тарқатиш жараёни давом этмоқда. Бу жараённинг Давлат тест маркази расмий сайти орқали ҳам амалга оширилаётгани абитуриентларга яна бир қулайлик бўлди, жумладан, ҳозирга қадар тўрт юз мингдан зиёд абитуриент ўз рухсатномаларини электрон тарзда олишди.
Ушбу рухсатномалар абитуриентга учта таълим муассасасига ҳужжат топшириш имконини беради. Бу дегани, юқори балл тўплаган абитуриент, албатта, ўзи ҳужжат топширган учта олийгоҳдан қайсидир бирига киради.
Бевосита тест жараёнларига келадиган бўлсак, жорий йил ҳам имтиҳон жараёнларини шаффоф тарзда ташкил қилишга бўлган ҳаракатлар янада кучайтирилади.
Абитуриентлар сонининг ўсиши инобатга олиниб, ўтган йилгига нисбатан 12 та қўшимча, яъни жами бўлиб 69 та имтиҳон ўтадиган бино ҳозирланди. Мазкур биноларнинг ҳар бирига кузатув камералари, кондиционерлар, ўрнатилди.
- ДТМ 2019-20 ўқув мавсуми олдидан олийгоҳларга ҳужжат топширишнинг пулли механизмини қабул қилди. Аслида, бу чора нима учун қўлланди?
Шунингдек, аввалги йилларда битирган абитуриентлардан ДТМ жамғармасига қанча маблағ тушди, уларнинг шаффоф ишлатилиши бўйича қандай чоралар амалга оширилади?
- Жорий йилги тест имтиҳонларига тайёргарлик жараёнларида аввалги йилларда ўрта, умумий таълим ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларидан тўлов олинмоқда. Бу тўловлар ярим минимал иш ҳақи миқдорида, яъни 101 минг атрофида.
Хабарингиз бор, абитуриентлар ҳам тестга йилдан-йил янги технологиялар билан “қуролланган” ҳолда кирмоқда. Бундан ташқари, маълумотларни олиш, узатиш ишлари шунчалик ривожланмоқдаки, уларни оддий инсон кўзига кўринмайдиган қилиб бажариш имкониятлари бор. Йиғилаётган маблағлар ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш учун жорий этилди. Қолаверса, тест жараёнининг сифатини доимий тарзда такомиллаштириш зарурати мавжуд. Жаҳон амалиётида ҳам бу жараёнларга катта маблағ сарфланади.
Қолаверса, бу жараёнларга чет эллик мутахассисларни жалб қиламиз.
Шу билан бирга, тест жараёнини юқори сифатда ташкил қилиш ва тестларни ўз вақтида тайёрлаб бериш учун моддий-техник база ҳам керак бўлади. АҚШнинг Scantron компанияси натижаларни тезкор эълон қилиниши учун жавоблар варақаларини ўқийдиган илғор техника воситаларини ишлаб чиқаради. Компаниянинг «Insight 150-175» технологияларидан бугунги кунда Япония, Корея, Туркия, Германия каби мамлакатларда ҳам фойдаланилади. Бу оптик сканерларнинг бир донаси эса 150 минг доллардан қимматроқ туради.
Бу техникаларни харид қилиш учун эса бюджетдан ташқари маблағлар зарур бўлади.
- Давлат тест маркази жамғармасига йиғилган маблағлар қайси орган томонидан назорат қилинади?
- Жамғарма ҳисобига тушаётган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан назорат этиб борилади.
- Ҳарбий имтиёзга эга абитуриентлар белгиланган квота доирасида беллашишади. Айрим ОТМлар бу меъёрни барча квотанинг бўлаги деб билса, бошқалар факультет даражасидаги ўлчов сифатида оляпти. Аниқроқ қилиб айтганда, аслида, ҳарбий имтиёзга эга абитуриент қандай шартлар билан ўқишга кириши мумкин?
- Амалдаги низом бўйича айрим тушунмовчиликлар бор эди. Бу йилдан бошлаб эса ҳарбий имтиёзга эга бўлганлар учун алоҳида танлов жорий қилинади. Уларга ўзининг сонидан келиб чиққан ҳолда маълум фоизлар белгиланган. Яъни, бир ҳил имтиёзга эга бўлганлар алоҳида беллашади. Агар имтиёзга эга бўлган абитуриент имтиҳонлардан ўтолмай қолса. Умумий танловда ҳам иштирок этиши мумкин, лекин бу ҳолда абитуриент умумий талаблар асосида қатнашади, бунда имтиёзлар ҳисобга олинмайди.
Бундан ташқари, имтиёзли тарзда тест имтиҳонларида қатнашиш ҳуқуқи ногиронлиги бўлган абитуриентлар, ҳарбийларнинг фарзандлари, шунингдек, мақсадли қабул учун имтиҳонлар ҳам алоҳида ўтказилади.
Менимча, буни адолатли ва нисбатан энг тўғри тизим дейиш мумкин.
Суҳбат давомида Давлат тест маркази раҳбари, шунингдек, тизимдаги энг муҳим қарорлар нега имтиҳон жараёнларига яқин вақтлар қолганда қабул қилиниши, имтиҳон жараёнларида ўринга-ўрин кириш ҳолатлари, тест имтиҳон жараёнларида блоклар кетма-кетлиги қайси тартибда амалга оширилиши ва келгусида тест жараёнларида бўлиши мумкин бўлган янгиликлар ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Мавзуга оид
14:59 / 27.07.2024
Имтиҳонда антиқа ҳодиса: абитуриентга тез ёрдам ходими орқали телефон киритилди
10:49 / 27.07.2024
Олий таълим муассасалари ва таълим йўналишларини танлаш бошланди
14:00 / 25.07.2024
“Абитуриентларга ҳуқуқ фанидан тушган саволлар ишчи гуруҳ тузиб ўрганиб чиқилади” — ТДЮУ ректори
19:47 / 24.07.2024