Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари автомобиль йўлларида кавлаш ишлари кўпайганига изоҳ берди
Бугун, 7 август куни, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари ва журналистлар иштирокида «Тошкент шаҳридаги ёғингарчилик мавсумларида сув тошқинларининг олдини олиш тизими муаммолари» мавзусида анжуман бўлиб ўтди.
Унда қатнашган Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосари Бахтиёр Раҳмонбердиев пойтахтдаги автомобиль йўлларида кавлаш ишлари кўпайгани сабабини тушунтирди.
«Тошкент шаҳрида яқин 2-3 йилда қурилиш ишлари жадаллик билан олиб бориляпти. Урбанизация жараёнида аҳоли сони кўпаймоқда. Шунга яраша инфраструктурани ҳам мослаштириш талаби қўйиляпти. Мавжуд дренаж қувурлари бунақа босимга бардош беролмаслиги аниқ. Буларни ҳисобга олиб қанақа чоралар кўриляпти? Эскирган, яроқсиз ҳолатга келтирилган қувурлар янгисига алмаштириляпти ёки таъмирланяпти. Шу сабабли ҳам автомобиль йўлларида кавлаш ишлари бўлиб ўтаётгани аҳоли ҳаракатланиши учун қийинчилик туғдиряпти, аммо бу вақтинчалик ҳолат», дея ҳоким ўринбосарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Ҳоким ўринбосарининг қўшимча қилишича, шаҳар кенгайиб бораётгани ҳисобига электр, сув, иссиқлик таъминоти, канализация тармоқларини алмаштириш, мавжудларини таъмирлаш ишларини олиб бориш талаби қўйилган.
«Биргина канализация тизими гапириладиган бўлса, сўнгги 15 йил ичида бу бўйича қурилиш бўлмаган. Бу йил 50 километрдан ортиқ канализация қувурлари ўрнатиляпти. Шу билан бир қаторда, шаҳар аҳолисини тоза ичимлик суви билан тўлиқ таъминлаш чоралари кўриляпти. 17 млрд сўмга 25 километрли масофага тоза ичимлик суви етказиб берилмоқда», дейди у.