“Донорнинг ўлими жуда камдан кам кузатилади” — шифокор Самарқанддаги муваффақиятсиз жигар трансплантацияси ҳақида
Ўзбекистонда ички аъзолар трансплантацияси йўлга қўйилаётгани – катта ютуқ, дейди Кувайтдаги ўзбек шифокори Жаҳонгир Жўраев. У Самарқанддаги муваффақиятсиз операция ҳақида гапираркан, жаҳон миқёсида жигар кўчирилган беморларнинг 2-16 фоизи вафот этиши, бироқ донорликка танланган одамнинг ўлими камдан кам ҳолатлардагина кузатилишини айтди.

Шу йил 9 август куни Самарқандда илк бор жигар кўчириб ўтказиш амалиёти ўтказилганди. Жигар циррозининг оғир шакли билан оғриётган 57 ёшли беморга 35 ёшли қизи донорлик қилган. Бироқ кўп ўтмай бемор ҳам, донор ҳам шифохонадан чиқмай вафот этган.
Биз Кувайтдаги Сабаҳ шифохонасида анестезиолог-реаниматолог сифатида фаолият кўрсатаётган ўзбекистонлик шифокор Жаҳонгир Жўраевга шу мавзудаги саволлар билан мурожаат қилдик.
— Жаҳонгир ака, рениматолог сифатида оғир касалликларга чалинган беморларга тез-тез дуч келсангиз керак. Шахсий тажрибангиз, кузатишларингиздан келиб чиқиб айтинг-чи, инсон органларини кўчириб ўтказиш амалиётларида беморнинг ҳам, донорнинг ҳам вафот этиши қанчалик тез-тез кузатилади?
— Сиз айтаётган ҳодиса бўйича интернет орқали танишиб чиқдик. Афсуски, бемор ҳам, донор ҳам вафот этибди. Бу масала бўйича гапиришдан олдин айрим мулоҳазаларимни айтиб ўтсам.
Биламизки, Ўзбекистонда шу пайтгача трансплантация амалиётларига рухсат этилмаган ва бу амалиётлар қўлланилмаган. Ҳозир давлатимиз томонидан рухсат берилди. Илк қадамлар қўйилиб, шу операцияларни бажаришни бошлашди. Тан олиш керак, бу – катта ютуқ. Бу жараёнларда хоҳлайсизми, хоҳламайсизми беморлардан баъзи бирлари нобуд бўлиши ҳолатлари ҳам учраши мумкин. Буни ҳеч ким инкор қила олмайди. Сабаби жаҳон кўрсаткичларида ҳам барча беморлар юз фоиз яшаб кетади деган қоида йўқ.
Ўзбекистонда нафақат жигар кўчириб ўтказиш, балки бошқа аъзолар трансплантацияси ҳам кенг йўлга қўйилмоқда. Буни таҳсинга сазовор деб биламан. Авваллари беморлар баъзи турдаги бўғим, юрак каби органларда ўтказиладиган жарроҳлик амалиётларини ҳам чет элда ўтказиб келишар эди. Эндиликда эса хусусий клиникалар ташкил этилиб, Ўзбекистоннинг ўзида бу операциялар амалга оширилмоқда. Буни катта ютуқ деб биламан.
Мазкур ҳодиса борасида шахсий фикримни билдира олмайман. Сабаби, жараёнда шахсан қатнашмаганман. Қўлимда ҳеч қандай тиббий маълумотномалар йўқ.
— Яъни беморнинг касаллик тарихидан хабардор эмассиз.
— Албатта, шунинг учун ҳам бу касалликларда кузатилиши мумкин бўлган эҳтимолий назарияларни айтиб ўтяпман. Буни нейтрал ҳолатдаги шифокор фикри деб қарашингизни сўраган бўлар эдим. Бу бошқа бир ҳамкасбларимга қарама-қарши фикр эмас.
Ҳар бир амалиётда кузатилиши мумкин бўлган асоратлар адабиётларда келтириб ўтилади. Агар шифокор томонидан беморда бирор бир муолажа ўтказилса ва бу қандайдир асорат кўрсатса, илмий жиҳатдан бу асоратлар кузатилиши белгиланган бўлса, уни тўғри қабул қилиш керак бўлади.

Самарқанддаги воқеада икки бемордаги ўлим ҳолатини, масалан, донор ҳолатидан олиб қарайдиган бўлсак, статистик маълумотларда операциядан сўнг 2-16 фоиз беморда ўлим кузатилиши мумкин.
Биламизки, жигар кўчириш операцияси бемор касалликнинг сўнгги босқичини бошдан кечираётган вақтида амалга оширилади. Бу жуда ҳам қийин жарроҳлик амалиёти ҳисобланади. Ҳатто 10 соатдан зиёд вақт давомида амалга оширилади ва техник томондан ҳам жуда мураккаб операциядир.
Тасаввур қилинг, жигардаги майда томир, ўт йўллари ва веналарнинг ҳар бирини бир-бирига боғлаб, тикиб чиқишади. Бу жуда қийин жараён. Бу операцияларнинг техник қийинчилиги ҳисобланади. Бундан ташқари, бошқа мураккаб жиҳатлар ҳам бор.
Аммо донорнинг ўлим ҳолати бўйича бирор бир маълумотга дуч келмадим. Нима учун? Бунга сабаб, бемор сифатида танлаб олинган донор соғлом бўлиши ва жарроҳлик амалиётидан сўнг беморда ҳеч қандай салбий асоратлар кузатилмаслиги керак.
Лекин тиббиётда ҳам ҳар доим қатъий қоида йўқ. Бу ерда инсоний омиллар, мутахассислар тажрибаси иштирок этади, дори-дармонлар эътиборга олинади. Жуда кўп омиллар сабабли донорни ҳам йўқотиб қўйиш мумкин.
Хорижий тажрибаларга кўра ўз фикримни айтаман, донорликка 99,9 фоиз ҳолатда ҳимояланган ҳолда кириб борилади. Бу ҳолатда нима учун ўлим содир бўлди деган саволга, тўғрисини айтса, жавоб тополмадим. Интернетда ўқиганим бўйича, артерия тромбози дея гумон қилинди, дейилган.
— Бу тахминни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси баёнотида ҳам ўқишимиз мумкин. Баёнотда келтириладики, трансплантациядан сўнг донорда буйрак етишмовчилиги, икки томонлама зотилжам асоратлари кузатилиб, стандарт бўйича интенсив даво чоралари қўлланилган. Мутахассисларнинг таъкидлашларича, донорда ўпка томирларининг тромбоэмболияси кузатилгани гумон қилинган, яъни бу ҳали факт эмас.
— Мен ҳам бу баёнотни ўқидим. Бу хулоса патологик, анатомик текширувдан кейин берилганми ёки ҳали бу текширувлар қилинмасдан аввал берилганми? Шу саволга эътибор қаратиш керак. Агар ўпка артериясининг тромбоэмболияси гумон қилинса, бу ҳали тасдиқланмаган. Патологик, анатомик текширувда буни жуда осонлик билан аниқлаш мумкин. Ўпка томирларини кесиб, очиб кўрилганда, ичидан тромб чиқади. Шу билан аниқ хулоса бериш мумкин бўлади.
Ёки зотилжам ташхисини олайлик. Бу операциядан олдин ўпка пневмонияси бўлиб туриб, операция қилинди дегани эмас. Бу бемор операциядан сўнг 7 кун яшаган. 7 кун давомида бемор сунъий нафас олиш аппаратига уланган бўлиши керак эди. Кейинчалик бемор нобуд бўлгандан сўнг, патологик, анатомик текширувда пневмония белгиси аниқланиши мумкин. Бу беморнинг ўлимига тўғридан тўғри таъсир қилади дегани эмас.

Аммо ўпка тромбоэмболиясини ҳақиқатда жиддий асорат деб биламан. Ўпка томирига тромб тиқилиши бу исталган операциядан кейин кузатилиши мумкин бўлган асоратдир. Бу шундай оғир асоратки, беморни қисқа фурсатда ўлимга етаклаши мумкин. Шунинг учун жарроҳлик амалиётидан сўнг беморларда бу каби ҳолатлар кузатилмаслиги учун махсус муолажа ва дори-дармонлар бор. Шу дори-дармонлардан дунё стандартларига мос равишда фойдаланилса, кузатилиши мумкин бўлган асорат жуда камаяди.
Аммо бу аниқ ташхис сифатида эмас, балки гумон деб айтилаётгани менда қатор саволларни туғдирди. Бу патологик, анатомик текширувдан кейинги хулосами ёки ундан олдин тахмин қилинган хулосами? Одатда оммавий ахборот воситаларига ана шу текширув ўтказилгандан сўнг аниқ маълумот берилади.
— Нима деб ўйлайсиз, балки беморларнинг яқинлари уларнинг жасадларини ёриб кўришга рухсат беришмагандир. Ўзбекчиликда бундай воқеалар кўп учрайди. Кўпчилик хоҳламайди. Балки уларнинг гумон қилишига, патологик, анатомик текширувлар ўтказилмагани сабабдир. Ёки бемор ўлими билан тугаган вазиятларда бу текширув мажбурий ўтказиладими?
— Биласизми, сиз айтаётган эҳтимоллар ҳам бўлиши мумкин. Лекин буни давлат қонунлари билан амалга ошириш керак бўлади. Юридик жиҳатдан аниқ айта олмайман, аммо Ўзбекистондаги фаолиятимдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, мисол учун ёш бемор вафот этса, ўлим сабабини билиш учун албатта бу текширувлар ўтказиларди.
Ҳатто тез тиббий ёрдамни уйга чақирилганда ва улар боргунга қадар бемор вафот этган бўлса, бемор ёш бўлса ва унинг нима сабабдан ўлгани аниқ бўлмаса, жиноят натижаси бўлиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда ҳамда тиббиёт ходимининг буни аниқлаш имконияти йўқлиги учун ички ишлар органларига хабар берилар эди. Керак бўлса, суд-тиббий экспертизаси ҳам тайинланар эди.
Агар шифохоналарда ёш бемор вафот этса ҳам, бу текширувлар ўтказилар эди. Бу эса бизга бемор нима сабабдан вафот этгани ёки қаерда хато ва камчиликларга йўл қўйганимизни аниқлаб берар эди.

Ҳозирда Кувайт араб давлатида ишлаяпман. Бу ердаги мутахассислар жуда кучли. Бу мамлакатда патологик, анатомик текширувлар йўқ, сабаби улар исломий давлат ҳисобланади ва касаллик сабаб вафот этган беморда бу текширув ўтказилмайди. Қачонки, ўлимга жиноят оқибати деб қаралса, уни суд тиббий экспертизаси аниқлаб беради.
Бу ерда шифокор томонидан эътибордан четга чиқиб қолган ҳолатлар қандай аниқланади деган савол туғилиши мумкин. Кузатувларим шуни кўрсатдики, ҳар битта кузатилаётган асоратни бу текширувсиз ҳам аниқлаш имкониятлари бор. Мисол учун, биз кўриб чиққан ўпка артерияси тромбоэмболиясини олайлик. Қон таҳлиллари ёрдамида ҳам шу асорат борлигини тахмин қилиш мумкин.
Яна бир текширув усули борки, агар беморнинг ҳолати буни кўтарса, ўпкани компютер томография аппаратига жойлаб томиридан контраст юборамиз. Бу орқали ўпка томирларида тромб бор-йўқлиги, бўлса қаердалигини аниқлаш мумкин. Бу текширув усуллари патологик, анатомик текширувга қадар ҳам беморни ташхислаш имконини беради. Шунга қараб эрта даволаш ва эрта ёрдам кўрсатиш имкониятига эга бўламиз.
— Бемор ва донорнинг ўлими шифокорларнинг хатоси туфайли рўй бергани эҳтимоли қанчалик юқори?
— Бу саволга аниқ жавоб беришим қийин. Агар ҳеч бўлмаганда шу воқеадан кейин текширувда бориб қатнашганимда ёки тиббий текширув қоғозлари билан танишганимда, қўлимда етарли маълумотлар бўлганида шуларга асосланиб хулоса берсам тўғрироқ бўлади, деб биламан.
Лекин юқорида айтганимдай донорликка танланган одам соғлом бўлади ва унда ўлим кузатилибдими, демак, қаердадир нимадир назоратдан чиқиб кетган бўлиши керак деган фикрдаман.
— Агар беморларнинг касаллик тарихлари, операциягача ва ундан кейин қўлланилган муолажаларга оид маълумотлар тақдим этилса, ўлимга нима сабаб бўлганини аниқлашнинг имкони борми?
— Бу – жуда қизиқ савол. Бу ҳақда ўзим кўпдан буён ўйлаб юрардим. Ўзбекистондаги муаммоларни билганим учун, айни пайтда хорижда ишлаб бошқа давлатларнинг тажрибаси билан солиштириш имкониятига эга бўлганим учун ўзимга ўзим савол берардим: нима учун беморда ўлим ҳолати кузатилса, фақатгина беморнинг касалхонадаги паталого-анотомик текширувлар натижасига қараб туриб якуний хулоса берилади?
Чунки бу ерда ҳам таниш-билиш, ҳамма нарсани битта қўнғироқ билан ҳал қилиш имкониятлари жуда юқори, шуни ҳисобга олиб нейтрал, давлатга қарашли бўлмаган компания бўлса-да, уларнинг мутахассисларига мустақил текширув ўтказса бўлмайдими? Нима учун бу нарса мумкин эмас бизда, деб кўп ўйлардим. Агар шу масала кўтарилса, Ўзбекистондаги шифокорларнинг хатоларини ҳеч ким инкор қилолмайди, бу нарса бор, буни инкор қилиш имконсиз.
Лекин бунга шифокорлар айбдор эмас. Ҳеч қачон шифокорларни жазолаш тарафдори бўлмайман. Бунга тиббиёт тизимимизнинг замонавий тенденциялардан жуда орқада қолиб кетгани, тиббиёт ходимлари малакасини етарлича ошира олмаслиги, тиббиёт институтларида ўқитиш даражасининг пастлиги, Россия тиббиёти ортидан қувиб кетиш каби жуда кўп омиллар сабаб бўлмоқда.
Тўлиқ суҳбатни Kun.uz’нинг YouTube каналида кўришингиз мумкин.
Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.
Тавсия этамиз
Ўзбекистонда кейинги ҳафта жазирама иссиқ бўлади
Ўзбекистон | 15:46 / 13.06.2025
Ғарб Исроил Эронга зарба беришидан хавотирда. Бу ҳақда нималар маълум ва оқибатлар қандай бўлиши мумкин?
Жаҳон | 21:01 / 12.06.2025
Қизалоққа қарши армия: Грета Тунберг Ғазога етиб боролмади
Жаҳон | 17:45 / 11.06.2025
Сўм 2 ҳафтада 2 фоизга мустаҳкамланди. Қандай қилиб?
Иқтисодиёт | 18:57 / 10.06.2025
Сўнгги янгиликлар
-
“Ёшлар ойлиги” доирасидаги навбатдаги байрам Қорақалпоғистонда ўтказилди
Ўзбекистон | 18:00
-
Эрон Исроилга ёрдам бераётган давлатларга зарбалар билан таҳдид қилди
Жаҳон | 17:16
-
“2000-йиллар бошидаги даража” – пластик карта эгалари карталарни ёптиришда бюрократияга дуч келяпти
Иқтисодиёт | 17:14
-
БМТ дунёда туғилишнинг камайиши сабабларини аниқлади
Жаҳон | 17:10
Мавзуга оид

16:25 / 20.03.2025
Миллий тиббиёт марказида комадаги беморга жигар кўчириб ўтказилди

11:30 / 24.02.2025
Миллий тиббиёт марказида бир вақтда 3 та жигар трансплантацияси ўтказилди

18:38 / 19.12.2024
Миллий тиббиёт марказида ноёб лапароскопик WHIPPLE амалиёти муваффақиятли ўтказилди

15:56 / 08.10.2024