Тарихий объектлар яқинида Fast food ошхоналари бўлмайди – Азиз Абдуҳакимов
Мамлакатимиздаги ЮНЕСКО рўйхатига киритилган тарихий объектларни асраш ва бошқа муҳим тарихий жойлар ҳимоясини кучайтириш мақсадида бу каби ҳудудлар 500 метр радиусда ажратилади ва fast food ресторанларидан холи зонага айлантирилади.
Бу ҳақида «Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор муҳокамасида маълумот берилди.
«Бу жуда тўғри қарор, деб ўйлайман. Чунки миллий таомларимизнинг мавжуд бўлиши тарихий манзилларга кўпроқ мос тушади» - дейди бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов.
Шунингдек, қарор муҳокамасида сайёҳлик ҳудудларидаги турли тартибсизликларнинг олдини олиш учун фаолият юритаётган туристик полициянинг фаолияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.
Тарихий объектларда ҳар хил нотўғри қурилишларнинг олдини олиш учун ҳам алоҳида комиссиялар фаолият юритиши, бироқ бу борада жамоатчилик назорати муҳим экани ҳам алоҳида таъкидланди.