Ўзбeкистон триатлон фeдeрацияси раисининг биринчи ўринбосари Марказий Осиё триатлон ассоциацияси вице-прeзидeнти лавозимига сайланди
2 август куни Олмаота шаҳрида Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон миллий триатлон федерацияларини ўз ичига олган Марказий Осиё Триатлон ассоциациясининг (CАТА) иккинчи конгресси бўлиб ўтди.
CАТА президенти Галимжан Есенов раислигида ўтказилган конгрессда CАТА аъзолари – Ўзбекистон триатлон федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Фаррух Носиров, Қирғизистон триатлон федерацияси президенти Чингиз Алканов ва CАТА бош котиби Максим Крят иштирок этдилар. Конгрессга фахрий меҳмонлар, шу жумладан Эрон триатлон федерацияси президенти Маҳди Гудзари ва Афғонистон миллий триатлон федерацияси спорт масалалари бўйича директор ўринбосари Насер Аҳмадий ҳам таклиф этилди. Учрашув натижаларига кўра яқин келажакдаги асосий мақсадлар, аниқ вазифалар белгиланди ва бир қатор муҳим қарорлар қабул қилинди.
Ассоциация режаларидан жой олган муҳим йўналиш – Марказий Осиё минтақасини Осиё қитъасида триатлонни ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича етакчилар қаторига киритиш. Бунинг учун CАТА фаолиятини медиа-маконда фаол ёритиб бориш, мукаммал меъёрий-ҳуқуқий база яратиш, триатлон спорт турида иштирок қамровини CАТАга аъзо ҳар бир мамлакатда аҳолининг 1 фоизигача ошириш ва профессионал триатлетлар ва паратриатлетларни дунёнинг Топ-30 ва Осиёнинг Топ-5 рейтингига киритиш учун тайёрлаш режалаштирилмоқда.
Афғонистон Миллий триатлон федерацияси ва Эрон Триатлон федерациясининг CАТАга аъзо бўлиши конгресс аъзолари бир овоздан қабул қилган муҳим қарорлардан бирига айланди. Бир овоздан қўллаб-қувватланган таклиф билан Ўзбекистон триатлон федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Фаррух Носиров CАТА вице-президенти этиб сайланди. Чингиз Алканов CАТА етакчи вице-президенти лавозимига сайланди. Делегатлар, шунингдек, Ассоциация тизимида Ҳуқуқий, Медиа, Рақобат ва Паратриатлон қўмиталарини яратишга доир қарор қабул қилдилар.
Шунингдек, CАТА шафелигида ўтказиладиган триатлон бўйича биринчи старт 2019 йил 5 октябрга белгиланди. Ушбу тарихий стартнинг асосий хусусияти шундаки, у трансмиллий бўлади, яъни пойга Чимкент шаҳрида 1,1 км сузиш масофасидан бошланади, кейин спортчилар Чимкентдан Ўзбекистон пойтахтига қадар 121 км масофани босиб ўтиб, мусобақа охирида Тошкент кўчаларида 11 км югурадилар. Ушбу старт Ўзбекистонда Қозоғистон йилига бағишланади.
Паратриатлон бўйича CАТА биринчи старти эса жорий йилнинг 22 сентябрь куни Қозоғистондаги Актау шаҳрида бўлиб ўтган биринчи Осиё кубоги доирасида ўтказилади.