Ўзбекистон | 21:47 / 02.08.2019
19316
3 дақиқада ўқилади

Агриппина Шин: “Мактабгача таълим тизимида энг кўп коррупцион ҳолатлар озиқ-овқат масаласи билан боғлиқ бўлиб қолмоқда”

“Мактабгача таълим тизимида кузатилаётган энг кўп муаммолар ҳам, энг кўп коррупцион ҳолатлар ҳам озиқ-овқат таъминоти билан боғлиқ. Бу ҳақда мактабгача таълим вазири Агриппина Шин мактабгача таълим тизимини ривожлантириш концепциясига бағишланган матбуот анжуманида айтиб ўтди.

Вазирга кўра, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан МТМларни таъминлаш оғриқли масала бўлиб қолмоқда. Яқинда қабул қилинган “Мактабгача таълим муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда бу борада тизимли ишлар олиб борилмоқда.

“Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари билан келишган ҳолда меъёрлаштирилган овқатлантириш тартиби ишлаб чиқилмоқда. Боғчаларда овқатдан заҳарланиш ҳолатлари кўпинча озиқ-овқат маҳсулотларини сифатли ҳолда сақлашдаги муаммолар билан боғлиқ бўлади. 

Тошкент шаҳрида пилот лойиҳа сифатида аутсорсинг овқатлантириш тизими йўлга қўйилади. Бу бўйича бизда миллий тажриба йўқ. Методология ҳам ишлаб чиқилмаган. Мирзо Улуғбек туманидаги мактабгача таълим муассасаларида Россия компанияси билан ҳамкорликда аутсорсинг тизими ишга тушади. Улар 500 минг АҚШ доллари ҳажмида пул ажратиб, овқатлантириш тизимида техник ҳолатни яхшилаш мақсадида совуткичлар харидини амалга оширади. Уларнинг тажрибасини ўрганган ҳолда, бошқа ҳудудларда ҳам татбиқ этишни режалаштирганмиз”, ─ дейди мактабгача таълим вазири.

“Мактабгача таълим муассасаларида ишловчи ошпазлар ҳам асосан умумий овқатланиш тизими учун тайёрланган кадрлар ҳисобланади, улар болалар таомномаси бўйича мутахассис эмас. Шунинг учун уларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилмоқда”, ─ дея қўшимча қилди Агриппина Шин.

Шунингдек, матбуот анжуманида мактабгача таълим муассасаларида канцелярия ва гигиена воситалари учун ота-оналардан пул сўралиши ҳолатлари ҳақида ҳам сўз борди.

Мактабгача таълим вазири ўринбосари Шодиёр Маматқуловнинг ахборот беришича, мактабгача таълим муассасалари учун керакли воситалар ва жиҳозларнинг қайсилари давлат бюджети маблағлари асосида, қайсилари ота-оналар томонидан молиялаштирилиши бўйича нормалар белгилаб чиқилмоқда. 

“Ҳозирда эса ота-оналар канцелярия маҳсулотларини ўз ихтиёрларига кўра сотиб олиб беришлари мумкин. Аммо санитария-гигена воситалари давлат бюджети ҳисобига марказлашган ҳолда етказилади. Улар учун ота-оналардан пул талаб қилинмаслиги лозим”, ─ деди вазир ўринбосари.

Мавзуга оид