Россиялик шансончи Вилли Токарев вафот этди
Россиялик таниқли қўшиқчи ва бастакор Вилли Токарев 85 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда унинг ўғли хабар берди.
Қўшиқчининг ўлимига онкологик касаллик сабаб бўлган. Токаревнинг дафн санаси кейинроқ маълум қилинади.
Вилли Токарев рус шансони услубида ижод қилган. 1974 йилда АҚШга кўчиб ўтган ва дастлаб у ерда почтачи ва таксичи бўлиб ишлаган. 1979 йилда ўзининг “А жизнь — она всегда прекрасна” деб номланган илк пластинкасини чиқарган. Бироқ қўшиқчининг бу ижод маҳсулига талаб бўлмаган. Аммо бир неча йилдан кейин унинг “В шумном балагане” деб номланган иккинчи пластинкаси чиққан ва у қўшиқчини рус муҳожирлари орасида машҳурликка эриштирган.
Токарев бир неча йил давомида Нью-Йоркнинг Брайтон-Бич туманидаги рус ресторанларида қўшиқ куйлаб юрган. Унинг машҳур қўшиқлари орасида “"Небоскребы”, “Журавли” кабилар бор. Токарев умумий ҳисобда 50 га яқин альбом ёзган.
1989-1990 йилларда артист собиқ иттифоққа гастроллар билан келган, кейинроқ эса Россияга доимий яшаш учун қайтиб келган.