Ўзбекистон | 01:16 / 31.07.2019
8443
3 дақиқада ўқилади

Аҳолини тезкор хабардор қилиш масаласига беэътибор мансабдор шахсларга нисбатан чора кўрилиши мумкин

Фото: Fotolia

Бош вазир Абдулла Арипов раислигида Вазирлар Маҳкамасида давлат органлари матбуот хизматларини ривожлантириш масалаларига бағишланган селектор йиғилишида Президентнинг 27 июнь куни қабул қилинган матбуот хизматларини ривожлантириш тўғрисидаги қарорининг аҳамияти, айниқса, жаҳонда кечаётган ахборот қарама-қаршилиги шароитида уларнинг биринчи манба сифатидаги роли, давлат ахборот сиёсатини амалга оширишдаги мавқеини юксалтириш муҳим экани таъкидланди, деб ёзади Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева ўз Instagram’ида.

«Президентнинг ушбу қарори давлат органлари томонидан қай даражада ижро этилаётгани, очиқлик ва ОАВ билан мулоқот қилишнинг зарурлиги жойларда нақадар чуқур англанаётганига алоҳида эътибор қаратилди», деб ёзади С.Мирзиёева.

У селекторда сўзга чиқиб, давлат органлари ахборот хизматлари фаолияти юзасидан ўз фикрларини билдирган.

«Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар оқими билан танишиб бормаган, уларга тезкор ва муносиб жавоб беришга тайёр бўлмаган раҳбарлар бир лаҳзада халқнинг назаридан қолаётгани, шаънига турли туҳмат тошлари отилаётганига ҳар куни гувоҳ бўлиб турибмиз. Шунинг учун ҳам президентимизнинг юқоридаги қарорида ахборот хизматларининг асосий вазифалари белгиланган эди:

  • ахборот макони мониторингини олиб бориш ва таҳлил қилиш;
  • танқидий чиқишлар ва кенг муҳокама қилинаётган ахборот хуружларига расмий веб-сайтлар орқали зудлик билан муносабат билдириш;
  • давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти тўғрисида жамоатчилик фикрини, маҳаллий ва хорижий ОАВ позициясини ўрганиш.

Хўш, бизнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимликларнинг ахборот хизматлари фаолияти кўрсатиб ўтилган талабларга тўлиқ жавоб берадими? Матбуот котиблари юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар мазмун-моҳиятини халқимизга, кенг жамоатчиликка ва дунё ҳамжамиятига холис, ишончли, тезкор ва тўлақонли етказиб беришда ОАВ билан самарали мулоқот ўрната олдими?» — деган саволни ўртага тшлаган С.Мирзиёева.

Йиғилишда давлат органларининг ахборот фаолиятидаги камчиликлари кўрсатиб ўтилди, матбуот хизматларининг ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенжерлардаги иштироки сустлиги қайд этилган.

«Натижада, давлат органлари катта ишларни амалга ошираётганига қарамай, олиб борилаётган ислоҳотларнинг моҳияти ҳамда Президент ва ҳукумат қабул қилаётган қарорлар аҳамияти тўғрисидаги ахборотни, улар бераётган баёнотларнинг асосий мазмуни ички ва хорижий аудиторияга тўлиқ етказилиши таъминланмаяпти», деб таъкидлаган С.Мирзиёева.

Унга кўра, тадбир якунида Ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсати концепциясини тез фурсатда қабул қилиш, матбуот хизматларининг медиа маконидаги иштирокини кенгайтириш, улар ҳузурида экспертлар ва журналистлар гуруҳларини ташкил этиш, резонансли воқеалар рўй берганда давлат органлари раҳбарларининг тезкор чиқишларини уюштириш, шунингдек, аҳолини қисқа фурсатларда хабардор қилиш масаласига эътиборсиз бўлаётган мансабдор шахсларга нисбатан чора кўриш механизмини ишлаб чиқиш юзасидан таклифлар билдирилган.

Мавзуга оид