Юрак-қон томир тизими касалликлари — юрак, артериялар ва веналар касалликлари. Улар жуда кўп ва хилма-хил. Бу касалликларнинг баъзилари (ревматизм, миокардит ва бошқалар) юракни, айримлари артерия (атеросклероз) ёки веналарни (масалан, тромбофлебит), бошқалари бутун юрак-қон томир тизимини шикастлайди (гипертония касаллиги).
Юрак-қон томир тизими касалликлари дунё бўйича ҳозирги кунга қадар ногиронлик ва ўлимнинг асосий сабаби эканлигича қолмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, барча ўлим ҳолатларининг 56 фоизи юрак-қон томир тизими касалликлари оқибатида келиб чиқади. Европа мамлакатларида юрак-қон томир касалликлари йилига 4,3 млн (48%) аҳоли ўлимига сабабчи бўлади.
Давлат статистика қўмитаси хабарига кўра, Ўзбекистон Республикасида 2019 йилнинг январь-июнь ойларида вафот этган фуқароларнинг 62,1 фоизи ҳолатда айнан қон айланиш тизими касалликлари сабаб қилиб кўрсатилган.
Юрак-қон томир тизими касалликлари инсоннинг турмуш тарзи ва мавжуд хавф омиллари билан узвий боғлиқ. Кўпгина хавф омиллари турмуш тарзини ўзгартириш орқали назорат қилинса, айримлари (артериал гипертония, дислипидемия ва қанд миқдори) медикаментоз йўли билан коррекция қилинади.
Айнан юрак-қон томир тизими касалликлари билан оғриган беморлар ва бу турдаги касалликларга қарши профилактика ўташни истаганлар учун Жанубий Кореядаги кўп тармоқли Seul Samsung Medical Center клиникасидан профессор Ли Санг Чул Тошкентга яқинда ташриф буюрди ва «Ўзингни Англа» кўрсатувида иштирок этди.

Кўрсатувда профессор юрак касалликлари турлари, қон тизими соҳасидаги хавфли ҳолатлар ва белгилар ҳақида маълумот, шунингдек, санаб ўтилган муаммоларнинг олдини олиш ҳақида ҳам ўз маслаҳатларини берди.
Эътиборлиси профессор Ли Тошкентдаги Himedi консультация марказида ҳам юрак касалликлари ва замонавий даволаш усуллари бўйича ўз маслаҳатларини берди. Уларнинг айримлари билан танишамиз:
Кардиомиопатия - миокарднинг бирламчи шикастланиши билан боғлиқ касалликлар бўлиб — юрак-томир касалликлари, артериал гипертония, орттирилган ва туғма юрак пороклари бўлмаган ҳолда юрак мушакларида тизимли ва функционал салбий ўзгаришлар мавжудлиги ҳисобланади.
















