Мамлакатимизда мустақил суд ҳокимияти зиммасига фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоялаш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, адолатни қарор топтириш  вазифаси юклатилган.

Судлар инсон ҳуқуқлари ҳам­да қонуний манфаатларини Конституция ва амалдаги қонунларга таяниб, ваколатлари доирасида ҳимоя қилмоқдалар. Бунинг самараси ўла­роқ фуқароларнинг суд ҳокимиятига, адолат бар­қарорлигига, қонун устуворлигининг бардавомлигига ишончи тобора ортмоқда.

Масалан, Қ. Файзиев (исм-фамилиялар ўзгартирилди) судга ариза билан мурожаат қилиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 7 октябрдаги "Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун танлов асосида ер участкалари бериш тартиботларини ва қурилиш учун рухсатномалар олиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида вилоят ҳокимлиги томонидан ўтказилган танловда иштирок этиб, ғолиб деб топилганини қайд этган.

Шундан сўнг туман ер участ­калари бериш (реализация қилиш) комиссиясининг 16-сонли далолатномасига асосан Иштихон туман ҳокимининг Қ. Файзиевга тумандаги "Қиёт" маҳалла фуқаролар йиғини, Бойлар қишлоғи ҳу­дудида Сунъий қопламали стадион қуриш учун 1000 квадрат метр ер майдонини доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиш тўғрисида қарори қабул қилинган. Ушбу ер майдонини давлат рўйхатидан ўтказиш туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси зиммасига юклатилган.

Ҳамма муаммо шундан бошланган. Чунки Қ. Файзиев туман ер тузиш ва кўч­мас мулк кадастри давлат корхонасига ер майдонини давлат рўйхатидан ўтказишни сўраб, бир неча марта мурожаат қилади.

Ле­кин туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри мутасаддилари стадион қу­риш учун ажратилган ер майдони низоли эканини рўкач қилишдан нарига ўтишмайди.

Шундан сўнг Қ. Файзиев туман ҳокимининг қарорига асосан ўзининг номига ажратилган 1000 квадрат метр ер майдонини давлат рўйхатидан ўтказиб бериш мажбу­рия­тини туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизмати зиммасига юклашни сў­раб, судга мурожаат қилади. Иштихон туман маъмурий судининг 2018 йил 5 февралдаги ҳал қилув қарори билан Қ. Файзиевнинг мурожаати қаноатлантирилди.

Ўз навбатида, суднинг уш­бу қароридан норози бўлган ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри Иштихон туман давлат корхонаси раҳбари Ғ. Очилов кассация тартибида шикоят берди. Кассация инстанциясининг очиқ суд мажлисида Ғ. Очилов суд ишни бир томонлама кўр­гани, ҳақиқий ҳолатга етарлича баҳо бермагани, ушбу низоли ер майдони туман ҳокимининг 2017 йил 14 январдаги қарори билан ҳаммом қу­риш учун В. Турдиевга ажратилганини баён қилди. Фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туман судига В. Турдиев Қ. Файзиев томонидан ер майдонига ўзбошимчалик билан тўкилган тошни олдириш ҳа­қи­да даъво аризаси билан мурожаат қилгани, суд қарори қабул қилинганини билдирди.