Light | 21:33 / 13.08.2019
53075
2 дақиқада ўқилади

Олимлар саратон ривожланиши эҳтимолини камайтирувчи парҳезни маълум қилишди

Фото : Depositphotos / fotek

Кетопарҳез ва таркибида оз миқдорда углеводлар бўлган таомлар ортиқча вазндан қутулишга ва саратоннинг кўплаб турлари ривожланиши эҳтимолини камайтиришга ёрдам беради. Бу ҳақда олимлар Cell Reports журналида маълум қилишди.

"Энди биз саратон ҳужайраларини нафақат ўлдирамиз, балки танадаги глюкоза миқдорини камайтириб уларнинг ўсишини ҳам секинлаштира оламиз. Бу кашфиёт ўсмаларга қарши курашишга қарашимизни ўзгартиришга мажбур қилишига ишонаман", — деб маълум қилди Техас университети олими Жей Ким.

Кетопарҳез фитнес ва спорт ишқибозлари орасида кенг оммалашмоқда. Унинг бошқа парҳезлардан фарқи шундаки, ундаги калорияларнинг асосий қисмини углеводлар эмас, ёғ ва оқсиллар ташкил этади. Бундай алмашиш мия ва тананинг бошқа аъзоларини асосий қувват манбаи сифатида глюкозадан эмас, ёғ кислоталари ва кетонлардан фойдаланишга мажбур қилади.

Бу мушаклар ва мия ҳужайраларини "қувват тежаш"нинг алоҳида режимига ўтказади, натижада мушаклар янада чидамли бўлади, мия эса секинроқ қарийди. Шу боис бугунги кунда кетонли парҳез велосипедчилар, марафончилар ва чидамлилик муҳим ҳисобланувчи бошқа спорт турлари вакиллари орасида оммалашган.

Ўсма ҳужайраларининг кўплаб турлари ўсиш сигнали ва асосий озуқа манбаи сифатида глюкозадан фойдаланади. Ким ва унинг ҳамкасблари кетопарҳез танадаги қандни камайтириб, ўсмалар ўсишини секинлаштиришини текшириб кўришди.

Олимлар кемирувчилар танасига саратон вирусини киритишди ҳамда ўсмалар пайдо бўлганидан сўнг кетопарҳез ва глюкоза молекулаларини йўқотувчи препаратлар ёрдамида уларнинг ўсишини секинлаштиришга уринишди.

"Кетопарҳез ҳам, қондаги қанд миқдорининг камайтирилиши ҳам сичқон териси ва ўпкасидаги саратон ҳужайралари ўсишини тўхтатди. Бу ўсмани йўқотмади, аммо унинг ўсишига халақит берди. Бу эса саратоннинг аксарият турлари глюкоза очлигига чидамсиз эканлигини кўрсатади", — деб ёзди Ким.

Мавзуга оид