Спорт | 18:24 / 24.07.2019
23312
8 дақиқада ўқилади

«Қария деманг бизни...» – ёши энг улуғ чемпион боксчилар

40 ёшли, аммо ҳамон навқирон суперюлдуз, филиппинлик Мэнни Пакьяо (рингда 62та ғалаба, 7та мағлубият ва 2та дуранг, 39та ғалаба нокаут (KO) билан) 30 ёшли америкалик Кит Турманни (29-1-0, 22 KO) очколар бўйича мағлуб этиб, ярим ўрта вазндаги WBA чемпионлик камарини рақиби эгалик қилиб келган WBA суперчемпиони камарига алмаштирди. Натижада у чемпионлик камарини таққан, ёши энг улуғ боксчилар сафини кенгайтиришга муваффақ бўлди.

Шу воқеа юзасида Россиянинг Чемпионат.ру нашри профессионал бокс тарихидаги ёши энг улуғ рекордчи чемпионларни эслашга қарор қилди.

Бернард Ҳопкинс

Дунё бокси тарихидаги ёши энг улуғ рекордчи қоратанли америкалик Бернард Ҳопкинс (55-8-2, 32 KO) ҳисобланади. Би-Ҳоп, Жаллод ва Ўзга сайёралик лақаби билан рингда танилган спортчи нафақат бу рекордни ўрнатган, балки кейинчалик уни бир неча марта янгилаган эди.

2011 йил май ойида Ҳопкинс канадалик Жан Паскални мағлуб этиб, ярим оғир вазнда WBC чемпиони бўлди. Ғолиблик камарини таққан пайтида Бернард 46 ёш, 4 ой ва 6 кунлик эди. Натижада у афсонавий Жорж Форман рекордини янгилашга эришди.

Кейинчалик Ҳопкинс ватандоши Чед Доусонга ютқазиб, бу камардан маҳрум бўлди. Аммо 2013 йил март ойида IBF талқини бўйича  чемпионликни қўлга киритди. Бу пайтда у 48 ёш, 1 ой ва 22 кунлик эди.

Бернард нафақат бу рекордни муваффақиятли ҳимоя қилди, балки турли талқиндаги чемпионлик камарларини бирлаштирган дунёнинг ёши энг улуғ боксчисига ҳам айланди. 2014 йил сентябрь ойида у ўрта вазнда 4та асосий талқин бўйича (WBC, WBA, IBF ва WBO) чемпионлик камарларига эга чиқди.

10 йилдан сўнг тиниб-тинчимас Бернард ярим оғир вазнда ҳам шу марраларни забт этишга уриниб кўрди. Биринчи қадамда унга WBA суперчемпиони, қозоғистонлик Бейбут Шуменов дуч келди. 49 ёшли Бернард уни мағлуб этиб, WBA ва IBF чемпионлик камарларини бирлаштира олган ёши энг улуғ боксчига айланди.

Сўнгра Ҳопкинс мутлоқ чемпионлик сари яна бир қадам ташламоқчи бўлди. Аммо 2014 йил ноябрь ойида россиялик Сергей Ковалёв очколар бўйича уни мағлуб этиб, WBO чемпиони бўлди. Бернардга 50 ёшини чемпион сифатида қарши олишга жуда оз вақт етмай қолди. У Ковалёвга ютқазганида 49 ёш, 297 кунлик эди. Шу билан Ҳопкинс бокс қўлқопларини «михга илишга» қарор қилди. У узоқ давом этган фаолиятида чемпионлик камари учун 32та жанг ўтказишга муваффақ бўлган.

Жорж Форман

«Улкан» Жорж Форман (76-5-0, 68 KO) дунё боксидаги афсонавий шахсдир. Дастлаб у 70-йилларда чемпион бўлган, сўнгра 10 йиллик танаффусдан кейин рингга қайтиб, яна 10 йил давомида муваффақият қозонган. Чемпионлик камарини таққанидан 20 йил ўтгач, бу ютуғини такрорлаган.

Ўша пайтда Жорж 45 ёш, 9 ойликка тўлганида чемпион бўлиб, рекорд ўрнатган эди. Бу кўрсаткични фақат Бернард Ҳопкинс янгилай олган.

10 йилдан сўнг рингга қайтган Форман икки марта чемпион бўлишга уриниб кўрган, аммо Эвандер Ҳолифилд ва Томми Моррисонга ютқазган. Сўнгра, WBA ва IBF чемпиони Майкл Мурер уни рингга чорлаган. Қайд қилиш жоизки, Мурер Формандан 20 ёш кичик эди.

1994 йил ноябрь ойида ўтказилган жанг Жорж учун юлдузли онлар бўлди. Очколар фарқига кўра ютқазаётган Форман жанг охирида Мурерни нокаут қилишга муваффақ бўлади. Натижада, ёши энг улуғ чемпионга айланади.

Қайд қилиш жоизки, Форман 2та чемпионлик камаридан жангсиз айрилган. Дастлаб у WBA талқини бўйича чемпионликка даъвогар Тони Таккер билан жанг қилишни истамади. Сўнгра, IBF талқини бўйича Аксел Шульцни мағлуб этди, аммо такрорий реванш ўтказишдан бош тортди. Форманнинг профессионал фаолияти 28 йил давом этган.

Арчи Мур

Америкалик Арчи Мур (186-23-10, 132 KO) бокс оламидаги ноёб жангчи эди. «Кекса Мангуст» лақабини олган спортчи ярим оғир вазндаги дунёнинг энг яхши боксчиси ҳисобланади. У Жорж Формандан олдин ёши энг улуғ чемпион бўлган.

Бундан ташқари Мур 1960 йил 25 октябргача ёши энг улуғ мутлоқ чемпион ҳам ҳисобланади. Ўша пайтда у 43 ёш, 10 ойлик ва 12 кунлик эди.

Мур белгиланган вақт ичида NBA (WBA ўтмишдоши) талқини бўйича чемпионлик унвонини ҳимоя қилмаган, натижада камардан маҳрум қилинган. Шунингдек, ўша пайтдаги нуфузли Нью-Йорк Атлетика комиссияси (NYSAC) талқини бўйича ҳам узоқ вақт давомида рингга чиқмагач, камардан маҳрум қилинди. Бу 1962 йилда, боксчининг 45,5 ёш пайтида юз берди. Мур 1935-1963 йилларда фаолият юритган.

Боб Фитцсиммонс

Мавзу доирасида яна бир боксчини тилга олмасликнинг имкони йўқ. Боб Фитцсиммонс – XIX аср охири XX аср бошларидаги бокс оламининг «қаҳрамонлар даври» вакилидир. Британияда туғилган, аммо ҳаётининг кўп қисмида Янги Зеландияда яшаган «Малла» лақаби Фитцсиммонс (61-8-4, 57 KO) яна бир ноёб боксчи эди.

Боб учта (ўрта, ярим ўрта ва оғир) вазнда чемпион бўлган бокс тарихидаги илк жангчидир. Қайд қилиш жоизки, ўша пайтда ҳозиргидек 17та эмас, балки атиги 6та вазн тоифаси бор эди.

Дастлаб Фитцсиммонс ўрта вазнда чемпион бўлди (1891-1894 йилларда), сўнгра оғир (ёки мутлоқ) вазнда (1897-1899), кейинчалик, ярим ўрта вазнда (1903-1905). Бундан ташқари, «Малла» оғир вазнда чемпион бўлган энг енгил боксчи сифатида Гиннесс рекордлар китобига ҳам киритилган. Унинг вазни ҳеч қачон 80 килограммдан ортиқ бўлмаган. Ваҳоланки у 100 килограммдан ортиқ вазнга эга спортчилар билан жанг қилган.

Узоқ вақт давомида Фитцсиммонс дунё боксидаги ёши энг улуғ чемпион ҳисобланиб келди. 1903 йилнинг ноябрь ойида у ирландиялик Жорж Гарднер билан 20 раундлик жангда ғалаба қозониб, 40 ёш, 182 кунликда чемпионлик камарини таққан. Фитцсиммонс 29 йил давомида бокс жангларини ўтказган.

Дюран, Ҳолифилд, ака-ука Кличколар ва бошқалар

Сўнгги 10 йилликда профессионал боксдаги умумий эътироф этилган талқинлар (ҳозирги вақтда 4таси асосий – WBC, WBA, IBF ва WBO) кўпайди, шунингдек, вазн тоифалари сони ҳам ортди. Натижада, боксчиларнинг дунё чемпиони бўлиш имкониятлари ошди.

Шу туфайли, 40 ёшдан ошган пайтида чемпион бўлган ёки унвонга даъвогарлик қилган боксчилар сони ҳам XX асрга нисбатан анча кўпайди.

Масалан, машҳур боксчилардан панамалик Роберто Дюран (103-16-0, 70 KO) ва америкалик Эвандер Ҳолифилд (44-10-2, 29 KO) сўнгги чемпионлик камарларини мос равишда 47 ва 46 ёшда қўлга киритишган эди.

Супероғир вазнда WBC чемпиони украиналик Виталий Кличко (45-2-0, 41 KO) 42,5 ёшгача чемпионлик қилган. Унинг укаси Владимир (64-5-0, 53 KO) эса деярли 40 ёшгача чемпион бўлди. У ҳатто 41 ёшида ҳам унвонга даъвогарлик қилган эди.

Қайд қилиш жоизки, кенжа Кличко супероғир вазндаги Жорж Форман рекордини янгилаш учун рингга қайтиш нияти борлигини ҳам маълум қилган эди. Аммо Владимирнинг сўзларига кўра, ўша пайт келганида рингга қайтиш учун иштиёқи жуда ҳам баланд бўлиши керак.

40 ёшдан ошганидан кейин чемпионлик камарини таққан боксчилар орасида жанубий африкалик супер ўрта вазндаги Тулани Малинга (44-13-0, 19 KO), канадалик ярим оғир вазндаги Адонис «Супермен» Стивенсон (29-2-1, 24 KO), шунингдек, фаолиятини давом эттираётган биринчи ўрта вазндаги америкалик собиқ чемпион Корнелиус «K9» Бандрейжни (36-6-0, 20 KO) ҳам тилга олиш жоиздир. Ҳозирги вақтда уларнинг сони янада ортиб бориши учун барча шароит ва имкониятлар мавжуд.  

Мавзуга оид