Самарқанд туманидаги Ўрташиқ қишлоғида жойлашган, 2017 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган мазкур корхонада 40 киши доимий иш билан таъминланган. Қурилишда ишлатиладиган 17 турдаги алюминий профили ишлаб чиқарилган. Аммо 2018 йилда бино танлов асосида сотиб юборилган.


«Салкам қирқ кишини иш билан таъминлаган, туппа-тузук ишлаб турган корхонамни кўр-кўрона «ноль» қийматда сотиб юборишди. Ваҳоланки, тегишли меъёрий ҳужжатларда қарорида ташландиқ, ҳеч ким фойдаланмайдиган давлат тасарруфидаги жойлар «ноль» қийматда берилиши кўзда тутилган эди. Биз бу жойга 2017 йилдан уч томонлама шартнома тузиб, инвестиция кириб, йирик сув иншооти, электр тармоғи тортиб келдик, салкам қирқ миллион сўмга трансформатор ўрнатдик. Хитойдан 5 миллиард сўмлик ишлаб чиқариш ускуналари олиб келдик. Энди эса, ҳаммасидан айрилиб ўтирибмиз», — дейди «KOMFORT DIZAYN» корхонаси раҳбари Беҳбуд Усмонов.
«Бугунги кунгача муаммо юзасидан вилоят ҳокимлиги, прокуратура ва бошқа органларга мурожаат қилганман. 2018 йил август ойида вилоят ҳокими қабулида бўлиб муаммони айтганимда ҳоким «қандай қилиб ишлаб турган корхона бўш бино бўлиши, қандай қилиб «ноль» қийматда берилиши мумкин?» дея танқид қилиб, Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят бошқармасининг ўша вақтдаги раҳбари Собир Холматовга муаммони ҳал қилиш юзасидан қатъий топшириқ берганди. Аммо эртаси куниёқ бошқарма бизни бинодан мажбурий чиқариш бўйича судга даъво аризаси киритди. Бошқармаси бошлиғини излаб борганимизда эса аризасини ёзиб ишдан кетганини эшитиб ҳеч нарсага тушунмай қолдик», — дейди Беҳбуд Усмонов.
Айни вақтда бўш турган бинолар Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан танловга қўйилади.

Бўш турган ва фойдаланилмайдиган бинолар бўйича маълумот эса туман ҳокимлиги томонидан тақдим этилади.
Самарқанд тумани ҳокимлиги мутасаддилари тадбиркорнинг олдиндан шу бинода ишлаб турганини эътироф этган ҳолда, бу вилоят миқёсидаги муаммо экани, тендерни вилоят идоралари ўтказишини, Самарқанд тумани ҳокимлиги бинони «бўш турган», дея маълумот бермаганини маълум қилди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармасида бўлганимизда эса айнан Самарқанд туман ҳокимлиги томонидан 2018 йил 19 январда юборилган хат билан танишдик. Унда (куни-кеча вазифасидан бўшатилган) туман ҳокими Шуҳрат Жамолов имзоси билан юқоридаги тадбиркор фаолият кўрсатиб келган бино «Бўш турган бино» сифатида тақдим этилган. Аммо бундан тадбиркорнинг ҳам хабари бўлмаган.


















