Донор сўзи лотинчадан таржима қилганда «туҳфа қилмоқ» деган маънони англатади. Чунки донор ўз қонини бериш орқали жамиятдошининг ҳаётини сақлаб қолиши, унга янги ҳаёт туҳфа қилиши мумкин. Донорлик икки шаклда: қон ва ички органларни тўлиқ ёки бир қисмини бериш орқали амалга оширилади. Ички органлар донорлиги ҳам ҳуқуқий, ҳам тиббий жиҳатдан мураккаб масала. Қон донорлиги учун эса ҳар доим талаб ва таклиф мавжуд. Қон донорлиги амалиётининг бир қанча тиббий, ҳуқуқий ва диний томонлари мавжуд.

Кимлар донор бўла олади?

18 ёшдан 60 ёшгача бўлган, оғирлиги 50 килограммдан юқори, ўзини соғлом деб билган, ирқи, касби, жинсидан қатъи назар ҳар бир инсон қон ва унинг компонентлари учун донор бўла олади.

Республика қон қуйиш маркази директори Аълонур Саидовнинг маълумот беришича, хирургик  жараёнларда (юракда ва таянч-ҳаракат органлари жарроҳликларида),  аъзони кўчириб ўтказишда, онкологик касалликларда, гематологик хасталикларда (лейкоз, оғир даражали камқонлик), патологик туғруқ жараёнларида – она ва болани сақлаб қолиш мақсадида, бахтсиз ҳолатларда (авария, ёнғин ва бошқа) донорлик асосидаги қондан фойдаланилади.

Инсон организмида 4,5 – 5 литр қон бўлади. Кўп йиллик илмий изланишлар ва кузатувлар шуни кўрсатадики, 500 мл.гача қон топшириш организм учун хавфсиздир. Ҳар бир донорлик амалиётида ўртача 350-400 мл қон олинади.

Донорлар нималарга риоя қилиши керак?

Донорлик амалиётини бажаришдан аввал қон берувчи ўз саломатлигини муҳофазалаш ҳамда топширилажак қон сифатини яхшилаш мақсадида бир неча жиҳатларга диққат қаратиши лозим.

Мунтазам равишда тўлақонли овқатланиш, кун давомида кўпроқ суюқликлар истеъмол қилиш муҳим. Амалиётдан 2-3 соат олдин ёғли, аччиқ таомлар истемол қилмаслик лозим. Ёғли овқатлар қоннинг сифатига таъсир қилади ва унинг даво самарасини камайтиради. Оч қоринга қон топшириш мумкин эмас, шунинг учун донор эрталаб енгил нонушта қилиб келиши лозим бўлади.

Тиниқиб ухлаш лозим. Тунги навбатчиликдан кейин қон топшириш тавсия этилмайди, чунки навбатчиликда кўп қувват сарфланади, бу эса организмда модда алмашинувига таъсир қилади. Донорликкача икки кун мобайнида спиртлик ичимликлар ичиш мутлақо тақиқланади.