Чемпионат стартидаги муваффақиятсизлик тасодиф эмас. Бу ўтган мавсумдан бери давом этмоқда

Ўтган мавсумда «Ливерпуль» май ойининг сўнгги ҳафталаригача барча тўртта совринга даъвогарлик қилди. Англия чемпионатида «қизиллар» 38-тургача интригани сақлаб туришди, Чемпионлар Лигасида эса «Реал» билан финалгача етиб боришди, аммо якунда совринлар жавонига фақат Англия Кубоги ва Лига Кубогини қўшиб қўйишди.

Аммо янги мавсумдан олдин фанатлар орасида барибир қандайдир ҳадик бор эди. Клуб ҳужумдаги кўп йиллик етакчиси Садио Манени «Бавария»га сотди, аммо қишда унинг ўрнига колумбиялик Луис Диасни «Порту»дан 47 миллион евро эвазига олди. Ёзда эса Эрлинг Ҳоланднинг «Сити»га ўтишига Дарвин Нуньеснинг рекорд даражадаги трансфери билан жавоб қайтарди. «Бенфика» бонуслар билан бирга ҳужумчи учун 100 миллион еврогача олиши мумкин.

Суперкубок учун баҳс Англия чемпионати бошланишидан олдинги назорат машқи бўлди. «Ливерпуль» Лестердаги ўйинда «Манчестер Сити»ни 3:1 ҳисобида енгди. Шундан сўнг «қизиллар» биринчи турданоқ лигани «ёриб ташлашга» тайёрдек туюлди. Аммо дастлабки 3 та турдан сўнг Клопп ва шогирдлари мавсумолди йиғини ўрнига бир ой қуёшда тоблангандек кўринмоқда.

Фото: Getty Images 

Премьер-Лиганинг янги аъзоси «Фулҳэм»га қарши мавсумнинг илк ўйинида мерсисайдликлар серб Александр Митровичнинг кучига дош бера олмадилар ва Лондондан зўрға очко олиб кетишди. «Энфилд»даги янги мавсум «Кристал Пэлас»га қарши ўйин билан бошланди, аммо «қизиллар» ўз майдонида ҳам фақат бир очко олди. Ушбу баҳс натижа билан эмас, балки Клопп давридаги тажовузкор хатти-ҳаракати учун биринчи четлатиш билан эсда қолди – уругвайлик Нуньес асабини жиловлай олмади ва уч ўйинлик дисквалификацияни «қўлга киритди».

3-турда «Ливерпуль» ўз муаммолари гирдобида қолган «Манчестер Юнайтед» билан сафарда ўйнади ва 1:2 ҳисобида ютқазди.

Сўнгги йилларда Англия чемпионати олтини учун курашда «Манчестер Сити»нинг ягона ҳақиқий рақиби бўлиб келган жамоадан бундай кучсиз стартни ҳеч ким кутмаганди. Мерсисайдликларнинг суст ўйинлари учун учта аниқ сабаб бор – келинг, мавсумнинг узоқ муддатли истиқболида воқеалар қанчалик ёмон эканини тушуниш учун уларнинг ҳар бирини кўриб чиқайлик.

Жароҳатлар гирдоби

«Мен ҳеч қачон бундай ҳафтага дуч келмаганман. Ростини айтсам, қароргоҳимизда худди жодугар бордек туюлмоқда. Ҳар куни кимдир ақлбовар қилмас сабаб билан жароҳат оляпти», деган эди Клопп матбуот анжуманларидан бирида.