«Чемпион ҳикоялари». Александр-Арнольд 14 йилда қайтган автобус, ўша машҳур бурчак тўпи ва «Реал»дан ўрганганлари ҳақида
Ниҳоят Англияда навбатдаги чемпионат бошланди. Ғолибликка асосий даъвогар сифатида «Ливерпуль» тилга олинаётгани шубҳасиз. Европанинг амалдаги чемпиони таркибида ўтган мавсум, айниқса, ёш ҳимоячи Трент Александр-Арнольд порлади. У чемпионатда энг кўп голли узатмани амалга оширган ҳимоячига айланган бўлса, «Барселона»га қарши муҳим ўйинда асосий қаҳрамонлардан бири бўлди. Жума оқшомида бошланган янги мавсумнинг илк ўйинида эса, жамоаси ғалабасига ҳисса қўшиб, яна бир бор ўз ҳисобига ассист ёзиб қўйди. Эътиборингизга ушбу иқтидорли футболчининг ҳикоясини ҳавола қиламиз.
Менинг иккинчи автобусим ўн тўрт йил ўтиб келди. Ўзим туғилиб ўсган Ливерпуль кўчаларида Чемпионлар Лигаси ғолибларига бериладиган медални кўксимга таққанча, жуда бахтли эдим.
Мен она шаҳримни бу ҳолатда биринчи марта кўриб турганим йўқ. Ўша 2005 йилларда, уйимизнинг томига чиқиб олиб, автобус кутганим, унинг келиши худди абадиятдек чўзилгани, кейин кимдир: «Ана, келишяпти» деб қичқирганда, этларим жимирлаб кетгани ҳам эсимда. Ана – Стивен Жерард ва унинг шериклари совринни кўтарганча, ўтиб кетишяпти.
Ўшанда олти ёшда эдим, лекин нималар бўлаётганини англайдиган, келажакда ким бўлишимга қарор берадиган даражада катта бола эдим, деб ўйлайман. Албатта, бу оддий ҳол, чунки мактабимиздаги аксарият болакайлар ҳам худди шуни орзу қилишарди.
Бу мен учун яхши маънодаги касаллик бўлган. Айнан қайси босқич экани, тиббиёт тилида нима деб аталишини билмайман, аммо бу истак менинг томирларимда қон бўлиб оқа бошлаганди. Мен доим ўз истакларимга жиддий қараганман ва мени ўзига тортувчи куч ҳам у қадар узоқ эмасди. Ота-онам, Тайлер ва Марсел исмли акаларим билан «Ливерпуль»нинг машғулотлар базасидан атиги икки уч уй нарида яшардик. Акаларим билан чиқишмай қолган пайтларимиз кўп бўларди, аммо учаламизнинг ҳам бир нарса бирлаштириб турарди – «Ливерпуль» футбол клуби.
Мен улар билан деярли ҳар куни ахлат ташланадиган қутининг олдида турар, тўсиқлар оша, қаҳрамонларимизнинг машғулотларини томоша қилишга уринардик. Кейин эса, албатта, ўзимиз ливерпулчиларга айланар, ўйинларни бошлаб юборардик. Онам кўчага чиқишимизга фақат бир шарт билан рози бўларди – биз унинг кўз ўнгида бўлишимиз керак. Шунинг учун уйимиз ёнидаги боғча ёки йўлнинг нариги тарафидаги кичик майдонча бизнинг «Энфилд»имиз эди. Фақат футбол, футбол, футбол. «Ливерпуль», «Ливерпуль», «Ливерпуль».
Болалигимда машина деразасидан Энфилдга қараганимни ва ичкариси қанақа экан, деб қизиққаним эсимда. Кейин эса, 2005 йилнинг апрелида онам Тайлер иккаламизга Чемпионлар Лигаси чорак финалига билет совға қилди. Биринчи ўйин. Буффон, Каннаваро, Недвед, Ибра – даҳшат.
Футболчилар тўп билан майдон марказига чиқиб келишди, Чемпионлар Лигаси мадҳияси янгради. Одатда, уйда бу пайтда Тайлер ва менинг жағимиз тинмасди, аммо бу сафар жим бўлиб қолдик. Кейин «You will never walk alone» қўшиғи бошланди. Мен ошиқ бўлиб қолдим. Ҳаётимда нимага эришишим лозимлигини билиб бўлгандим. Ўша куни уйқу ҳам келмади.
Бир неча ой ўтиб, «Ливерпуль» Европа чемпионига айланди. Ўйинни оиламиз билан томоша қилдик. Мен атиги олти ёш бўлсам-да, бунинг қандай аҳамиятли эканини ҳис қилиб турардим. Шунчаки, кўчада айланиб юриб ҳам, одамларнинг очиқ чеҳраларига қараб, ўша Истанбул кечаси қанчалик таъсир қилганини пайқаш мумкин эди. Шаҳарда катта байрам кутилаётганди –хайриятки, онамизнинг шарти ҳам бузилмайди, автобус шундоққина ойнамиз тагидан ўтар экан.
Биз қизил либосларни кийиб олганча, балконга чиқиб олганмиз. Ана, улар келди, мен ҳатто қўлимни узатиб, кубокка тегиниб кўришим ҳам мумкин эди. Биласизми, бундай кундан кейин футболчи бўлишни орзу қилмаслик қийин.
Сал улғайиб, «Ливерпуль» академиясига ўтганимда, акаларим мен учун ўз орзуларини қурбон қилишди. Менимча, ичимизда профессионал футболчи учун менда имконият каттароқ эканини ҳамма билганди. Ота-онам ҳам. Аммо болаларда буни қабул қилиш осон эмас. Дам олиш кунлари онам акаларимни ўйинга олиб боролмасди, чунки маълум бир вақтда мен академияда бўлишим шарт эди. Акаларим тўғри тушунишди ва мен бугунги куним учун аввало, улардан жуда миннатдорман.
Ҳар бир қадамимни бир ўзим эмас, биргаликда босдик. Ҳар бир соврин ўзимники эмас, ҳаммамизники. Мен тўплаган тажриба, мен кўрган кунлар – учаламизники. Мен туғилиб ўсган жойда қоида шу.
Бир неча йил ўтиб, мен асосий жамоада ҳам ўйнай бошладим. Унчалик машҳур эмасдим, баъзида шаҳарда таниб қолишарди, шу холос. Ва бир пайт, дам олиш куни эди, марказга яқин жойда айланиб юриб, бир болакайни кўриб қолдим. Ўн ёшлар чамаси, эгнида «Ливерпуль» либоси бор. У қадар эътибор ҳам бермаётгандим бошида, кейин эса, у ўгирилди.
«№66. Александр-Арнольд» ёзилганди орқасига. Ҳа, мен бу пайтда аллақачон «Энфилд»да ўйнаётгандим. Ўн икки ёшдан бери «Ливерпуль»даман. Ўз вақтида Стивен Жеррард билан учрашиш насиб этган. Умуман, жуда кўп орзуларимга эришиб бўлганман. Аммо ўша болакайни кўрган пайтдаги ҳисларимни сўз билан ифодалаб бера олмайман.
Биламан, одамлар бирор болакайни кўрсатиб, «ёшлигимда худди шунақа бола эдим» дейишни яхши кўришади. Лекин мен ростдан ҳам, худди шу бола эдим. Ҳозир ҳам ўша боламан, аслида.
Ҳозир ҳам, шу рақамли либосни кийиб олган болаларни кўрсам, умуман, «Ливерпуль» либосини кийиб олган ҳар қандай мухлисни кўрсам, уларнинг олдида бурчим борлигини ҳис қиламан. Чунки мен ҳам улардан бириман. Биз бир оиламиз.
Юрген Клопп ҳам доим шуни гапиради. Уни четдан кузатганлар у ҳақида ҳаммасини биламиз деб ўйлашади. Лекин улар ҳаммасини кўришмайди. Биз намойиш қилаётган юқори темп, рақибларга нисбатан шафқатсизлик, буларнинг ҳаммаси – Клопп ва унинг штаби машғулотларимизга олиб кираётган жуда муҳим жиҳатлардир. Унинг келганига кўп бўлмади, лекин унинг йўлидан бошқа йўл борлигини билмайман. Менимча, Клоппнинг бошқалардан фарқи ҳам шундаки, у доим мухлислар учун ўйнашимиз кераклигини сингдиришга ҳаракат қилади, буни назорат қилади. Бу бизнинг услубимиз, бизнинг ўзига хослигимиз.
Шунинг учун ҳам, Камп Ноуда 3:0 ҳисобида ютқазиб ҳам, у қадар хавотир олмайсан. Албатта, ҳазил, жуда оғир бўлган, лекин айтмоқчиманки, ўша оқшомда ҳаммамиз ғалабага ишонгандик. Жинни (Вейналдум) чиқиб, икки гол урганидан кейин, бугун уларни енгишимизга ишониб бўлгандим. Стадион муҳити, нафас бўлиб кираётган ҳаво ҳам буни англатиб турар, фақат бу қачон ва қандай амалга ошиши савол бўлиб қолганди холос.
Одамлар мендан ўша бурчак тўпи ҳақида кўп сўрашди. Ўйлашимча, улар қандайдир ажойиб ҳикоя эшитишни исташади. Лекин аслида, ўша вазият машғулотларда синалган усул эмас; шунчаки, менталитетимизнинг меваси эди холос. Бу ерда ягона сир шундаки, Дивок ўша вазият учун идеал номзод эди – айни ўша паллада совуққонликни сақлаб қолиш ва гол уриш фақат унинг қўлидан келади.
Ўйин тугагач, биз фанатларнинг олдига бордик, биргаликда ўша машҳур қўшиқни куйладик. Футбол фаолиятимдаги энг ёрқин дақиқаларни бошдан кечирдим – ахир айнан шу қўшиқ олти ёшимда менинг тақдиримни ўзгартириб юборган ва мен мана шу манзилда, «Энфилд» чимининг устида ўша қўшиқни айтаётгандим. Ўша куни ҳам кўзга уйқу келмади.
Албатта, ҳар қандай ажойиб кеча бўлмасин, якуний вазифа ҳали бажарилмаганди. Ўтган йили ҳам биз финалгача етиб келган ва мағлубият аламини тотгандик. Ўша кун биз учун катта тажриба бўлган, «Реал» бизга финалларни қандай ютиш лозим эканини намойиш қилиб берганди. Мадридликлар майдонда нима қилаётганликларини жуда яхши билиб турардилар. Айниқса, учинчи голдан кейин, биз улардан ҳатто тўпни ҳам олиб қўя олмадик. Жуда оғир бўлган. Ўшанда «Реал» бизни қайси кўйга туширган бўлса, биз бу мавсум давомида рақибларимизни худди шу аҳволга солдик. Бир икки гол ургандан кейин, рақибни бутунлай қуролсизлантира бошладик. Биз буни «Реал»дан ўргандик.
Шунинг учун «Тоттенҳэм»га қарши финалда ҳам биз ўзимизни жуда ишончли ҳис қилдик. Шахсан ўзим ўйиндан нима кутишни, нималар қилиш кераклигини билиб турардим. Айниқса, Дивок иккинчи голни ургач, нишонлаш учун майдон бурчагига югурганим ва у ердан туриб фанатларимизнинг юзларига назар ташлаганим – бу ғалаба улар учун жуда аҳамиятли эди. Рим. Лондон. Париж, Яна Рим. Истанбул. Энди Мадрид.
Бу шаҳарларни бутун умр эсдан чиқармаймиз. Кейин оила аъзоларим ҳам майдонга тушишди. Тил ожиз. Фақат қучоқлашишлар ва кўз ёшлари. Қачонки, кубокни бошимиз узра кўтарганимизда, яна ерга қайтдим – биз уни ютдик!
Йўлнинг нариги бетидаги майдончадан Чемпионлар Лигасигача – биз ютдик.
Йигирма тўрт соатга яқин тепаси очиқ автобусда Ливерпулни айландик. Энг ёмони, жин урсин, биз бу сафар ўша болалигим ўтган кўчадан ўтмадик. Ишонасизми?
Лекин ўша шаҳар, ўша яқин атрофларда эдик. Уйимизга яқин кўчалардан ўтаётганимизда, биласизми, нимани ўйладим? 2005 йилда балконда турган мен ва акаларимни... Шу йилнинг июнида эса, мен худди шундай балконлардан юзлаб ёш Трент Александр-Арнолдларни кўрдим.
Минглаб шундай болакайларни кўрдим. Иложи бўлганида, уларнинг ҳар бирининг кўзига қараб, қўйидаги икки маслаҳатни берган бўлардим:
Биринчиси, орзуларингизга ишонинг ва қўлингиздан келганини қилинг. Албатта ижобат бўлади. Бошқа маслаҳатларга қулоқ солманг.
Иккинчиси, кимсиз, бу ерга қаердан келдингиз, йўлингизда сизга кимлар ёрдамчи бўлди, ҳеч қачон унутманг.
Уларсиз буларнинг ҳаммаси имконсиз...
Трент Александр-Арнольд.
ThePlayersTribune
Мавзуга оид
12:21 / 16.03.2023
«Ливерпул» яна бир шармандаликдан қутулиб қолди, аммо кейинги босқичга «Реал» ўтди. ЕЧЛда кун ўйинлари
19:42 / 07.11.2022
«Ливерпуль» клуби сотувга қўйилди
14:35 / 23.08.2022
«Қароргоҳимизда жодугар бор». «Ливерпуль» инқирозининг 3 та сабаби
23:13 / 30.07.2022