Ўзбекистон | 15:00 / 07.08.2019
6700
2 дақиқада ўқилади

«Бу йилги сурункали ёғингарчилик дренаж тизимидаги камчиликларимизни яққол кўрсатиб берди» – Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Бугун, 7 август куни, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари ва журналистлар иштирокида «Тошкент шаҳридаги ёғингарчилик мавсумларида сув тошқинларининг олдини олиш тизими муаммолари» мавзусида анжуман бўлиб ўтди.

Унда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмонқулов бу йилги аномал ёғингарчилик туфайли юзага келган вазият ва унинг сабаблари ҳақида маълумот берди.

«Бу йилги ёғингарчилик кескин талафотларни келтириб чиқарди. Биргина Тошкент шаҳри чорраҳаларида, асосий йўлларда ва ички кўчаларда сув тўпланиши ва тошиши ҳолатлари юз берди. Ўрганишлар натижасида Тошкент шаҳрида 77та ҳудудда дренаж қувурлари яроқсизлиги аниқланди. Ҳозирги кунгача 58тасида тўлиқ таъмирлаш ишлари олиб борилди. Аниқланган жойларда талафотларни бартараф этиш ишлари аҳоли ҳаракатланишига халақит бермаслик учун соат 23:00дан соат 6:00га қадар олиб борилди. Қолган 16та ҳудуддаги носозликларни йил охиригача тугатишни режалаштиряпмиз, аммо ваъда беролмаймиз. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, бу катта маблағ талаб қилади. 2-3 йил муддатда ушбу ҳудудлардаги дренаж муаммолари тўлиқ бартараф этилади. Ёғингарчилик бизга дарс бўлди. Қаерда муаммоларимиз борлигини билиб олдик, камчиликларимизни яққол кўрсатиб берди», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Таъкидланишича, дренаж тизимини яхшилаш учун маблағлар молия институтлари грантлари ҳисобидан қопланади. Жорий йилнинг июль ойидан бошлаб Тошкент шаҳар ҳокимлиги Осиё Тараққиёт Банки билан музокораларга киришган. Кредит маблағлари жалб этиш бўйича лойиҳа паспортлари ишлаб чиқилди. Айни вақтда Осиё Тараққиёт Банки, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳридаги инвестиция ва ташқи савдо бошқармаси маблағ ажратиш масаласини ўрганишмоқда.

Мавзуга оид