Спорт | 19:28 / 31.07.2019
12556
17 дақиқада ўқилади

«Чемпион ҳикоялари». Патрис Эвра оғир болалик, ақлсиз қилиқлари ва Фергюсоннинг финал олдидан нутқи ҳақида

Яқинда франциялик машҳур футбол юлдузи, Англия ва Италиянинг бир неча карра чемпиони, ЕЧЛ ғолиби Патрис Эвра фаолиятни якунлаётгани ҳақида эълон қилди. Эътиборингизга ушбу ёрқин футболчининг The Players Tribine порталига айтиб берган ҳикоясини ҳавола қиламиз.

Ҳеч нарсам йўқ эди. Ҳеч нарсамиз йўқ эди. Лекин худди ҳамма нарсам бордек яшаганман.

Агар сенга ҳаётимдаги асосий сирни айтишим керак бўлса, шунақа деган бўлардим – «ҳар ким бахтли бўла олади, ҳар ким бу ўйинни яхши кўриши мумкин». Дўстим, агар бошқача бўлганимда, бу ерда «Манчестер Юнайтед», «Ювентус» ва Франция терма жамоасининг собиқ қанот ҳимоячиси сифатида ёнингда ўтирмасдим. Балким, Париждаги бирор магазин ёнида, егулик учун пул тиланиб турган бўлармидим...

Беҳазил. Париж яқинидаги Лез-Юлис шаҳарчасида ота-онам, ака-сингилларим билан яшаганман. Менда улар 24 нафар эди. Ростдан. Бир уйда катта бир жамоа бўлиб яшардик. Отам элчи бўлиб ишларди, яхши пул топарди. Ҳаммамизга етарди. Шунинг учун ҳам Сенегалдан Брюсселга, кейин Лез-Юлисга кўчиб келганмиз. Аммо ўн ёшимда отам онам билан ажрашди ва кетиб қолди. Телевизордан тортиб, дивангача, ҳатто стулларни ҳам олиб кетди.

Мен отамни ҳозир ҳам жуда яхши кўраман, лекин айтишим керакки, у бизни ўшанда жуда оғир ҳолатда қолдирганди. Мен икки акам билан бир матрасда ётардик, яна бир акам эса, бошини тескари қилган ҳолатда бизга шерик эди. Овқат пишган пайтларда ўз улушимни олиш учун югуришимга тўғри келарди. Ака ва опаларим оилага ёрдам бериш мақсадида ишлашни бошлашди, лекин улар ҳам ўз жуфтларини топишгач, бошқа уйларга кўчиб кетишди. Охирида мен, онам ва бир синглим қолгандик, холос. Ўшанда мен ҳам кўчага чиқдим.

«Безори» дейишларини ёқтирмайман, лекин, мен улғайган районда, ҳар куни турли отишмалар, қотилликлар рўй берадиган жойда улғайсанг, бошқаларнинг фикри бир тийин бўлади, чунки тирик қолиш учун қўлингдан келганини қиласан – шунинг учун кўп муштлашганман, егулик, кийим ўғирлашга тўғри келган, магазин олдида ўтириб пул сўраб ўтирардим ҳам.

«Жаноб, сизда бир-икки франк топиладими?», – дейман мен.

«Йўқол, ердан супуриб оляпманми?», – деган жавобни эшитаман кўпроқ.

Бу менинг болалигим. Бу Лез-Юлис. Аммо биласанми, мен бахтли эдим. Мен доим бахтли бўлганман.

Инстаграмдаги видеоларимни кўрган бўлсангиз керак. Доим қанақадир тентакона ҳаракатлар қиламан, қўшиқ айтаман – бу бахтимни ўзгалар билан улашиш воситаси холос. Аммо биласизми, мен машҳур ва пулим кўп бўлганидан кейин шундай бўлиб қолмаганман. Бу тўқликка шўхлик эмас. Агар Лез-Юлисдаги хонадонимизга бир пайтлар ташриф буюрганингизда, худди шундай болакайни кўрар эдингиз. Мен доим рақсга тушар, турли кийимларни кийиб олиб, опаларимни кулдирардим. Ҳозир ҳам улар видеоларимни кўриб, «эй худойим, беш ёшингда ҳам шундай қилганинг эсимга тушди», деб қўйишади.  

Нега мен бунақа осон бахтли бўламан? Ҳаммаси онам туфайли. У бизни боқиш учун қанчалик кўп ишлаганини кўриб туриб, тушуниб етганман – нолишга ҳаққим йўқ. Кейин, бундан нима фойда? Агар ҳаммаси бир кун яхши бўлишига ишонсанг, албатта, ҳаммаси яхши бўлади.

Мисол учун. Мактабдаги илк кунимизда синфдагиларга катта бўлганда ким бўлмоқчи эканимизни кўрсатишимиз керак эди. Кўп синфдошларим юрист ёки доктор деб ёзишди. Мен эса, футболчи бўлмоқчи эканимни айтдим.

«Патрис, ростдан ҳам 300 бола ичида сен футболчи сифатида муваффақият қозонишингга ишонасанми?»

«Ҳа» – дедим мен.

Ҳамма кулди.

Анча вақт ўшанда ўқитувчим ҳақ бўлгандек туюлаверди. Менимча, ёмон ўйнамасдим, лекин ҳеч ким шартнома таклиф қилмаётганди. Лекин 1998 йилда, 17 ёшимда, ўртоқларим билан қандайдир турнирда ўйнаб юрганимда, бир йигит олдимга келиб, ўзимни синаб кўришни маслаҳат берди. Туринга, кўрикка бориш керак экан. У йигит ҳақида билганим, Париждаги бир рестораннинг хўжайини эди. Унга ишонишим мумкинми, иккиландим. Охири кўндим, у эса, эртасига қўнғироқ қилишга ваъда берди.

У билан Туринга бордим. Тўғри, синовдан ўта олмадим, лекин, у ерда бўлганлардан бири Италиянинг учинчи дивизионидаги «Марсала» клуби директори экан. Мени ўз клубида ўйнашга таклиф қилди. Рад этмадим. Сицилиянинг кичиккина клуби менга жаннатга йўл бўлиши ҳақида хаёл суриб, Парижга қайтдим.

Бошланиши осон бўлмади. Жамоадошларим билан Италия шимолидаги тоғли қишлоқлардан бирида учрашишим кераклигини айтишганди. Мен ҳеч қачон бир ўзим четга чиқмаганман. Италянчани билмайман. Уйдан фақат бир телефон рақами ёзилган қоғозча билан чиқиб кетгандим. Аввалига Миланга боришим, у ердан ҳалиги қишлоққа қатнайдиган поездга ўтиришим керак эди. Миланда катта экранда турли ёзувлар ёниб, ўчиб турар экан, бир мониторга, бир қўлимдаги қоғозга қарайман – менинг поездим қани?

Кейин олдимга бир нотаниш одам келди. Унинг бир кўзи кўр сенегаллик экани эсимда қолган.

«Нима бўлди, ука? Хафа кўринасан?»

Мен унга чиптамни кўрсатдим. Эҳ, поезд бир соат олдин кетиб бўлган экан.

Кейин мен унга ўз телефон рақамимни бердим. У рақамни терганида, гўшакни онам кўтарди. Ўғли бегона шаҳарда, нотаниш одам билан қолиб кетгани қўрқитиб юборди шекилли, ҳалиги одамга «илтимос, шу болани Парижга қайтадиган поездга ўтказиб юборинг», деб ёлвора бошлади.

У одам гўёки фаришта эди – «Хавотир олманг, эртага уни керакли поездга ўтказиб, юбораман».

У мени уйига олиб борди. Қорнимни тўйдирди, яна нотаниш саккиз бола билан бирга ухлаш учун жой қилиб берди, эрталаб соат олтида уйғотиб, яна вокзалга олиб келди, керакли поездни топиб, ўтказиб юборди.

Ҳозиргача у инсон нега бунчалик менга ёрдам берганини билмайман, унга миннатдорчилик ҳам билдира олмадим. Хуллас, мен ўз вагонимда эдим.

Бекатда тушганимда...

Ҳеч нарса, ҳатто бирорта ўриндиқ ҳам йўқ. Фақат шамол ва унинг овози.

Ана энди адашиб қолдим шекилли. Телефон йўқ. Фаришта йўқ. Энди нима қиламан? Кимдир келиб қолар, деб кута бошладим. Беш дақиқа. Ўн. Ярим соат. Икки соат. Ҳеч ким келмасди. Қоронғи тушди. Олти соат ўтди.

Ниҳоят узоқдан машина чироқларини кўрдим.

«Афсусдаман, биз сени поездга кеч қолдинг деб ўйлабмиз» – бу клуб директори экан. 

Мени клуб базасига олиб боришди. Форма беришди. Ойнага қарасам, дунёдаги энг бахтли болакай турарди.

«Ойи, ишонмаслигинг мумкин, лекин бу ерда менга овқат беришяпти, ҳатто ишлатгани уч хил қошиқ бор экан».

Ойим йиғлаб юборди.

Сицилиядаги илк кунимни эсдан чиқармадим. Келишим билан, бир болакай отаси билан олдимга келди ва расмга тушмоқчи бўлди. Зўр-ку, ҳали бирорта ҳам ўйинда майдонда тушмадим, лекин одамлар мени таниб олишибди-да!

Ундан расм нега кераклигини сўрадим.

«Чунки биз ҳеч қачон қора танли одамни кўрмаганмиз».

Ҳаҳа, Сицилияга хуш келибман.

Жамоадошларим ҳам мени кўриб ҳайрон қолишди. Мен жамоадаги ягона қора танли футболчи эдим. Шаҳардагилар учун ҳам бу ҳолат бироз ғалати туюлган, аммо бу расизм эмас, кўпроқ билмасликдан эди. Аслини олганда сицилияликлар анча меҳрибон эдилар. Кўчада сайр қилиб юрсам, улар мени уйларига таклиф қилишар, мен ҳам улардан бири эканимни айтишарди.

Тушунарсиз ҳолатлар сафар ўйинларида рўй берарди. Одамлар маймунга ўхшаб қилиқ қилишарди, кўрсатиб банан ейишарди. Осон эмасди, лекин бу ер Лез-Юлис эмас, кучли бўлишим керак.

Бир йил ўтиб, В Сериядаги «Монце» клубига ўтдим. Кейинги йили Франциянинг қуйи лигасида ўйнаб юрган «Ницца»га бордим. У пайтларда мен ҳужумчи бўлганман. Бир куни чап қанот ҳимоячиси жароҳат олганда мураббий Сандро Салвиони мени ҳимояга қўйди. Жуда жаҳлим чиқди.

«Бундай қила олмайсиз, мен ҳужумчиман», – дедим.

Ёмон томони, мен янги позицияда жуда яхши ўйнадим.

«Пет, биласанми, нега яхши ўйнадинг? Чунки бу позицияда ўйнашни ёқтирмайсан», – деди бир куни мураббий.

У тўғри гапирганди. Мен ўзимни кўрсатиш учун тинмай олдинга борар, бор жаҳлимни ўйиндан олардим. Иккинчи йили мавсумнинг энг яхшилари қаторига кирдим ва «Монако» мени таклиф қилди. Франциянинг энг катта клубларидан бири. Ниҳоят катта маош ола бошладим, онамга уй сотиб олдим. 

2005 йилни шундай ўтказдимки, кейинги йилнинг январида мени «Манчестер Юнайтед» сотиб олди. Эсингиздадир, Манчестер дербисида дебют қилгандим. Катта ўйин. Ўйин соат 12:45да бошланиши керак – мен француз учун ноқулай вақт. У ердаги нонушталар ҳам ёқмасди, шунинг учун, ўйинга тайёр бўлишга нима ейишни билмадим. Кўнглим айний бошлади. Хонамга чиқиб, нима қилишни ўйлай бошладим. 

Фергюсоннинг олдига бориб, мазам йўқлигини айтайми?

Йўқ, Патрис, ундай қилма. Сени қўрқоқ деб ўйлашади, ўйнашинг шарт!

Автобусда бошим айлана бошлади. Ҳаво иссиқ, қуёш чарақлаб турарди. Тревор Синклер билан ҳавода тўп учун курашдим... ва башарамга қаттиқ тирсак урилди. Ҳаммаёқ қон. Нималар бўляпти? Бунча кучли булар, Монте Карлода хотиржам ўйнаб юрардим-ку, деди ички овозим.

Танаффусгача 0:2 ҳисобида ютқазяпмиз. Фергюсон ғазаб отига минган.

«Патрис, сенчи? Тамом, етади. Энди, бир четда ўтириб, қанақа ўйнашни ўрган. Инглиз футболига кўникишинг керак», – деб бақирди менга. 1:3 ҳисобида ютқаздик. Жуда хафа эдим.

Бир неча ой ўтиб, Франция жаҳон чемпионатига борадиган таркибни эълон қилди. У ердан жамоадошларим – Луи Саа ва Микаэл Силвестрга жой топилганди, лекин мен йўқ эдим. Аччиқ устида эдим. Бутун ёзни машғулот залида ва французларнинг финалга чиқиб боришларини томоша қилиб ўтказдим. Мен у ерда бўлишим шарт эди. Тентак каби шуғулландим. Кўпроқ, яна кўпроқ. Оғриқларми? Айнан шу керак! Мен ҳатто таътилга ҳам чиқмадим.

Мен «Юнайтед»да ўйнаш учун нима қилиш кераклигини билмасдим. Бу ерга ўзимни катта футболчи ҳисоблаб келгандим, лекин «Юнайтед» ҳаммадан каттароқ эди. Сиз кубок ўйинида қандайдир бешинчи дивизион жамоасига қарши ўйнашингиз мумкин, лекин стадионга 76 минг мухлис ташриф буюради. Монакода олти минг томошабин қаршисида ўйнардик, ҳатто баъзиларнинг телефони жиринглаганини ҳам эшитиш мумкин эди. Беҳазил.

Мавсумолди йиғинларга келганимда мен ҳам доимгидан кучлироқ, ҳамда ҳар доимгидан тезроқ эдим. Мени тўхтатиб бўлмасди. Шунинг учун ҳам ўша «Сити» билан ўйин фаолиятимдаги муҳим палла бўлганини кўп айтаман. Мен ўзимни ҳеч ким эмаслигимни ҳис қилишим керак эди, бу ҳам бир тажриба эди – «нимагадир эришмоқчи бўлсанг, меҳнат қилишинг шарт».

Айтишим керакки, мен ўзлигимни «Юнайтед»да топганман. Қаранг, агар ўйин олдидан кийим алмаштириш хонасига кириб қолсангиз, ишонмасдингиз, ҳамма ўйинга тушган, ашула айтган – мен диджей эдим, рок, рэп, ҳаммасидан бор. Кейин Фергюсон киради, «қанақа мусиқа бу?» дейди энсаси қотиб. Кейин мен унга Синатрани қўйиб бераман. Катта ўтириш бўлаётганга ўхшайди. Аммо ўйин вақти яқинлашиб, Фергюсон охирги кўрсатмаларини беришни бошлаганда, мусиқа ўчади, ҳамма жим – биз бирданига бир-бири учун ўлишга тайёр жангчиларга айланамиз.  

Худди мана шундай характер ва профессионализм «Юнайтед»да бизни чулғаб олганди. Биз кўнгилхушлик қилардик, аммо ишлашга келганда ишлардик ҳам. Бу ДНКда бор, балки шунинг учун мен «Юнайтед»га айланганман. Баъзида жамоага ҳаддан ташқари вақт сарфлаб юбораётгандек туюлардим, ҳалиги машҳур баннер бор-ку: «Юнайтед, болалар, рафиқа – худди шу тартибда».

Бу қизиқ. Лекин Манчестерда муваффақият қозонмоқчи бўлсанг, шундай бўлиш шарт.

2014 йилда жамоани тарк этишим мен учун энг оғир қарор бўлганди. Бу ҳақида бирор кун айтиб берарман, аслини олганда, мен у ерда фаолиятимни тугатишни истаган бўлардим. 

Лекин «Юнайтед»дан кетишга қарор қилгач, айнан «Ювентус» аъзосига айланганимдан хурсандман. Туриндаги 18 ой вақт менга «Юнайтед»даги ҳаёт шунчаки, байрам эканини кўрсатиб берди. Даҳшат.

Биз жуда кўп югурардик. Агар гол ўтказиб юбормасак, бизни рақибга жуда кўп бурчак тўпи берганимиз учун айблашарди. Эсимда, бир куни «Торино»га ютқазиб қўйдик, лекин турнир жадвалида 15 очко фарқ билан пешқадамлик қилаётгандик. Ишонасизми, эртасига машғулотга чиқсам, худди кимдир вафот этгандек кайфият ҳукм сурарди. Бир марта Маркизио ўзини ёмон ҳис қилди ва бир муддат тўхтади. Лекин ҳамма машғулотини тугатгач, уни чақириб, ўша машқларни қилишга мажбур қилишганди.

Ҳаммаси жиддий. Бу – «Ювентус».

«Юнайтед» эса, йигитлар, бу - «Юнайтед», шунчаки, худди ўзим.

«Ювентус»дан кетгач, ғолиблар руҳиятини соғина бошладим. Энди, ўттиз саккиз ёшимда эса, нафақага чиқишим кераклигини англамоқдаман. Яхши одам бўлмоқчиман.

Балки айтишим шарт эмасдир, Сенегалда иккита болалар уйи очдим, у ерда тўрт юздан ортиқ болалар яхши ётоқ ва овқат билан таъминламоқда. Бу ҳаётимдаги энг яхши ишим. Яна бояги каби видеолар олишда давом этаман, чунки доим бахтим билан бўлишмоқчиман. «Патрис, мен отамдан айрилдим, лекин қўйган видеони кўриб, юзимга табассум югурди», деб бир мухлис ёзганида, ўзимни қандай ҳис қилганимда тасвирлай олмайман.

Айниқса, панда билан видеолар. Кўп лавҳаларда мен панда билан ўйнашаётган бўламан ёки шунақа либос кийиб оламан. «Пандадек бўл,у қора, оқ, осиёлик ва семиз. Расист бўлма!», – дейман кейин.

Бу кучли гап. Панда одамларга ҳамма тенг экани, бошқаларнинг кўриниши, ранги, сочи ёки кўзларига қараб баҳо бермасликни ўргатади. Биз ҳаммамиз бир оиламиз.

Панда менга Фергюсоннинг Москвадаги ЕЧЛ финали олдидан айтган гапларини эслатади. Босс кириб келганида, биз кийим алмаштириш хонасида ўтирардик. Пашшанинг учгани эшитилади. «Мен ютиб бўлдим...» - деди у.  

Биз бир биримизга қараб қолдик.

«Мен ютиб бўлдим» – деди Фергюсон, - «биз энди бу ўйинни ўйнамасак ҳам бўлади».

Нималар деяпти у? Ўйин ҳали бошланмади-ку?!

Кейин Фергюсон мен томон ўгирилди.

«Патрисга қаранглар» – деди у, - «унинг 24 нафар ака-сингиллари бор эди. Тасаввур қил, унинг онаси столда етарли овқат бўлиши учун нималар қилганди...»

Кейин Рунига қаради. «Уэйнга қаранглар, у Ливерпулнинг энг қашшоқ районларидан бирида катта бўлган...»

Кейин Пак Жи Сунга қаради. «Ана, Жи, у Жанубий Кореядан келиш учун нақадар узоқ йўл босган».

Босс шундай қилиб, ҳар биримизнинг ўтмишимизга тега бошлаганди, тушуна бошладик, у бизнинг қардошлигимизга шама қилаётганди. Биз шунчаки, футбол жамоаси эмасдик, биз турли маданият, дин, ирқдан келиб, йиғилган, энди Москванинг бир хонасида умумий мақсад учун курашаётган ака-укалар эдик. Футбол туфайли.

«Бу менинг ғалабам», – деди Фергюсон.

Этларим жимирлаб кетди. Биз чиқиб, Чемпионлар Лигасини ютдик.

Мана нима учун мен футболни яхши кўраман...

Патрис Эвра

Мавзуга оид