Айрим ташкилотчилар ўзларининг ҳамкорлари – истеъмолчиларни алдаш ва талон-торож қилиш орқали ривожланишга ҳаракат қиляптилар, дея хабар беради Энергетика вазирлиги.
Бундай ҳолатлар, жумладан, “Ўзнефтгазинспекция” томонидан нефть маҳсулотлари ва газни ўз вақтида ва сифатли етказиб берилишини ўрганиш бўйича бутун мамлакат бўйлаб ўтказилган назорат тадбирларида аниқланган.
Хусусан, жорий йилнинг 22 июлида Тошкент вилояти ҳудудида ўтказилган текширишларда қатор жиддий қонунбузарликлар фош этилди.
Мисол учун, Чиноз туманидаги "Пахта нефть базаси" масъулияти чекланган жамияти томонидан фермерларга ёқилғи тақсимлаш пайтида 81 минг 365 литр камомад юзага келганлиги, шунингдек, ортиқча 140 литр ЭКО дизел ёқилғиси мавжудлиги аниқланган. Ҳисоботлардаги маълумотлар ва дизел ёқилғисини амалда қўллаш ўртасида 854 минг 730 литр номувофиқлик пайдо бўлган. Шунингдек, техник ва метрологик сингари бошқа камчиликлар ҳам аниқланди.
Агар истеъмолчилар олдидаги мажбуриятларни бажариш борасида аниқ далилларга мурожаат этадиган бўлсак, Охунбобоев номидаги ФЁТП №13 12 минг 235 литр, ФЁТП №11 51 минг 209 литр, Ҳ.Олимжон номидаги ФЁТП №41 7 минг 130 литр, Тошовул номли ФЁТП №36 10 минг 791 литр ёқилғи камомадига йўл қўйган.
Фермерларга ёқилғи тарқатиш пунктларида аниқланган ортиқча ЭКО дизел ёқилғилари ҳақида гап кетганда, бундай ҳолатларга Абай номидаги ФЁТП №22 (63 литр), Улуғбек номидаги ФЁТП №8 (77 литр) йўл қўйилганлиги маълум бўлган.
Талон-торож этиш орқали бойиш фактлари Ўрта Чирчиқ тумани ҳудудида ўтказилган текширишлар жараёнида ҳам аниқланди. Жумладан, "Кучлик нефть базаси" МЧЖ фермерларга ёқилғи тақсимлаш пунктида экологик тоза дизел ёқилғиси камомади 200 литр, АИ-80 маркали бензин камомади 8 минг 190 литрни ташкил этиши маълум бўлди. Шунингдек, бу ерда 8 минг 44 литр ортиқча дизел ёқилғиси мавжудлиги аниқланиб, мазкур турдаги ёқилғининг ҳақиқий таъминоти ва ҳисоботлардаги рақамлар ўртасидаги фарқи 40 минг 5 литрни ташкил этиши аниқланди.
Текширувлар вақтида худди шундай қонунбузарликларга “Турон” ФЁТП - №1, “Навбаҳор” ФЁТП №20, М.Улуғбек номли ФЁТП №37 ҳамда “Ачамайли” “Ачамайли” №77 да йўл қўйилгани маълум бўлди.
Айни бир вақтнинг ўзида ёқилғи тақсимлаш пунктларида сақланаётган нефть маҳсулотларининг сифати ҳам ўрганилган. Ушбу мақсадда олинган намуналар ҳозирги кунда “Ўзнефтгазинспекция” кимё-назорат лабораторияларида назоратдан ўтказилмоқда.












