Жамият | 20:55 / 26.07.2019
3832
2 дақиқада ўқилади

«1300дан ортиқ аёлларнинг бузилган меҳнат ҳуқуқлари тикланди» – вазир ўринбосари

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида меҳнат органларига хотин-қизлардан аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилишга оид 3 минг 330та мурожаат келиб тушган. Ўрганишлар натижасида 2 минг 23та ариза бўйича тушунтиришлар берилиб, 1 минг 307 нафар аёлнинг бузилган меҳнат ҳуқуқлари тикланган. Бу ҳақда бугун Олий Мажлис Сенатида ўтказилган анжуманда бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ўринбосари Баҳодир Умрзоқов маълум қилди.

Ҳисобот даврида аёлларни ишга қабул қилишда гендер нуқтаи назардан 274та, ишдан бўшатишда 319та, меҳнатга ҳақ тўлашга оид 2 минг 59та, хотин-қизларнинг камситилишига тааллуқли 432та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. 39та ҳолатда аёллар мажбурий меҳнатнинг турли шаклларига жалб этилгани аён бўлган. Ижтимоий ҳимояга муҳтож 24,7 минг нафар аёл, жумладан, таълим муассасаларини битирган қизлар, кичик ёшдаги болали аёллар, ёлғиз оналар ҳамда 14 ёшгача ва ногирон фарзандлари бор аёллар махсус захираланган иш ўринларига ишга жойлаштирилган.

Тадбирда айтилишича, иқтисодий фаол аҳоли таркибида аёллар улуши 45,7 фоизни ташкил этмоқда. Айрим соҳаларда ишлаётган ходимлар таркибида аёлларнинг улуши юқори. Масалан, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳасида уларнинг улуши 76,6 фоиз, таълим соҳасида 75,6 фоиздан иборат, яъни 10 нафар ходимнинг 7 нафари хотин-қизлар ҳисобланади.

Мавзуга оид