Ўзбекистон | 16:45 / 07.08.2019
47967
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон сувнинг юқори танқислиги мавжуд бўлган мамлакатлар рўйхатига киритилди

Фото: Tim J. Keegan/Flickr

Ўзбекистон сувнинг юқори танқислиги мавжуд бўлган мамлакатлар рўйхатига киритилди. Бу ҳақда Дунё ресурслари институти (WRI) томонидан 6 август куни эълон қилинган ҳисоботда айтилмоқда. Ташкилот томонидан жами 164та мамлакатдаги вазият ўрганиб чиқилган.

Ўзбекистон билан бирга сувнинг юқори танқислиги мавжуд бўлган мамлакатлар рўйхатидан 27та давлат жой олган. Уларнинг орасида Туркия, Миср, Италия, Испания, Португалия, Ироқ, Афғонистон ва Қирғизистон ҳам бор.

Туркманистон эса сувнинг танқислиги ўта юқори бўлган мамлакатлар рўйхатига киритилган. Унда 17та мамлакат, жумладан Қатар, Исроил, Ливан, Эрон, Иордания, Ливия, Кувайт, Саудия Арабистони, БАА, Ҳиндистон ва Покистон бор.

Тожикистон ва Қозоғистон эса сувнинг ўртача-юқори танқислиги мавжуд бўлган давлатлар қаторидан жой олган.

Ҳисоботда айтилишича бу мамлакатлар сув ресурсларининг 80 фоизи қишлоқ хўжалиги, саноат ва шаҳарларни таъминлашга сарфланмоқда.

Дунё ресурслари институти (WRI) сув танқислигининг салбий оқибатларини пасайтиришга ёрдам берадиган бир қанча тавсияларни ҳам келтириб ўтади.

• Қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш: далаларни суғориш учун мўлжалланган ирригация тизимини яхшилаш, жуда кўп сув талаб қилмайдиган уруғлардан фойдаланиш, қишлоқ хўжалигининг тежамкор технологиялари бўйича изланишлар олиб бориш ва уларни жорий қилишга маблағ йўналтириш.

• сув таъминотидаги мавсумий тебранишларни мувозанатга келтириш учун сувни тозалаш иншоотлари ва сув омборларини лойиҳалаштириш ва қуришга маблағ йўналтириш.

• сувдан такроран фойдаланиш йўлларини излаш. Масалан, Вашингтонда сув тозаловчи станция канализация сувларини тозалаш жараёнида биозолид (компост) олмоқда.

Қайд қилиш жоизки, Ўзбекистонда сув тозалаш станциялари ва сув омборлари бор, аммо мамлакатнинг ирригация тизими абгор аҳволга келиб қолган. Бундан ташқари, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашда ҳам муаммолар бор.

Мавзуга оид